(Давоми).
1946 - 1990 йилларда туманда маҳаллий саноат билан бирга ёқилги-энергетика соҳасида ҳам маълум бир ишлар амалга оширилди. Маълумки, иккинчи жаҳон урушигача ва уруш йилларида қурилган электр станциялари ҳали вилоятни электр энергияси билан тўла таъминлай олмас эди. Буни ҳисобга олган вилоят собиқ партия ташкилотларининг 1945 йили бўлиб ўтган анжуманида 1945 йилда Қумқўрғон ГЭСи қурилишини ниҳоясига етказиш долзарблиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Лекин бу қабул қилинган қарорни урушдан кейинги тиклаш йилларида амалга оширишнинг иложи бўлмади. Сурхондарё вилоятини тoлиs электрлаштириш ҳаракати 1960-йилларга келиб муҳим ҳаётий эҳтиёжга айланди. 1966 йили Термиз, Жарқўрғон, Шеробод ва Ангор туманларида 42, 6 минг квт. бўлган, узунлиги 149 км.лик 110 квт. кучланишли ҳаво электр тармоғи қурилиб ишга туширилди. 1969 йили Жарқўрғон тумани электр энергияси билан тўла таъминланиб бўлинди. 1970 йилга келиб Сурхондарё вилоятини электр энергияси билан таъминлаш вазифаси тўлалигича бажарилди. 1970 йилларнинг бошларига келиб, Жарқўрғон энергетиклари олдидаги энг муҳим муаммолар истеъмолчиларга сифатли электр энергиясини етказиб бериш, ўрнатилган электростанциялар қувватини ошириш, электр ускуналарини эксплуатация қилиш маданиятини ошириш, электр энергиясини узатиш тармоқларининг мустаҳкамлигини ошириш, электр тармоқлари ва подстанциялардан фойдаланиш борасида кенг кўламли ишларни олиб бориш эди.
Жарқўрғон туманидаги янги қурилган совхозларнинг аҳолисини ичимлик суви билан таъминлайдиган насос станцияси учун кучланиши 35/6 квт. бўлган подстанция, 1976 йилда эса кучланиши 250 квт. бўлган иккита электр ҳаво йўли истеъмолчиларга яқин бўлган Жарқўрғон туманидаги "Южная" подстанциясигача қурилиб ишга туширилди. Бу эса энергияни кўп қабул қиладиган вилоятнинг жанубий туманларини сифатли электр энергияси билан таъминлаш масаласини ҳал қилди. 1970 йилларнинг ўрталарига келиб вилоятда электр энергиясини тўла ва ишончли таъминлаш бош масала бўлиб қолди. Жарқўрғон шаҳридаги жанубий электр тармоқлари қувватининг ортиб бориши натижасида бу ерда 220 квт. кучланишга эга бўлган иккита электр ҳаво йўли подстанциясининг қурилиши Термиз шаҳрини электр энергияси билан таъминлашда муҳим роль ўйнади.
Жарқўрғон туманида 220 квт.ли кучланишга эга бўлган «Жарқўрғон-Госграница» номли электр линияси қурилиши бошланди. 1985 йили Афғонистон Республикасидаги Мозори Шарифнинг ёрдамчи электр станциясига 110 квт. кучланишга эга бўлган электр линияси тортилди. Афғонистон Республикасига бундай электр линиясининг тортилиши Сурхондарё вилоятининг жанубий электр линияси тармоқларида электр қувватининг кучланишини оширди. Бу эса қўшимча электр тармоқлари жорий қилишни келтириб чиқарди. Шунинг учун Жарқўрғон шаҳрининг жанубий подстанциясида 500 квт. қувватга эга бўлган янги подстанция қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу подстанциянинг қурилиши фақат вилоятдаги электр энергиясига бўлган эҳтиёжларнигина эмас, балки қўшни Афғонистон Республикасини ҳам қўшимча электр энергияси билан таъминлашга ёрдам берди.
Юқорида келтириб ўтилган маълумотлардан кўриниб турибдики, Жарқўрғон туманидаги электр хўжалиги нафақат туман халқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалигини, балки вилоят хўжаликларини ҳам электр энергияси билан таъминлашда етакчи хўжаликлардан бири эканлигини кўрсатди.
(Давоми бор).
Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024