Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
ТАДБИРКОР ЁШЛАРГА ТАКЛИФ ЭТАМИЗ!
Эълонлар / 2021-08-24

 

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5088-сонли қарори асосида Жарқўрғон туманида ҳам “Қўштепа” маҳалласи ҳудудидан 6,0 га. ер майдони ажратилиб, ёшлар саноат зонасини ташкил этиш бўйича бош режа ишлаб чиқилди.

   Ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари, стартап-лойиҳалари ва амалий тадқиқотлари натижаларини рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш, ёш тадбиркорлик субъектларининг саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилаётган ушбу ёшлар саноат зонасида ҳар бир лойиҳа учун 0.1 га.дан ер ажратиш режалаштирилган.

   Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали ушбу саноат зоналарида фаолият олиб борадиган ёш тадбиркорлар қўллаб-қувватланиши белгиланган. Жамғарма маблағларини эса Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан ажратиладиган 100 миллион АҚШ доллари; халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва хусусий молия компанияларининг қарзлари; Жамғарманинг бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ташкил этади.

  Мазкур саноат зоналридаги ташқи бозорларда талаб юқори бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасидаги лойиҳалар, мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик, замонавий қурилиш материаллари, ҳунармандчилик ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларидаги лойиҳалар, маҳаллий хом ашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш режалаштирилган.

    Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига ёш тадбиркорлик субъектлари учун бино қуришга бериладиган молиявий ресурслар миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкаси миқдорида белгиланган ҳолда тақдим қилинади;

   тижорат банклари томонидан ёш тадбиркорлик субъектларига биноларни лизинг асосида бериш миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкасини қўллаган ҳолда амалга оширилади.

Бунда, ёш тадбиркорлик субъекти бошланғич тўлов сифатида лизингга бериладиган бино қийматининг 10 фоизини ташкил қилувчи қисмини тўлайди.

   2023 йил 31 декабрга қадар Ёшлар саноат зоналари ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг таъминоти билан боғлиқ қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилади:

а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар беради;

б) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан зиёд бўлган суғурта ташкилотлари тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитларнинг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда, йиллик 2 фоиз ставкасида суғурта полисини тақдим этади.

   Ушбу тартиб солиқлар ҳамда олдинги тузилган кредит шартномалари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлиги мавжуд бўлган ёш тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилмайди.

    Ёшлар саноат зонасидан ер олиш истагида бўлган ёшлар  туман ҳокимлигининг Инвестиция ва ташқи савдо бўлимига мурожаат қилишларингиз сўралади.

Манзил: Жарқўрғон тумани, Ўзбекистон кўчаси, 13-уй.

Мурожаат учун телефон: (+998) 93 638 33 66.

Жарқўрғон туман ҳокимлиги Инвестиция ва ташқи савдо бўлими.

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?