Ҳурматли тумандошлар!
Сизларни улуғ айём — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Азиз тумандошлар!
Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқараши бутунлай ўзгаргани, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳиятидан далолат беради.
Ана шу улкан салоҳиятга таяниб, халқимиз бугунги кунда мураккаб синовларни мардона енгиб, юртимизда эркин, обод ва фаровон ҳаёт — янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.
“Янги Ўзбекистон” деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда.
Конституциямиз яратиб берган улкан ҳуқуқий имкониятларнинг самараси бўлган бундай ютуқ ва натижалар барчамизга албатта юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Муҳтарам ҳамюртлар!
“Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ҳамда барқарор тизим шаклланмоқда.
Конституциямиз моҳиятига чуқур сингдирилган демократия ва ижтимоий адолатга садоқат ҳамда инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда тизимли ва ортга қайтмайдиган демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аввало асосий қонунимизда кафолатланган малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Оғир турмуш шароитида яшаётган кўплаб хотин-қизларга уй-жой бўйича бошланғич бадаллар тўлаб берилгани ҳам ана шундай эзгу ишларимиз қаторига киради. Фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий мавқени мустаҳкамлаш бўйича жадал ишлар давом эттирилмоқда.
Қадрли тумандошлар!
Конституциямизда ўз ифодасини топган адолат принципини амалда таъминлаш бўйича ҳам катта ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий ёрдамнинг янги ва самарали механизмлари жорий этилмоқда.Энг муҳими, одамларда эркин меҳнат қилиш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик ҳисобидан камбағалликдан чиқиш тажрибаси ва кўникмаси шаклланмоқда.
“Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилмоқда. Илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда Учинчи Ренессанс — миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини яратишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим конституциявий тамойил — инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича барча соҳаларда, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия изчил амалга оширилмоқда.
Узоқ вақт фуқароликка эга бўлмай келган инсонлар бугунги кунда ўзларини тўлақонли Ўзбекистон фуқаролари деб ҳис этмоқда. Бу эса Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига муносиб жавоб бўлади.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган изчил сиёсат жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.
2020 йил октябрь ойида эса мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланди.
Бу — олиб борилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсатнинг яна бир катта ютуғи, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади. Шу муносабат билан яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан бўён ҳам қатъий амалга оширамиз.
Азиз тумандошлар!
Халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, юртимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсонга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш — давлатимиз ва жамиятимизнинг бош вазифасидир.
Мана шундай эзгу ва шарафли мақсад йўлида кекса-ю ёш барча ватандошларимиз бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қиладилар, янги Ўзбекистон бунёдкори бўлиб майдонга чиқадилар, деб ишонаман.
Сизларни Конституция куни байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, шахсий ва ижтимоий ҳаётда катта муваффақиятлар тилайман.
Хонадонларимизни, гўзал юртимизни тинчлик-осойишталик, файз-у барака асло тарк этмасин!
Барча эзгу орзу-ниятларимиз рўёбга чиқсин!
Яратганнинг ўзи ҳаммамизни паноҳида асрасин!
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024