Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
Жарқўрғон туман ҳокими Баҳодир ЎРАҚОВнинг МУРОЖААТИ

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 ноябрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо қилиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини татбиқ этиш ҳамда дарахтларни экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш тизимини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш юзасидан, Жарқўрғон туман ҳокими Баҳодир ЎРАҚОВнинг

МУРОЖААТИ

    Ҳурматли тумандошлар! 

   Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида 2 ноябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектр йиғилиши ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, бу икки масала ҳам давлатимиз раҳбарининг сайловолди дастурида белгиланган муҳим вазифалардан ҳисобланади.

    Шунинг учун йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари кенг кўламда кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳа доирасида республикамиз бўйича йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу тариқа мамлакатимиз миқёсида  яшил майдонларни кенгайтириш режалаштириб олинди. Жорий йилнинг 10 декабрига қадар дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик”   эълон қилинди.

   Муҳтарам Президентимиз ушбу савобли ишда ҳар бир ташкилот, ҳар бир фуқаро ўз ўрнини топиши кераклигини таъкидлар экан, жумладан, шундай деди: “Шунча йилларда “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат  сиёсати даражасига кўтаряпмиз. Шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик билан, пули, эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш керак.”

   Кун тартибига бугуннинг энг долзарб вазифаси қилиб қўйилган Юртбошимизнинг ана шу топшириқлари асосида Жарқўрғон туманида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга юксак масъулият ва шижоат билан киришилди. Биринчи навбатда, туман Ҳокимининг фармойиши билан туманда 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари ҳамда қаламчаларини экишнинг прогноз кўрсаткичлари белгиланди. Унга кўра, 2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида 406 минг туп, 2022 йилнинг баҳор мавсумида 671 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган. Жумладан, туманда 173 километр умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари ёқасида 2,3 минг туп, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги иҳота дарахтзорлар барпо этиладиган ерларда 38,0 минг туп, фермер хўжаликлари экин ер майдонлари четларида 321,1 минг туп, ўрта махсус таълим йўналиши объектларида 25,1 минг туп, халқ таълими йўналиши объектларида 32,4 минг туп, мактабгача таълим йўналиши объектларида 23,0 минг туб, соғлиқни сақлаш йўналиши объектларида 23,9 минг туп, корхоналар ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳудудларида 221 минг туп, туман ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги ҳудудлар ва объектларда 213 минг туп, тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа объектлар ҳудудларида 166,3 минг туп манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари экилиши мўлжалланаяпти. Шу кунларда туманимизнинг бутун ҳудудида кўчат экиш ишлари юксак суръатларда олиб бориляпти.

   Ҳурматли туманимиз аҳли!

   Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган лойиҳа нафақат умуммиллий, балки умумбашарий ва оламшумул аҳамиятга эга бўлиб, сайёрамизда экологик вазиятни барқарорлаштириш, инсон саломатлиги учун муҳим бўлган мазали ва сервитамин мева маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга қаратилгани билан диққатга сазовордир. Шундай экан, туманимизда яшаётган, ўзини жарқўрғонликман деб билувчи ҳар бир инсон ҳаётбахш лойиҳани рўёбга чиқариш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббусига лаббай деб жаавоб берган ҳолда манзарали ва мевали дарахт ниҳоллари экиш акциясида фаол қатнашиши лозим. Бу хайрли  иш туманимизнинг барча маҳалла ва қишлоқларида, кўча ва гузарларида, хонадон ҳовлиларида, томорқа ва майдонларда, далалар, йўллар, ариқлар, зовур ва каналлар ёқасида, корхона, ташкилот ва муассасалар атрофи ҳамда улар тасарруфидаги ҳудудларда сифатли амалга оширилиши керак.

   Муҳтарам нуронийлар, отахон ва онажонлар! 

   Сизлар кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган пиру бадавлатларимизсиз. Ҳамма вақт хайрли ва савобли ишларда ўз ўгитингиз ва маслаҳатларингиз билан элимизга, хусусан, ёшларимизга ҳам ибрат, ҳам бош-қош бўлиб келгансиз. Ўйлаймизки, бу файзли тадбирда ҳам шахсий намунангизни, тажриба ва маҳоратингизни дариғ тутмайсиз.

   Қадрли ёшлар, қалби олов йигит-қизлар! 

   Сизлар Жарқўрғон тумани истиқболининг эгаларисиз. Президентимиз ташаббуслари қаноти остида зўр ғайрат-шижоат билан жўшқин меҳнат қилсангиз келажакда ўзингиз орзу қилгандек, жаҳонда номдор, тараққий этган Янги Ўзбекистонни барпо этишга катта ҳисса қўшган бўласиз. Энг муҳими, Сиз халқимиз ишонган катта кучсиз. Шундай экан, жонажон Ватанимизни яшил маконга, мусаффо осмонимизни беғубор маъвога айлантириш кўп жиҳатдан Сизга, сизнинг масъулиятингизга боғлиқ эканлигини унутманг!

   Ҳурматли маҳалла, корхона, ташкилот ва муассасалар, ҳудудлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлар,  боғбону соҳибкорлар!

   Халқимизда “Яхшидан боғ қолади...”, “Бирни кессанг, ўнни эк” деган нақллар бор. Бу ҳикматлар замирида катта маъно ва моҳият мужассам эканлигини яхши биласиз. Чунки ўз ҳудудингизда мавжуд дов-дарахтларга ишлов бериш, хатосини тўлдириш, манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экиб, янги яшил қаторларни шакллантириш асосан сизнинг салоҳиятингиз, ташкилотчилигингиз билан амалга оширилади. Шунинг учун бутун аҳолини, хусусан, меҳнат жамоаларини умумхалқ ҳашарига жалб этган ҳолда кўкаламзорлаштириш ишларининг маромида, сифатли амалга оширилишига бош-қош бўлиш заммангиздаги асосий вазифадир.

   Азиз тумандошлар! 

   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида, жумладан, шундай деди: “Биз глобаллашув ҳар томонлама авж олаётган, шиддатли ўзгаришлар содир бўлаётган мураккаб замонда яшамоқдамиз. Бугунги кунда иқлим ўзгаришлари, экологик муаммолар...бизнинг мамлакатимизда ҳам ечилиши зарур бўлган долзарб вазифалар ҳисобланади”. Демак, мухтасар айтганда олаётган нафасимиз мусаффолиги учун ҳар биримиз масъулмиз. Бу “Яшил макон” лойиҳасини бир мавсумда эмас, мунтазам амалга ошириб боришимизни тақозо этади. Шундагина кўзланган мақсадга – Янги Ўзбекистонимиз яшил маконга, соғлом минтақага айланишига эришамиз. 

Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Рўйхатдан ўтиш
8 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?
Ҳа
3%
Унчалик эмас
1%
Йўқ
100%
Жами: 2214 овоз берилди.