Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ҲОКИМИ ЎРАҚОВ БАҲОДИР АБДУҚАЮМ ЎҒЛИНИНГ 8 МАРТ “ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИ” ТАДБИРИДАГИ ТАБРИГИ

 

    Ассалому алайкум!

   Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларимиз! 

   Она табиат чирой очиб, атроф-муҳит яшил либосга бурканиб, баҳор нашидаси тобора кучайиб бораётган айни шу фусункор айёмда сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун Жарқўрғон тумани хотин-қизларини 8 март байрами билан чин қалбимдан табриклашни ўзим учун катта бахт деб ҳисоблайман.

   Мана шу байрам кунларида биз – юртимизнинг кексаю ёш барча-барча эркак зоти, мард ўғлонлари ҳақиқатан ҳам Яратганнинг мўжизаси бўлмиш аёл сиймоси олдида, авваламбор, меҳрибон оналаримиз олдида бош эгиб, таъзим бажо келтирамиз.

   Мунис опа-сингилларимиз, вафодор умр йўлдошларимиз, дунёдаги энг чиройли, латофатли қизларимизни табриклаб, уларнинг шаънига самимий ва эзгу тилакларимизни, чуқур ҳурматимизни изҳор этамиз, жажжи қизалоқ набираларимизни бағримизга босиб, чин юракдан қутлаймиз.

   Шу кунларда ҳаммамизнинг тилимизда, дилимизда бўлган бир фикрни ҳеч иккиланмасдан айтишни зарур, деб биламан.

   Бу дунёда ширин ва аҳил, бахтли ҳаёт учун пойдевор яратиб, инсонни инсон, оилани мустаҳкам оила қиладиган, биз учун севги-муҳаббат, вафо ва садоқат тимсоли бўлиб келаётган сиз, гўзал ва бетакрор, қадрдон аёлларимиз, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

   Чиндан ҳам, ўзининг беқиёс меҳри ва фидойилиги, сабр-қаноати ва чидамлилиги билан хонадонларимизда, бутун жамиятимизда тинчлик-хотиржамлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини сақлаб, ҳаётимизга файзу тароват бағишлайдиган, тунлари бедор бўлиб, болаларимизни баркамол инсонлар, Ватанимизнинг мард ва жасур ҳимоячилари этиб вояга етказадиган ким?

   Меҳрибон ва оқила аёлларимиз эмасми?

   Умр йўлларимизда қандай оғир синов ва машаққатлар дуч келмасин, уларни енгиб ўтишда руҳимизни кўтариб, кучимизга – куч, ғайратимизга – ғайрат қўшадиган инсонлар ҳам, ҳеч шубҳасиз, дунёдаги энг мўтабар зотлар, бу қалби дарё аёлларимиздир.

  Шу маънода, Алишер Навоий бобомизнинг “Аёллар – фаришталарнинг опа-сингилларидир” деган ҳикматли сўзларида қандай чуқур маъно борлигини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз. 

    Ҳурматли қадрдон опа-сингиллар!

    Биз ўз олдимизга қўйган олий мақсадимизга эришиш йўлида, яъни халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, туманимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришда, мухтасар қилиб айтганда, бугун Жарқўрғон тумани қўлга киритаётган улкан марраларда – бу қайси соҳа, қайси касб-ҳунар бўлмасин, уларнинг барчасида аёлларимизнинг муносиб, буюк ҳиссаси борлигини миннатдорлик билан таъкидлаймиз.

   Бу ҳақда гапирганда, хотин-қизларимизнинг нафақат кундалик турмушда, балки давлат миқёсидаги энг муҳим масалаларни ҳал қилишда ўрни ва роли тобора ортиб бораётганини алоҳида қайд этишни зарур деб биламан.

