Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИНГ МОҲИЯТИ
Эълонлар / 2021-06-10

   Тасаввур қилинг, қўлингизда Ўзбекистон харитаси ва унга қараб ҳудудларга доир бирламчи маълумотларни айтиш мумкин. Масалан, Сурхандарёда қанча аҳоли яшайди, Сурхандарёда бандлик масаласи қай аҳволда, Сурхондарёда нечта таълим муассасаси бор, Сурхандарёда аҳоли зичлиги қандай ва шунга ўхшаш бошқа муҳим маълумотлар. Бироқ бундай юзаки ва тахминий кўрсаткичлар билан бугунги жадал ривожланиш ва ислоҳотлар даврида узоқни кўзлаб ниманидир режа қилиш қийин, албатта.

   Аксинча, қўлимизда ҳар бир ҳудудга доир аниқ фактлар бўлса, режаларимиз ҳам, амалларимиз ҳам манзилли ва пухта бўлади. Айнан шунинг учун бизга бутун республикани қамраб оладиган ишончли маълумотлар керак ва улар тадрижий равишда янгиланиб борилиши шарт. Бундай аниқ ва яхлит маълумотлар эса аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Шунга қараб ўтмиш ва бугун ҳақида фикр-мулоҳаза юритиш ҳамда келажакни фаразлаш мумкин. Шунингдек, бу аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, оилавий ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақида маълумот олишнинг ягона манбаи ҳамдир.

   Аҳоли сонини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барчага тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил ва эълон қилишнинг ягона жараёнидир. У аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи бўлиб, келгуси 10-20 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади. Аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.

   Ўз навбатида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот тарзида фойдаланилади. Аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш бўйича расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди.

Жарқўрғон туман Статистика бўлими.

Рўйхатдан ўтиш
4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?