Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
Жарқўрғон тумани

Жарқўрғон тумани ўтмишда

 

Ўзбекистоннинг жанубий ўлкаси ҳисобланмиш Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани асрлар давомида Ватанимизнинг ўтмиш тарихи ва маданиятида муҳим ўрин эгаллаб келган.

Жарқўрғон тумани Ватанимиз тарихида суғорма деҳқончилик ва илк шаҳарчалар шаклланган жойлардан биридир.

Суғорма деҳқончиликнинг такомиллашуви, шаҳарсозлик ривожи билан боғлик ижтимоий тараққиёти Жарқўрғон тумани заминида ҳам илк давлатчилик илдизларининг пайдо бўлишига олиб келган.

Милоддан аввалги 1-минг йиллик ўрталарида Жарқўрғон тумани ҳудудида ҳамда Тожикистоннинг жанубий қисми ва шимолий Афғонистон ҳудудларини ўз тасарруфига олган Бақтрия подшолиги давлати ҳукм сурган. Туманнинг қадимги тарихидаги энг ёрқин саҳифалари милоднинг I-IV асрлари оралиғида ҳукмронлик қилган Кушон подшолиги билан боғлик.

Ўз даврида куҳна дунёнинг йирик давлатларидан бири бўлмиш Кушон подшолиги даврида шимолий Бақтрияда (хозирги Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани) кўплаб янгидан-янги шаҳарчалар, қалъалар, карвонсаройлар, ибодатхоналар ва миноралар қурилишига асос солинган.

Бу даврда халкаро савдо янада ривож топиб, бобокалонларимиз Ҳиндистон, Чин-Мочин ва Рум каби давлатлар шаҳарлари билан савдо алоқаларини юритганлар.

Савдо туфайли вилоятнинг, шу жумладан Жарқўрғон туманининг хорижий мамлакатлар билан маданий якинлашув жараёни юз берган. Бу каби маданий алоқалар Ҳиндистон билан муттасил давом этиб, ўлкада дунёвий динлардан бири бўлмиш буддавийлик динининг тарқалишига олиб келган.

Кушон подшолиги ўлка халклари бадиий санъатининг юксакликка эришган давридир. Илк ўрта асрларда Эрон сомонийлари қўшинларининг тинимсиз талон-тарожлик юришлари ва ўзаро низоларига қарамасдан ўлкада, шу жумладан туманда ҳаёт давом этган.

IX-аср охирида туман ҳудудида дастлаб сомонийлар, ундан сунг Қорахоний, Ғазнавийлар, Салжуқийлар ва 1208 йилдан бошлаб Хоразмшоҳлар қўл остида бўлиб келди.

Тарихий манбаъларда таъкидланишича IX-XII-асрлар мобайнида Сурхондарё вилояти ҳудудида Термизий тахаллуси билан унлаб олим, шоир ва дин пешволари фаолият кўрсатганлар.

IX-асрнинг таниқли қомусий олими Абу Абдулло Муҳаммад Ибн Ҳусайн Ал-Ҳаким ат-Термизий ислом дунёсида олтита тан олинган хадисшунос-мухаддислардан бири имом Исо ат-Термизий, лирик шоирлар адиб Собир Термизий, Мунжик Термизий ва бошқалар шулар жумласидандир. Бу асрларда ўлкада унлаб йирик меъморчилик иншоатлари ҳам барпо бўлган. Шулар қаторида Жарқўрғон туманидаги ҳозирги Минор СФУ ҳудудида жойлашган «Жарқўрғон минораси»дир.

Ўлка ҳаётида юз берган бу каби илдам тараққиёт XII-асрнинг 20-йилларида юз берган Чингизхон бошлиқ мўғил қушинлари босқини туфайли издан чиққан.

Сўнги ўрта асрларда (XVI-XIX-асрлар) ўлка, шу жумладан туман ҳудуди Шайбонийлар, Жонийлар давлатини ва XVIII-асрнинг иккинчи ярмида Бухоро амирлигининг таркибий қисми бўлиб келди.

Тарқоқлик ва ўзаро низоларга қарамасдан сўнгги ўрта асрларда ҳам ўлкада, шу жумладан туман ҳудудида иқтисодий ва маданий силжишлар давом этиб, янги шаҳарчалар ва аҳоли пунктлари қурилишларига асос солинган.

Жарқўрғон бугунги кунда

 

Жарқўрғон тумани - Ўзбекистон Республикасининг энг жанубида, Сурхон вохасида жойлашган бўлиб, 1926 йилда ташкил топган. 1962 йилда Жарқўрғон тумани Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани таркибига қўшилиб, туманлар йириклаштирилган ва яна 1965 йилда Жарқўрғон тумани Шўрчи тумани таркибидан ажралиб чиқиб, туман сифатида фаолият кўрсатиб келмокда. Жарқўрғон тумани текислик қисмининг узунлиги деярли 80 км бўлиб, шимолдан жанубга томон тобора пасайиб ва кенгайиб боради.

Жарқўрғон тумани жанубдан Тожикистон Республикаси билан, шимолдан Қизириқ тумани, шарқдан Қумқургон тумани билан ва жанубий ғарбдан Термиз ва Ангор туманлари билан чегарадош.

Туманнинг ўртасидан Сурхон дарёси оқиб ўтади, ҳудуди-1,14 минг кв.км, ёки 114.2 минг гектарни ташкил этади. Аҳолиси 2020 йил 1 январ
ҳолатига 217866 киши. Таркибида 1 та туманга бўйсунувчи шаҳар,
65 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ва 5 та шахар типидаги пасёлкалар, шу жумладан Какайди қўрғони бор.

Жарқўрғон тумани текислик қисмининг иқлими қуруқ-субтропик, ёзи жазирама иссиқ ва узоқ, киши илиқ ва қисқа, рельефининг ҳилма-ҳиллиги, температура ҳолатига ва ёғинлар тақсимотига кескин таъсир кўрсатади. Йиллик ўртача харорат 16-18 градус. Июль ойининг ўртача харорати 28-32 градус, январь ойининг ўртача харорати 2,8-3,6 градус. Туманда йилига ўртача 130-140 мм атрофида ёғин ёғади. Ёғиннинг асосий қисми қиш ва баҳорда тушади. ғарбий, жанубий-ғарбий, шимолий-шарқий шамоллар кўп эсади. Туманнинг жанубий ва шарқий қисмидан йил давомида бир неча кун давом этадиган, экинларга зарар етказувчи чанг тузонли «афғон» шамоли эсиб туради.

Туманда ранг-баранг ўсимликлар дунёси мавжуд. Шулардан оқ саксовул, черкес, қандим, тарақтош, ялтирбош, янтоқ, дарё бўйларида юлғин, жийда, турангил, терак, савагич, қиёқ, қамиш, тол, ёнғок, бодом каби дарахтсимон ўсимликлар ўсади. Фойдали қазилмалардан нефт (Ховдак, Какайди) конлари мавжуд. Тумандаги бу нефт конларидан 1930 йилдан буён фойдаланиб келиняпди. Ҳозирги кунда бу конларнинг ҳаммаси «Жарқўрғоннефт» акционерлик жамияти қарамоғида. Янгидан “SURXONSEMENTINVEST” хорижий корхонаси ишга тушурилди. Йиллиқ қуввати (1-этаб) 450 минг тонна,яратилган янги иш ўрни 700 нафар.  

Рўйхатдан ўтиш
6 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?