Қадрли тумандошлар!
Бутун ислом олами қаторида дину диёнатли, эътиқоди мустаҳкам халқимиз катта интиқлик билан кутиб олаётган муборак Қурбон ҳайити билан сиз азизларни, чин қалбимдан самимий табриклайман.
Кўҳна тарихимиз давомида юртимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини ҳар томонлама барқарор этиб келаётган бу қутлуғ байрам барчамизга муборак бўлсин!
Ушбу муқаддас айёмда сизларга, бутун эл-юртимизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилайман.
Айниқса, бу қутлуғ байрамнинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу ва савоб ишлар қилиб яшаш, ўзаро ёрдам, меҳр-саховат, сабру қаноат, шукроналик, тинчлик ва соғликни қадрлашдек улуғ фазилатлар бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу маънода, айнан мана шундай муқаддас қадриятларимиз бугунги мураккаб вазиятда эл-юртимизга қўшимча куч-ғайрат, чидам ва бардош ато этмоқда, десак, тўғри бўлади.
Муқаддас Қуръони каримнинг бир неча ўринларида хайр-эҳсон, эзгуликнинг мукофоти фақат яхшилик экани алоҳида таъкидланган. Бу каби пурмаъно ҳикматлар бугунги синовли кунларда жамиятимизда меҳр-оқибат, саховат ва мурувват, ўзаро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг тобора юксалиб боришида акс этмоқда.
Айниқса, ҳалол меҳнати орқасидан жамғарган маблағини қариндош-уруғлари, маҳалладошининг оғирини енгил қилиш учун холис ният билан ҳадя этган, меҳр-оқибатли, инсоф-диёнатли ва жонкуяр инсонларга Яратганнинг ўзи ажру мукофотини беради, албатта.
Ана шундай олижаноб тумандошларимизнинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига қилаётган эҳсонлари туфайли саховатли ишлар амалга оширилётгани, эҳтиёжманд оилалар қўллаб-қувватланаётгани, айниқса, қутлуғ айём кунлари, бундай ишларнинг ортгани қувонарлидир.
Азиз қадрдонларим!
Барчангизни Қурбон ҳайити байрами билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман.
“Дилинг – Аллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин”, деган олижаноб эътиқод билан яшаётган халқимиз доимо омон бўлсин!
Барча пок ниятларимиз ижобат бўлишини, Яратганнинг ўзи юртимизни турли бало-қазолардан асрашини, бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғуларимиз янада зиёда бўлишини сўраб қоламан.
Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин!
Эзгу интилиш ва ишларимизда Аллоҳ таоло ҳамиша мададкор бўлсин!
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024