Юртимизда барча жабҳаларда бўлгани каби солиқ соҳасини ривожлантириш борасида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, солиқ сиёсатини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, солиқ юкини изчил камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ ҳисоботларини тубдан қисқартириш юзасидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ишбилармонлар сафини янада кенгайтириш ва инвестицион жозибадорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Давлат солиқ хизмати органларида иш фаолиятининг “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида йўлга қўйилиши тадбиркорлар билан бевосита ҳамкорликни кучайтириб, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни ўз вақтида тўғрилаш имконини бермоқда. Амалиётга татбиқ этилаётган автоматлаштирилган ахборот тизимлари инсон омилини камайтириб, солиқ муносабатларини енгиллаштиришга, солиқ қонунчилигидаги янгилик ва ўзгаришлар эса тадбиркорларга янада кўпроқ имкониятлар яратиб, хуфёна иқтисодиётни қисқартиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида автоматлаштирилган “Автокамерал” дастури орқали туманимиздаги 152 та хўжалик юритувчи субектларнинг солиқ ҳисоботларидаги хато ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан хабарномалар юборилди. 136 нафар тадбиркорлик субектлари томонидан хато ва камчиликлар ўз вақтида тўғриланиши натижасида ҳисобланиши лозим бўлган 189 миллион 542 минг сўм маблағ солиқ тўловчиларнинг ихтиёрида қолди.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28-июн кунидаги «Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш даврида бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони тадбиркорлар учун навбатдаги имкониятларни тақдим этди. Фармон билан 2022-йил 1-июлдан фойдаланилмаётган кўчмас мулк обектларига таъсирчан солиқ механизмини қўллаш бекор қилиниб, қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилиги соддалаштирилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, ўтган вақт мобайнида туманимизда фойдаланилмаётган 112 та кўчмас мулк обектларига таъсирчан солиқ механизми қўлланилиши натижасида 2 миллиард 800 миллион сўм миқдорида солиқ ҳисобланган. Таъсирчан солиқ механизмининг бекор қилиниши эса миллиардлаб маблағлар тадбиркорлар ихтиёрида қолишини таъминлайди.
Сўнги вақтларда ташқи савдо қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам Ҳукуматимиз томонидан бир қанча енгилликлар ва имтиёзлар берилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 6-апрел кунидаги “Ташқи савдо фаолияти иштирокчиларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-97-сонли Фармонига мувофиқ божхона омбори режимида узоқ вақтлардан буён сақланиб келинган товарлар “Эркин муомалага чиқариш” режимига расмийлаштирилиши натижасида хўжалик юритувчи субектларнинг импорт шартномалари бўйича йўл қўйилган муддати ўтган дебитор қарздорлиги сабабли уларга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган молиявий жарималар бекор қилинди.
“Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида олиб борилган кенг кўламли тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида 2022-йилнинг биринчи ярим йиллигида 526 та корхонада норасмий ишлаётган 984 нафар фуқароларнинг фаолияти легаллаштирилди.
Шунингдек жорий йилнинг январ-июн ойларида 3829 нафар воҳадошларимиз ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сифатида давлат рўйхатидан ўтди. Фаолиятини тўхтатган 32 нафар тадбиркорлар эса ўз фаолиятини қайта тиклади.
2022-йилнинг биринчи ярим йиллигида туманимиздаги 314 та хўжалик юритувчи субектларга нисбатан 7 млрд 125 млн сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 27-январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ айрим тадбиркорлик субектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида ўрнатилиши натижасида туманимиздаги 85 та корхоналарнинг ихтиёрида жами 765 миллион сўм маблағи қоладиган бўлди.
Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган бу каби солиқ имтиёзлари ва енгилликлари хусусий секторни ривожлантириш ва шу аснода иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024