Маҳалла аждодларимизнинг юксак тафаккурини, урф-одатлар ва анъаналарини ўзида мужассам этган, бутун жаҳон аҳли ҳавас қиладиган эзгу қадриятларимиз кўзгусидир. Бугунги кунда юртимиздаги ислоҳотлар жараёнида миллий қадриятларимизни муносиб давом эттириш баробарида уларга янгича маъно-мазмун бахш этилаётгани халқимизнинг инсоният цивилизациясига қўшган катта ҳиссасини жаҳон бўйлаб намоён этиш, ёш авлодни бой тарихимизга эҳтиром, келажакка ишонч руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлаётир.
Жарқўрғон туманида бугунги кунда 66 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, унда фуқаролар тинч ва фаровон умргузаронлик қилмоқда. Дунёнинг бошқа ҳеч бир давлатида кузатилмайдиган бундай тизим эса аҳолининг маҳаллада бир оила сифатида бирлашишига азалдан замин яратилган. Президентимиз томонидан “22 март - Маҳалла тизими ходимлари куни” дея эътироф этилиши унда фаолият юритаётганлар учун бир томондан туҳфа бўлса, иккинчи томондан улар масъулиятини янада оширди.
Кеча туман ҳокимлиги томонидан тумандаги маҳалла тизимида фаол меҳнат қилаётган ходимлар учун байрам тадбири уюштирилиб, уларнинг ҳар бирига нусха кўчириш ва чоп этиш аппаратлари туҳфа қилинди. Бу эса улар иш фаолияти янада самарали бўлишига хизмат қилиши тайин.
Шунингдек, тадбирда туман ҳокими ўринбосарлари, фахрийлар иштирок этишиб, маҳалла тизими ходимларини байрамлари билан қутладилар. Туман Маданият бўлими санъаткорлари эса ўзларининг шўх куй-қўшиқлари билан тадбир иштирокчиларига қувонч улашдилар.
Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024