(Давоми).
Беш йиллик режа Ўзбекистон ССР Олий Советининг 1946 йил 30 августда бўлиб ўтган сессиясида кўриб чиқилди ва тасдиқланди. Режага биноан 1946 йилнинг ўзидаёқ халқ хўжалигини қайта қуришни тугаллаш, ишлаб чиқаришни эса 1948 йилда урушдан илгариги даражага етказиш кўзда тутилган эди. Сурхондарё вилояти ҳунармандчилик иттифоқи ҳам иккинчи жаҳон урушидан кейин ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотлари турларини яхшилаш, уларни сифатли ва кўплаб ишлаб чиқаришга кириша бошлади.
Вилоят ҳунармандчилик иттифоқи таркибида бўлган Жарқўрғондаги кўп тармоқли ҳунармандчилик артеллари иккитани ташкил қилиб ("Янги турмуш" ва "Қизил аскар" номли кўп тармоқли ҳунармандчилик артеллари) улардан бири "Янги турмуш" номли кўп тармоқли ҳунармандчилик артелида 1947 йилнинг 1 январига қадар 28 та ҳунарманд (шулардан бештаси аёллар) 1948 - 1949 йилларда 39 нафар ҳунарманд ташкил қилиб, улар 1949 йили 132, 7 минг сўмлик ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришга эришдилар. Артел аъзоларининг иш ҳақи фонди эса 75, 2 минг сўмни ташкил қилди.
"Қизил аскар" ҳунармандчилик артели халқ хўжалиги юкларини ташишга мўлжалланган транспорт артели бўлиб, бу артелда 1947 йил январига келиб, ҳунармандлар сони 34 нафарни ташкил этган бўлса, 1954 йил 1 январига келиб эса ҳунармандлар сони 73 тани ташкил қилди. «Қизил аскар» ҳунармандчилик артели транспортчилари томонидан 1946 йили 1383 тонна халқ хўжалиги юклари ташилиб, 32575 км йўл босилди. Ҳунармандчилик артели транспортчилари томонидан йил ўтган сайин юк ташиш ҳажми ортиб борди.
Буни қуйидаги мисолдан ҳам кўришимиз мумкин. 1950 йилга келиб ҳунармандчилик артелида 30 та туя бўлиб, йил бўйи бу туяларда 8790 кунлик иш куни ишланиб, 225, 0 минг сўм соф фойда олинди. Халқ хўжалиги юкларини ташишда 40436 км. йўл босилиб, 1322 тонна юк ташиб беришга эришилди. «Қизил аскар» ҳунармандчилик артели от-арава транспортчилари аҳолининг оғирини енгил қилишда катта хизмат қилди.
Шундай қилиб, тумандаги ҳунармандчилик артеллари ҳунармандларининг биргаликдаги меҳнати, ишлаб чиқариш жараёни устидан ягона раҳбарлик, ташкилий ва техник жиҳатдан бошқаришни яхшилаш, ишлаб чиқариш вазифалари ва умумий манфаатдорлик жамоанинг умумий меҳнат фаолияти билан боғланган эди. Юқоридаги ҳунармандчилик артелларининг ташкилий тузилиши 1960 йилгача то ҳунармандчилик кооперацияси тугатилгунга қадар ўзгармасдан қолаверди.
Шу ерда табиий савол туғилади. Нега Ўзбекистонда кейинги ўн йилликларга келиб саноатда ҳунармандчилик саноатидаги ҳунармандчиликнинг катта қисми унутилди ёки республикамизда эътибордан четда қолдирилди? Бунга сабаб, биринчидан, 1930 йилларда ва ундан кейинги ўн йилликларда Ўзбекистонга собиқ иттифоқдош республикалардан ва Марказдан тайёр саноат маҳсулотларининг келтирилиши бўлса; иккинчидан, юқоридаги сабаблар натижасида Ўзбекистон Республикаси ва унинг вилоят ва туманларидаги ҳунармандчилик саноатининг азалий обрўси ва довруғи илдизига болта урилди; учинчидан, собиқ совет ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати натижасида Ўзбекистон иттифоқнинг хомашё етказиб берувчи базасига айланиб қолди; тўртинчидан, собиқ КПСС Марказий Қўмитаси ва СССР Министрлар Кенгашининг Марказий Қўмитаси ва Ўзбекистон ССР Министрлар Кенгаши, вилоятлар, туман, шаҳар комитетлари, партия ташкилотларига, Қорақалпоғистон АССР Министрлар Кенгаши, вилоят, туман, шаҳар, ижроқўмлари ва Ўзбекистон ҳунармандчилик кенгашлари ("Ўзпромсовет")га ҳунармандчилик артеллари аъзоларининг умумий йиғилиши қарорига асосланиб, ҳунармандчилик кооперацияси корхоналарини давлат идоралари ва матлубот кооперациялари бошқаруви ихтиёрига ўтказиш юклатилди.
Бу қарор натижасида жуда кўплаб ҳунармандчилик артеллари йириклаштирилган корхоналарга айлантирилди. Ўзбекистон ССРнинг кўпчилик шаҳар ва туманларида ҳунармандчилик кооперациясини давлат корхоналари билан ёнма-ён мавжуд бўлишига йўл қўйилмади. Ўзбекистон коммунистик партияси Марказий Қўмитаси ва Ўзбекистон ССР Министрлар Кенгаши республикада ҳунармандчилик кооператив саноатини бундан кейин мавжуд бўлишини фойдасиз деб топди ва 1960 йил 13 апрелда "Республика маҳаллий ва ҳунармандчилик кооперацияси саноати ишларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди. Шу қарорга биноан маҳаллий ҳунармандчилик ишлаб чиқариш артеллари ва Ўзбекистон ҳунармандчилик кенгаши ("Ўзпромсовет")нинг ногиронлар ҳунармандчилик артеллари давлат корхоналарига айлантирилди.
Шундай килиб, 1960 йилда Ўзбекистон ҳунармандчилик кенгаши ва унинг тармоқлари тугатиб юборилди. Шулар қаторида 1960 йилда Сурхондарё вилояти ҳунармандчилик иттифоқи ва унинг таркибида бўлган Жарқўрғондаги мавжуд иккита кўп тармоқли ҳунармандчилик артеллари ҳам тугатилди.
Хулоса қилиб айтганда ўша даврда ҳукм сурган маъмурий-буйруқбозлик шароитида ҳунармандчилик кооперацияси давлат органлари топшириқларини, кўрсатмаларини сўзсиз бажаришга мажбур бўлди. Ҳунармандчилик артеллари давлатлаштирилиб юборилди. Улар амалда давлат корхоналарига айлантирилди ва маҳаллий саноат вазирлиги ихтиёрига берилди.
(Давоми бор).
Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024