Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
Жарқўрғон туман ҳокими Ўрақов Баходир Абдуқаюм ўғлининг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан байрам табриги.

   Азиз тумандошлар!

   Ҳурматли деҳқон ва фермерлар!

   Қадрли агрокластер эгалари!

    Аввало, сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга энг эзгу ва самимий тилакларимни билдиришга ижозат этгайсиз.

Ушбу қутлуғ айёмда ризқ-рўзимиз бунёдкорлари – миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, соҳанинг жонкуяр олимлари ва мутахассисларимизга чуқур ҳурмат бажо келтириб, чин дилдан таъзим қиламиз.

   Дунёдаги энг қадимий ва олижаноб касб эгалари ҳисобланган, эл-юрт дастурхонини тўкин ва фаровон этадиган ғоят муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган сизлар каби минглаб юртдошларимизнинг фидойи меҳнати ва жасорати ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир.

   Албатта, қишлоқ хўжалиги соҳасида осон ва енгил йилнинг ўзи бўлмайди. Табиат инжиқликлари, сув ресурсларининг чеклангани, турли ҳашарот ва зараркунандалар билан курашиш ҳар бир деҳқондан катта азму шижоат, миришкорлик ва тажрибани талаб этади. Халқимиз сизларнинг ана шундай ибратли фазилатларингизни яхши билади ва юксак қадрлайди.

   Якунланиб бораётган йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ўзига хос марраларга эришилди. Жумладан, ғаллачилик бўйича жорий йилда 2021 йил ҳосили учун 171 та фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан 8 минг 180 гектар майдонга бошоқли дон ва 7 минг 65 гектарга ғўза (пахта) экинлари экилиб парвариш қилинди, давлатга бошоқли дон сотиш режаси 100 фоизга, пахта режаси 106,4 фоизга бажарилди.

   Бугунги кунда жами чорвачилик йўналишида 38 та фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, шундан Қорамолчилик хўжаликлари 23 та, Қўйчилик ва эчкичилик хўжаликлари 15 та, бундан ташқари, Паррандачилик комплекси 1 та, Балиқчилик хўжаликлари 26 та, Асаларичилик хўжаликлари 2 та бўлиб, барчаси самарали фаолият юритмоқда.

   2021  йилда чорвачилик бўйича  6 та лойиҳа қабул қилинган бўлиб, унда янгидан 90 та иш ўрни яратилиши белгиланган.

   Азиз дўстлар!

   Дунёда глобал озиқ-овқат етишмовчилиги хавфи юзага келаётган бугунги вазиятда бизда ички бозоримизни тўлиқ таъминлаш билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини икки баробар ошириш ва экспортни кўпайтириш учун барча шароитлар мавжуд эканини алоҳида таъкидламоқчиман.

   Келгусида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш бўйича комплекс дастурларни амалиётга татбиқ этиш, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда маҳсулот турлари ва экспорт ҳажмини янада ошириш устувор масала бўлиб қолади.

   Тупроқ унумдорлигини сақлаш, соҳани зарур техникалар билан таъминлаш ва хизмат кўрсатиш ишларини яхшилаш, илғор билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш фаолиятини такомиллаштиришга эътиборни янада кучайтирамиз.

   Соҳага илм-фан ютуқлари ва замонавий технологияларни жорий этиш бундан буён ҳам устувор вазифаларимиздан бўлиб қолади.

   Мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, эл-юртимиз дастурхонини янада фаровон қилишда фидойи қишлоқ хўжалиги ходимлари бундан кейин ҳам ўзларининг бор билим ва тажрибаларини, куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар, деб қатъий ишонаман.

   Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, азиз сувчилар ва пахта-тўқимачилик кластерлари ходимлари!

   Сизларни яна бир бор Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни – меҳнат ва ҳосил байрами билан чин дилдан табриклайман.

   Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилайман.

Рўйхатдан ўтиш
5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?