Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
Жарқўрғон тумани ҳокими Ўрақов Баҳодир Абдиқаюм ўғлининг тумандаги маҳалла тизими ходимларига БАЙРАМ ТАБРИГИ

   Ассалому-алайкум! Ҳурматли маҳалла тизими ходимлари!

   Сиз азизларни — “22 март — Маҳалла тизими ходимлари куни” ҳамда миллий байрамларимиздан саналмиш — Наврўз айёми билан самимий табриклайман.

   Бизнинг илк ҳаётий тасаввурларимиз оиладан, маҳалладан бошланади. Маҳаллада онгу шууримиз, дунёқарашимиз, эътиқод ва тафаккуримиз шаклланади. Ундаги ҳар бир оила, қўни-қўшниларимиз мисолида юрт тупроғининг муқаддаслигини, ота ва онамиздек азиз бўлиб қолган маҳалладошларимиз иссиқ меҳри ва қайноқ қалбини ҳис қиламиз, доимо уларга интиламиз.

   Муҳтарам Юртбошимиз томонидан жамиятимизнинг бетакрор ижтимоий тузилмаси ҳисобланадиган маҳалла институтини аҳолининг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, унинг роли ва аҳамиятини ошириш мақсадида ташкил этилаётган тизимда жорий йилда фаолият бошлаган "Ҳоким ёрдамчилари", ёшлар етакчиси ҳамда хотин-қизлар маслаҳатчиси томонидан қисқа вақт мобайнида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўз елкасига хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамият ва оилада соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, маҳалла институтининг бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш каби ўта зарур вазифаларни олган бу тузилма, халқимиз ишончини тўлақонли ифодалашга илк қадамларни қўйди.

   Ҳурматли тизим фидойилари!

   Сизларнинг катта кўмагингиз ва саъй-ҳаракатларингиз билан уйма-уй юрган ҳолда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича кўплаб тажрибалар орттириб, аҳолимиз билан янада яқинлашишимизга хизмат қилмоқда. Эндиги вазифамиз эса халқ билан бунданда яқин бўлиб, мулоқотлар ташкил этиб, тўпланган тажрибаларимизни янада бойитиб боришдан иборат.

   Аҳоли ўз муаммоси билан аввало қаерга мурожаат қилади? Албатта, маҳаллага. У маҳаллани ўзининг асосий суянчиғи деб билади. Бу тушунчани ҳар бир юртдошимизда тўла шакллантириш учун сизлардан катта масъулият ва ҳаракат, минглаб тумандошларимиз ҳаётини яхшилаш, уларга муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган барча ҳаракатларимиз бошида туришингиз талаб қилинади. Сабаби, шу ҳудудда яшовчи аҳолини қийнаётган муаммоларни, унинг талаб ва эҳтиёжларини маҳалладан кўра яхши биладиган тузилма йўқ. Шу боисдан қишлоқларимизда яшовчи юртдошларимиз, ёшлар муаммоларини бартараф этиш, уларнинг турмуш даражасини ошириш йўлида олиб бораётган беминнат хизматларингиз биз учун доимо қадрлидир.

   Қадрли маҳалла раислари ва фаоллар!

   Ҳаммангизга яхши маълум - барча ўтган жамиятлар тарихида, қийин ҳолатлар, синовли кунларда аҳолининг бошини қовуштириш, уларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштириш, тўғри йўлга йўналтиришда илғор фикрли, халқни ўз ортидан эргаштира оладиган фидойиларга – яъни маҳалла оқсоқолларига, “Оқсоқоллар кенгаши”га таянилган. Шу мақсадда, тизимда нуронийларга эътибор қаратилаётгани ҳам бежизгамас. "Бир нуроний - ўн нафар ёшга мураббий" тамойили асосида нуронийларимизнинг ёшларга устозлик қилишаётгани, бу борадаги ишларимизнинг намунасидир.

  Ҳурматли тизим вакиллари, маҳалла раислари!

   Бугун Сиз – халқ хизматчиларидан ўз касбига меҳр ва фидойилик кутилмоқда. Сиз обрўли, пиру бадавлат, бой касбий ва ҳаётий тажрибага эга нуронийлар, ҳожи ота, ҳожи оналар, кайвони инсонлар кўмагида аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни тарғиб қилинг. 

   Бугун зиммангиздаги вазифаларни ҳалол ва виждонан бажариб, Сизга билдирилган ишончни оқлаш учун бор куч ҳамда имкониятингизни сафарбар этишингизга ишонаман.

   Фурсатдан фойдаланиб, туманимиздаги барча маҳалла тизими ходимларини “22 март — Маҳалла тизими ходимлари куни” билан яна бир бор чин юракдан табриклайман. Туманимиз ҳаётининг фаровонлиги йўлидаги фаолиятингизда омад, оилаларингизга доимо тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилайман.

   Байрамингиз муборак бўлсин, азиз маҳалла тизими ходимлари!

Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати. 

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?