Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Урушдан кейинги йилларда туман саноати тараққиёти
Тадбирлар / 2021-03-05

(Давоми).

   Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда ёқилғи саноати ривожида ҳам маълум ижобий ишлар амалга оширилди. Сурхондарё вилояти нефть саноати ходимлари урушдан кейинги қийинчиликларга қарамасдан ғайрат билан меҳнат қилдилар. "Ворошиловнефть" трестининг нефть кони саноати зарбдор мусобакани кенг ёйдириб, нефть маҳсулотларини қазиб чиқаришда янги муваффақиятларни қўлга киритдилар.

   Пармаловчи Исоқов, Иброҳимов, Қулиев ва Турдиевлар янги нефть қудуқларини ишга солиш учун кунлик нормаларини 150 фоизга етказиб адо этдилар. Қурилиш-монтаж бригадасининг ишчилари ҳам ишлаб чиқариш режасини 160 фоизга бажариб, пармалаш ишларини жадаллик билан боришига катта ёрдам бердилар.

   Какайди нефть кони - 72505 тонна, Лалмикор - 122795 тонна, Ҳовдак нефть конидан эса - 7453 тонна нефть қазиб олинди. Чуқур насослар ёрдамида 174040 тонна, фонтан йўли билан эса 28113 тонна нефть қазиб олинди. Жами нефть қудуқлари сони Ҳовдакда 22 тани, Какайдида 38 тани, Лалмикорда 48 тани ташкил қилди. 1970 йилда “Жарқўрғоннефть” бошқармаси томонидан нефть конларидан 5638 тонна, Какайди нефть конидан 53688 тонна, Лалмикордан - 11720 тонна, 1970 йилда бу конлардан жами 198040 тонна нефть, 151003 тонна газ қазиб олинди.

   Жарқўрғон бетон маҳсулот реализация қилиш режаси - 105,0, 1980 йилда 1979 йилга нисбатан 114,4 фоиз, ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ва меҳнат унумдорлигининг оширилиши бўйича эса 106, 4 фоизга бажарилди. Сурханстрой Жарқўрғон қурилиш-монтаж бошқармаси 1976 - 1980 йилларда режани 170 фо­изга бажаришга эришди. Шу давр ичида 39 млн. сўмдан зиёд қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Бошқарма кучи билан бажарилган иш 19, 5 млн. сўмни таш­кил этди. 2155 гектар ер ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалик оборотига киритилди. 1976 - 1980 йилларда Жарқўрғон темир бетон заводи, Какайди насос станциясининг 2-навбати фойдаланишга топширилиб, ушбу қурилишга Э. Турдиев раҳбарлигидаги "Сурхонирстрой" трести хизмат қилди. 1976 - 1980 йиллар Жарқўрғон аҳлига 68 минг кв. м тураржой бинолари, 3632 ўринли ўрта таълим мактаблари, 2735 ўринли мактабгача болалар муассасалари қуриб фойдаланишга топширилди.

   1988 йил январидан Жарқўрғон нефть ишлаб чиқариш бирлашмаси тўлиқ хўжалик ҳисобига ўтиб ишлай бошлади. Сурхон пармалаш ишлари бошармасида 1989 йилда 380 нафар нефтчилар меҳнат қилдилар.

   Бу даврда нефть қазиш ишлари 2,5 баробарга ўсди. Табиий газнинг ўсиши ҳам бу йилларда кўпайиб борди. Бу йилларда туманда саноат корхоналарини қуриш ниҳоятда суст олиб борилди. Қурилган саноат корхоналари ҳам асосан хомашёга дастлабки ишлов беришга ихтисослашган эди. Шунга қарамасдан Жарқўрғон туманининг фидойи инсонлари туман саноати корхоналари сонини кўпайтириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш борасида тинимсиз ҳаракат қилиб, вилоят ва Республика саноатининг юксалишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.

Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?