Қадрли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Аввало сиз, азизларни касб байрамингиз – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Сизларга ўзимнинг эзгу тилакларимни билдириб, машаққатли ва олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Барчамизга яхши аёнки, матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлган. Туманимиз тараққиётнинг янги босқичига ўтаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда. Барча соҳалар каби ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида ҳам рақобат кескин тус олмоқда. Бундай мураккаб шароитда ҳаёт янги-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда.
Туманимизда фаолият юритаётган ягона босма нашр “Жарқўрғон” газетаси жамоаси, фаол ва фахрий журналистлар, қолаверса, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошираётган ахборот хизматлари ҳамда блогерларни, матбаачиларни хизмати бугунги ахборот маконида муҳим ўрин тутмоқда.
Глобал тармоқда туманда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ўз веб-сайт ҳамда ахборот порталлари орқали ёритиб бораётган корхона ва ташкилотлар сони тобора кўпайиб, оммага ҳаққоний ахборотларни етказиб бошламоқда. Бу эса янгича шароитда ахборот соҳасидаги янгиликларни тезкор етказиш имконини беряпти. Сизлар томонингиздан, туманда олиб борилаётган ўзгаришларнинг халққа тушунарли тарзда ҳаққоний ёритилиши, бош мақсадингиз бўлмоғи лозим. Бундай тенденция ислоҳотларимиз самарасини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, тумандаги барча раҳбар ва мутасаддиларни халқимиз фикри билан, замон талаблари билан ҳисоблашган ҳолда ишлашга ўргатади.
Азиз ва муҳтарам журналистлар, ижтимоий тармоқ фаоллари!
Сиз, азизларни, Сизлар орқали кўп сонли туманимиздаги мухлис ва муштарийларингизни бугунги қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор самимий табриклайман! Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ижодий ютуқлар, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Б.А.ЎРАҚОВ, Жарқўрғон тумани ҳокими.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024