Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Жарқўрғонда маориф ва маданият (1946 -1980 йиллар)
Тадбирлар / 2021-03-26

(Давоми).

   Жарқўрғон тумани котиби Кенжаев Москва, Ленинград, Грозний нефть институтларига тўрт-беш нафар ўқувчини ўқиш учун жўнатди. Ўзбекистон стипендияси берилади, рус профессорлари сизларга содда қилиб лекция ўқийди, деб ваъда берди, лекин уларнинг бирортаси на Бухорога, на нефть институтларига боришмади. Шулардан икки нафари Низомий номли Тошкент педагогика институтини, бир нафари Тошкент Давлат университети ҳуқуқшунослик факультетини битирганларидан кейин бири Жарқўрғонга иккинчиси Ангор туманига ишга юборилди.

   Ўша йилларда туманда 15 тача мактаб бўлиб, улар да 180 тадан кўпроқ муаллим ишлар эди. Ўшанда 180 ўқитувчидан ўн-ўн бештасигина олий маълумотли ўқи­тувчилар эди. 1977 йилда ўқитувчилар аттестацияси ўтказилди. Ушбу аттестация шартларига тўлиқ жавоб берадиган математиклар раҳбари Тўраев Ўролга мето­дист ўқитувчи Ёрматов Боймаматга “Катта ўқитувчи” унвонлари биринчи бор берилди. Ундан кейин унвонли муаллимлар сони кўпайиб кетди. Перелинцева, Исмоилова, Тригубова, Раҳимова, Бекмирзаев Бадал, Ниёзов Муҳаммади ва Қулмирзаев Мирбойларга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган муаллим” унвонлари берилди. 1949 - 1950 ўқув йилидан бошлаб етти йиллик мажбурий таълим жорий этилди. Бу эса айни вақтда мактаблар сонини кўпайтириш, мавжуд мактабларнинг моддий-техник таъминотини талаб қилар эди. Ўша даврда қишлоқлардаги мактаб ёшидаги аҳолини мактабга жалб қилишда ҳам жиддий камчиликлар мав­жуд эди. Кўплаб ёшлар бошланғич таълим билан чекланиб қолаётган эди.

   Айниқса қиз болаларни ўқишга тортиш паст даражада эди. Қолаверса, бу даврдаги мактаблар, асосан, оталиқ ташкилотлари ҳамда жамоат ва бошқа хўжаликларнинг кучи билан қурилган бўлиб, уларнинг моддий-техник таъминоти ҳам ўта паст даражада эди. Кўпгина мактаблар мослашмаган биноларда жойлашган, қолаверса, мактабларда иситиш тизимлари, зарур асбоб-ускуналар ва мебеллар ҳам етишмас эди. Буни келтириб чиқарувчи сабаб шу эдики, совет тузуми даврида халқ таълими тизими “қолдиқ принципи”га асосан маблағ билан (асосан 1980 йилларда) таъминланар эди. Мактаб ўқувчиларини дарсликлар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш даражаси ҳам ўта ночор ҳолатда эди.

   Қишлоқ жойларида яшовчи ёшларнинг тўлиқ ўрта маълумот олишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон ССР Министрлар Кенгаши 1950 йил 22 сентябрда “Ёшларга ўртa маълумот олишлари учун зарур бўлган чора-тадбирларни кучайтириш” юзасидан қарор қабул қилди. Ушбу қарорга биноан узоқ жойларда яшовчи ёшларнинг тўлиқ ўрта маълумот олишлари учун шаҳар, посёлкалардаги айрим мактаблар қошида интернатлар ташкил этилди. Ана шундай интернатлардан бири 1960 йилда ҳозирги “Пахтаобод” маҳалласида қурилиб ишга туширилди. 1950 йилларнинг ўрталаридан бошлаб туманда мактаблар ва уларда таълим олувчи ўқувчилар сони ортиб борди. 1959 - 1965 йилларда туман халқ маорифи тармоқлари катта тараққиёт йўлини босиб ўтди ва халқ  маорифининг моддий-техник таъминоти бирмунча мустаҳкамланди. Айни чоқда мактаблар малакали мутахассислар билан тўлдирилиб борилди. Ўзбекистон ССР Олий кенгаши томонидан 1959 йил мартида “Мактабнинг ҳаёт билан алоқасини мустаҳкамлаш ва республикада халқ таълими тизимини янада ривожлантириш тўғрисида” қабул қилинган қонун ўқитишни янада ривожлантириш, таълимни ҳаётга, ишлаб чиқаришга яқинлаштириш, ёш мутахассислар етиштириб чиқариш сифатини ошириш мақсадларида
бутун ўқув-тарбиявий ишни такомиллаштиришни кўзда тутар эди.

   Ана шу мақсадда тумандаги мактаблар ишини қайта қуриш ва таълимни ижтимоий-фойдали меҳнат ҳамда ишлаб чиқариш билан боғлаш соҳасида анчагина
ишлар амалга оширилди. Ўқувчиларни касб-ҳунарга тайёрлашни кенгайтириш
борасида талай ишлар амалга оширилди. 1961 - 1962 ўқув йилида бошланғич
мактабларнинг бир қисми ва барча етти йиллик мактаблар саккиз йиллик мактабларга айлантирилди.

   Умумий мажбурий таълимга ўтиш усули яхши самаралар бера бошлади. Буни
ўқувчиларнинг турли сабаблар билан мактаблардан кетиб қолишининг йил сайин камайиб боришида ҳам кўриш мумкин бўлди. 1972 йилга келиб туманда 56 та умумий ўрта таълим мактабларида 26, 2 минг ўқувчи ёшлар таълим олдилар. Лекин, афсуски бошқа соҳаларда бўлгани каби туман халқ таълимида ҳам буйруқбозлик нуқтаи назаридан туриб, экстенсив ёндошиш кучайиб борди.

    Бунинг оқибатида билим беришда сифат муаммолари четга суриб қўйилиб,
миқдор кўрсаткичлари биринчи ўринга қўйилди. Кўпгина мактаблар намунавий
лойиҳасиз иморатларда жойлашган бўлиб, ўқув қуроллари, кўргазмали воситалар билан етарли даражада таъминланмаган эди. Қолаверса айрим фанлардан
малакали мутахассис ўқитувчилар етишмас эди. Шунингдек, таълим беришда
назария билан амалиётни уйғун ҳолда олиб бориш ишларига етарли даражада
эътибор берилмади.

Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.

Рўйхатдан ўтиш
27 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?
Ҳа
3%
Унчалик эмас
1%
Йўқ
100%
Жами: 2214 овоз берилди.