Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
Жарқўрғон туман ҳокими Ўрақов Баходир Абдуқаюм ўғлининг “21 октябрь - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ўзбек тили байрами” куни муносабати билан ТАБРИГИ

   Ассалому алайкум, ҳурматли тумандошлар!

   Жорий йилнинг 21 октябрь куни Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлди. Шу муносабат билан юртимизнинг барча гўшаларида “Тил байрами” кенг нишонланмоқда.

   Тил инсоннинг бирламчи эҳтиёжи, англаш, билиш, сўзлаш, алоқа-муносабат воситаси, мансуб-хослик омили бўлгани боис ҳамиша жамият равнақининг асосий мезонларидан бўлиб келган. Жумладан, ўзбек тили ўзбек миллатининг узоқ тарихий илдизларига, ўз сиёсий-ҳуқуқий асосларига эга муқаддас қадрияти, улкан маънавий ютуғидир. Бугунги тараққиётига қадар шонли ва шарафли йўлларни босиб, кескин ва шиддатли тўфонларни енгиб келаётган миллий тилимиз давлат мақомида янада улуғвор ва устуворлигини намоён қилмоқда.

   Бугунги кунда ер юзида ўзбек тилида сўзлашадиганлар 50 миллиондан ортиқ эканлиги, 65 та хорижий олий таълим муассасаларида тилимиз ўрганилиши биз учун фахр ва ифтихор туйғуларини шакллантиради.

   Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз», — деган сўзлари барчамиз учун дастуруламал бўлмоғи лозим.

   Айни вақтда мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти ва урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилиб, турли ҳудудларда 140 га яқин миллий маданият марказлари ташкил этилган. Шунингдек, кўплаб таълим-тарбия масканлари, оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият кўрсатаётганлиги, хорижий тилларга ихтисослашган ҳамда таълим чет тилларда олиб бориладиган таълим муассасалари сони ошиб бораётганлиги ҳам сиз –у, бизни янада қувонтиради.

   «Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаётган, Ўзбекистонимизни ягона ва аҳил оила деб биладиган турли миллат ва элатлар вакиллари ҳам ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш ва истак билдираётганлари, айниқса, эътиборлидир».

   Бундан ташқари, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилнинг 10 апрель куни “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” қонунни имзолагани, унга кўра, 21 октабр Ўзбек тили байрами куни этиб белгилангани, Ўзбек тилини янада ривожлантиришга оид фармонни имзолагани ва бу билан 2020−2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш, тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқлангани ҳам тилимизга берилаётган эътиборнинг ёрқин намоёнидир.

   Ҳурматли тумандошлар!

   Сизларни бугунги Ўзбек тили байрами муносабати билан чин дилдан табриклайман.

   Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва омад ёр бўлсин!

   Ўзбек тилимиз абадий бўлсин!

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?