Ҳурматли тумандошлар!
Авваламбор, сиз азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-укаларимиз, опа-сингилларимизни, азму шижоатли ёшларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан табриклаб, самимий тилакларимни билдираман.
Рамазони шариф эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида азал-азалдан алоҳида ўрин эгаллаб келади.
Ушбу қутлуғ ойда сабру қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилишдек олижаноб фазилатлар бу йил юртимизда ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.
Мард ва матонатли халқимиз коронавирус пандемияси шароитида “Оллоҳ сабр-тоқатли инсонлар билан биргадир”, деган илоҳий ўгитга амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик, ҳамжиҳатликнинг юксак нумунасини кўрсатмоқда.
Асрлар давомида халқимиз онгида бағрикенглик, меҳр-мурувват, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мустаҳкам ирода каби ибратли фазилатларни шакллантиришда табаррук Рамазон ойига хос қадриятларнинг ўрни ва таъсири албатта беқиёсдир.
Бу йил карантин туфайли Рамазон амаллари ва ибодатларини адо этишда юзага келган маълум қийинчиликларни тўғри тушуниб, бу масалага оқилона ёндашган, айни вақтда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этаётган ҳиммати баланд тадбиркорларимиз ва фермерларимизга, турли касб эгалари бўлган кексаю ёш барча ватандошларимизга шу улуғ айём кунларида яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдираман.
Азиз дўстлар!
Карами кенг Аллоҳ таоло муқаддас Қуръони каримда инсонларни масъулиятли синов кунларида сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилади. Бугунги карантин қоидалари бекор қилинмаган бўлсада, таровеҳ нмозлари масжидларимизда адо этилиб, байрам ва ҳайитларни нишонлаяпмиз, бу эса халқимизнинг кайфияти кўтаринки бўлишига хизмат қилмоқда.
Ҳурматли тумандошлар!
Сиз, азиз ва муҳтарам тумандошларимни эзгу ниятлар рўёбга чиқадиган, хайрли амаллар учун беҳисоб савоблар ёғиладиган, ўзаро бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғулари тараннум этиладиган шукуҳли Ийд-ул-Фитр билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман.
Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг ушбу саодатли онларда қилаётган тоат-ибодатлари ва дуолари ижобат бўлсин!
Парвардигори олам доимо йўлимизни ҳам, юзимизни ҳам ёруғ қилсин!
Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024