    Бугунги кунда ўнлаб депутат аёлларимиз маҳаллий Кенгашларда халқ вакиллари бўлиб фаолият кўрсатаётгани, давлат ва жамият бошқарувида, сиёсий ва ижтимоий ҳаётимизда, фуқаролик институтлари ва нодавлат тузилмаларда қанчадан-қанча опа-сингилларимиз туман манфаати учун жонбозлик билан хизмат қилаётганини ҳурмат билан эътироф этамиз.

   Мен, ўзининг қадр-қимматини, ҳаётнинг пасту баландини яхши биладиган, келажакка катта ишонч билан қараб, сидқидилдан меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз билан учрашиб, суҳбат қурганда, очиғини айтишим керак, ўзим учун катта таассурот, маънавий-руҳий қувват оламан. 

   Жамиятимиз тараққиётини бугунги юксак босқичга кўтаришда маҳалла фаоллари, таълим ва соғлиқни сақлаш, иқтисодий ва ижтимоий соҳа, қишлоқ хўжалиги ва турли соҳа фидойилари бўлиб ишлаётган, кўпни кўрган, жонкуяр опа-сингилларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлиги барчамизни албатта қувонтиради. Элу юртимиз ўртасида соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, хонадонларда турли гинаю аразларнинг олдини олиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзини аямасдан меҳнат қилаётган ана шундай аёлларимизга самимий ташаккур изҳор этишни ўзимнинг бурчим, деб биламан.

    Азиз опа-сингиллар!

   Айни вақтда хотин-қизларимиз учун янада қулай шароитлар яратиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ўз билим ва профессионал малакасини амалда намоён этиши учун кенг йўл очиб бериш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак.

   Айниқса, жондан азиз фарзандларимизни дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган инсонлар қилиб камол топтириш, аввало, қиз боланинг тақдири ҳақида ғамхўрлик қилиш, уни бамисоли жамиятимизнинг гулидек тарбиялаб, вояга етказиш, бўлажак оиланинг бахтли бекаси сифатида кўриш вазифаси барчамизнинг энг олий мақсадимиз бўлиши даркор.

   Нега деганда, бунинг негизида халқимиз ҳаёти, келажаги билан боғлиқ оддий ва шу билан бирга, ўта масъулиятли ҳақиқат мужассам бўлиб, уни ҳеч қачон унутмаслигимизни истардим. Яъни, қизларимиз тимсолида биз авваламбор бўлғуси оналарни, ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом авлодни ўзимизга тасаввур қиламиз, наслимиз давомчиларини кўрамиз. Ҳеч шубҳасиз, қиз бола соғлом, билимли, замонавий касб-ҳунар эгаси бўлса, у қурадиган оила ҳам, бу оиланинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади. Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият барқарор ва фаровон бўлади.

   Ҳаммамиз яхши тушунамизки, туманда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш, ёшларимизнинг онги ва қалбини бизга мутлақо ёт бўлган зарарли оқим ва таъсирлардан, “оммавий маданият” хуружларидан сақлаш, оилаларда, маҳаллаларда олиб бораётган тарбиявий ишларимизни янги босқичга кўтаришни бугун тобора кескинлашиб, мураккаблашиб бораётган ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб этмоқда.

   Ана шундай ўткир масалаларни ечишда мен сиз, муҳтарама аёлларимизга, сизларнинг ақл-заковатингиз, олижаноб фазилатларингизга таянишимни, сизларни ўзимнинг энг яқин маслаҳатчиларим ва сафдошларим, деб билишимни фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиман.

    Бамисоли баҳор элчиси бўлиб келаётган, ўзингиздек гўзал ва дилбар мана шу қутлуғ айёмда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман!

   Умрингиз узоқ, иқболингиз зиёда бўлсин! Барча эзгу орзу-ниятларингиз амалга ошсин! Доимо оилангиз ва фарзандларингиз, элу юртимиз ардоғида бўлиш ҳамиша насиб этсин! Омон бўлингизлар!

   Эътиборингиз учун ташаккур!!!

 

 

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?