Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
Жарқўрғон тумани ҳокими Ўрақов Баҳодир Абдиқаюм ўғлининг “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан БАЙРАМ ТАБРИГИ

   Ассалому алайкум, ҳурматли тумандошлар!

   Қадрли дўстлар!

   Сиз, азизларни, сизлар орқали кўп миллатли халқимизни шарқона янги йил – “Наврўз” байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

   Нуроний отахон ва онахонларимизга, ҳурматли ака-ука, мунис опа-сингилларимизга, навқирон ёшларимиз, суюкли фарзандларимизга, хориждаги ватандошларимизга – бутун эл-юртимизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

   Ҳаммамиз орзиқиб ва соғиниб кутадиган янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

   Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!

    Ҳурматли тумандошлар!

   “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат, қадр-қиммат айёми” шиори остида ўтаётган бугунги сана барчамизга чинакам халқ байрами, миллий ўзлигимиз кўзгуси, маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисми демакдир.

   Минг йиллар олдин ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ният ва ёруғ умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай баланд кайфият билан Наврўзга пешвоз чиқмоқда.

   Ям-яшил далалар ва гуллаган боғларда, майдон ва хиёбонларда, қишлоқ ва овулларда, маҳалла ва кўчаларда Наврўзнинг дилбар тароналари – Янги кун наволари янграмоқда. Қир-адирларда мард ўғлонларимиз кўпкари чопиб, кураш тушмоқда. Кексаю ёш юртдошларимиз сумалак тўла қозонлар атрофида ўйин-кулгулар қилиб, баҳор неъматлари ва байрам қувончини ўзаро баҳам кўрмоқдалар.

   Шундай шукуҳли ва бетакрор дамларда барчамиз тинч ва осойишта ҳаёт ҳамда хотиржамлик қадрини янада теранроқ ҳис этмоқдамиз.

   Бугунги муродбахш ва файзли кунларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз улкан ният ва режалар билан қадрдон даласи сари йўл олмоқда.

   Фурсатдан фойдаланиб, азму шижоатли бободеҳқонларимизни янги меҳнат мавсуми билан самимий қутлайман. Ушбу қутлуғ байрам кунларида жорий йилда ҳам далаларда ҳосилларимиз мўл ва баракали, ризқу насибамиз янада зиёда бўлсин, деб барчамиз дуолар қиламиз.

   Ҳурматли дўстлар!

   Зеро, Наврўзи оламнинг мазмун-моҳиятида инсонни улуғлаш, унинг қадри, иззат-ҳурматини жойига қўйиш каби эзгу фазилатлар мужассамдир.

   Юртимизда аҳолининг барча қатламлари, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни билим ва касб-ҳунарга ўргатиш, иш ўринлари, даромад манбаи, турар-жойлар билан таъминлашга устувор аҳамият берилмоқда. Айниқса, ижтимоий ёрдам ва кўмакка муҳтож, кўнгли ярим инсонларга чинакам эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш доимий фаолиятимиз мезонига айланмоқда.

    Бу борадаги ишларимиз 2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да мазмун ва сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда.

Ҳурматли тумандошлар!

   Наврўз – инсон ва табиатни асраб-авайлашга, тинчлик, дўсту биродарлик ва ҳамкорлик каби умумбашарий қадриятларни эъзозлашга чорлайдиган улуғ байрамдир.

   Ушбу қутлуғ айёмда турли низо ва адоватлар, гина-аразлар унутилади, халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва аҳиллик тамойиллари янада кучаяди.

   Ана шундай беқиёс фазилатлари туфайли Наврўз нафақат мамлакатимиз, балки бутун Шарқ оламида замонлар оша безавол яшаб келмоқда. Шунинг учун ҳам Наврўз юртимизда истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларини бир оиладек бирлаштирадиган гўзал байрамга айланди.

   Сизларга маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 21 март – Халқаро Наврўз куни деб эълон қилиниб, у ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Ушбу сананинг жаҳон миқёсида кенг нишонланиши унинг халқаро нуфузи ва аҳамияти тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.

   Қадрли отахон ва онахонлар!

   Муҳтарама опа-сингиллар!

   Ҳурматли ака-укалар!

   Азиз фарзандларим – навқирон ёшларимиз!

   Қадимий ва гўзал байрамимиз – Наврўзи олам билан барчангизни яна бир бор чин дилдан табриклайман!

   Шарқона Янги йилимиз ҳар бир хонадонга, жонажон Ўзбекистонимизга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик, бахту саодат ҳамда файзу барака олиб келсин!

Илоҳим, жамики улуғвор мақсадларимиз, яхши ният ва улкан режаларимиз рўёбга чиқсин!

   Ватанимиз янада обод, халқимиз ҳаёти ҳамиша фаровон бўлсин!

   Наврўзи олам барчамизга, бутун халқимизга қутлуғ ва муборак бўлсин!

Жарқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати. 

Рўйхатдан ўтиш
8 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?
Ҳа
3%
Унчалик эмас
1%
Йўқ
100%
Жами: 2214 овоз берилди.