Совет органларининг бу кескин тадбири ҳунармандчиликни чеклабгина қолмай, унинг кўплаб турларининг йўқ бўлиб кетишига ҳам олиб келди. Асосан ногиронлар артеллари (уларни иш билан таъминлаш мақсадида) ва халқ бадиий ҳунармандчилиги сақлаб қолинди холос. Советларнинг ҳунармандларга салбий муносабати туфайли газлама, гиламдўзлик, кигиз тайёрлаш, кўнчилик, мисгарлик, бўёқчилик ва бошқа кўплаб ҳунармандчилик соҳалари 1960 йиллардан бошлаб йўқ бўлиб кетди. Улар ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг турлари ва ҳажми камайди, кооператив, саноат асосан ҳунармандчилик артеллари маҳсулоти 1940 йилда Республика саноати ҳажмининг 19 фоизини ташкил қилган бўлса, 1958 йилда 8, 5 фоизни, 1962 йилда эса атиги уч фоизни ташкил қилди.
Давлат корхоналари билан бир қаторда хусусий ёки кооператив мулкка асосланган ҳунармандчиликнинг бўлиши республика иқтисодий-маданий ҳаётида муҳим аҳамият касб этар эди. Лекин собиқ совет раҳбарларининг ўзбошимчалиги туфайли ҳунармандлар кооперацияси асоссиз равишда тугатилди. Бу республика аҳолисини (қолаверса туман аҳолисини ҳам) ҳаётий зарур маҳсулотлар билан таъминлаш ва маиший хизмат кўрсатиш аҳволини мушкуллаштирди.
1946 - 1990 йилларда маҳаллий саноат корхоналари фаолиятида ҳам жонланиш сезила бошлади. Ҳунармандчилик артеллари маҳаллий саноат таркибига қўшиб юборилгач, 1967 йилда Жарқўрғон шаҳрида Жарқўрғон силикальцит заводи қурилиши бошланиб, 1971 йили 11-қурилиш трести томонидан ушбу завод қурилиб битказилди. Жарқўрғон силикальцит заводининг иккинчи навбати 1984 йили Жарқўрғондаги 26-қурилиш трести қурувчилари томонидан қуриб битказилди. Силикальцит заводига хомашё Туркманистоннинг Красноводск шаҳридан олиб келинар эди. 1982 йилдан бошлаб эса шу завод учун оҳак тошлари тумандан 70 километр узоклиқдаги Бургуттепа (Термиз туманидаги Гулбахор хўжалиги) конидан олиб келинадиган бўлди. Жарқўрғон силикальцит заводи 1986 йили 4700, 1987 йили 4638, 1988 йили 5392, 1989 йилда эса 5711 минг сўмлик маҳсулотни реализация қилди.
Завод ишчиларининг иш ҳақлари эса (ҳар бир ишчи учун) бу йилларда; 1986 йили 235, 1987 йили 246, 1988 йили 269, 1989 йилда эса 273 сўмни ташкил қилди. Жарқўрғон туманида 1951 йилга келиб Жарқўрғон ғишт заводи (собиқ Н. Боймуродов жамоа хўжалиги ҳудудида) биринчи марта пишиқ ғишт ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 1959 йилга келиб заводда туб ўзгаришлар рўй берди.
Ғишт заводида махсус вагон тортувчи рельслар ўрнатилди. Заводга 15 дона ғишт ташийдиган вагонлар олиб келинди. Бу қилинган ўзгаришлар натижасида заводда иш унумдорлиги ортди. Ўша йилларда 2 минг метр квадрат уй-жойлар, иккита мактаб, туман қишлоқларида эса еттита мактаб, иккита касалхона ушбу заводда ишлаб чиқарилган пишиқ ғиштлар билан қурилиб ишга туширилди.
1963 - 1972 йилларда тумандаги ўн олтита йирик саноат корхоналари, 14408 ўринли йигирма тўртта мактаб, 896 ўринли икки қаватли марказий касалхона, 4230 ўринли ўн битта кинотеатр, 206 минг метр квадрат турар-жой бинолари Жарқўрғон ғишт заводида ишлаб чиқарилган пишиқ ғиштлардан қурилди.
Шу ўтган йилларда ғишт заводи томонидан 31 млн. сўмлик иш бажарилди. 1975 йилга келиб заводда йиллик иш ҳажми суммаси 127 минг сўмни, олинган фойда эса 13 минг 150 сўмни ташкил қилди. Шу олинган фойда ҳисобидан завод учун беш дона трактор, иккита юк автомобили сотиб олинди. Завод ўзининг шахсий транспортига эга бўлди.
(Давоми бор).
Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024