Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Жарқўрғонда маориф ва маданият (1946 -1980 йиллар)
Тадбирлар / 2021-03-29

(Давоми).

   Аҳволни хўжакўрсинга яхшилаш орқасидан қувиш халқ таълими соҳасига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатди. Таълим беришда бир хилликка одатланиш, ижодий ёндошишнинг бўғиб қўйилиши, миллий-маданий меросдан ёш авлодни бехабар кайфиятда тарбиялашга интилиш каби ҳолатлар маънавий ҳаётга жиддий таъсир кўрсатди. Аммо шунга қарамасдан халқ таълими муассасаларининг сонини кўпайтириш, янги-янги ўқув муассасаларини ташкил этиш борасида анчагина амалий ишлар амалга оширилди. 1965 йилга келиб саккиз йиллик политехника таълими мактабларининг сони 397 тага етди. Вилоят ёшларига касб ўргатиш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди.

   Жарқўрғон туманида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари пармалаш ва нефть конларини ишчи кадрлар билан таъминлаш мақсадида 1967 йили Какайди посёлкасида 6-сонли ҳунар-техника билим юрти очилди. Билим юртига кекса ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган нефтчи Алижон Мамедович Худойдодов директор этиб тайинланди. Директор дастлаб дизель машинистлари, пармаловчи ёрдамчилар, электр монтёрлар, ғишт терувчилар ва нефть қазиб чиқариш операторлари ихтисосликлари бўйича ўқувчиларни билим юртига қабул қилди.

   Биринчи йили билим юртига 125 нафар ўқувчи қабул қилинди. Улар билим юрти учун бўшатиб берилган нефть конлари идорасининг собиқ биносида ўқишди. 1979 йили Какайди посёлкасидаги билим юрти ўқувчилари ўрта мактабнинг собиқ биносида ўқиди. Бу эса ўқитувчилар, ишлаб чиқариш усталари ва ўқувчилар учун бирмунча қулайликлар яратди. 1967 - 1971 йилларда бу ерда 312 нафар ёш ишчи ходимлар тайёрланди.

   Шундай қилиб А. М. Худойдодов раҳбарлигида Э. Тошпўлатов, Н. Сувонов, А. Бўриев, Ҳ. Холматов, М. Сабангулов, Ё. Ботиров ва А. Жўраев, жисмоний тарбия раҳбари Э. Алланазаров, хўжалик ишлари мудири М. Маматқулов ҳамда хисобчи О. Дулдиевлар ташаббус ва фидойилик кўрсатиб, ҳунар масканининг дастлабки қадамларини дадил ташлашига асос солган эдилар.

    Бироқ хунар-техника билим юртларида ўқиш ва ўқитишни ташкил қилишда жиддий қийинчиликлар ҳам мавжуд эди. Чунки бу ўқув юртларига асосан мактабларда ўзлаштириш даражаси паст, тарбияси бироз оғирроқ ўқувчиларнинг жўнатилиши ҳам ҳунар-техника билим юртларида ўқитиш ишларини яхши йўлга қўйишга жиддий салбий таъсир кўрсатар эди. Уруш йилларидан кейин мактабгача тарбия муассасалари қурилишига ҳам кенг эътибор берила бошланди. 1970 йилларнинг бошларига келиб Жарқўрғон туманидаги “Ҳ Олимжон” номли жамоа хўжалиги ҳудудидаги кичик-кичик қишлоқлар тугатилиб, улар ўрнида тўртта замонавий посёлкалар бунёд этилди. Жамоа хўжалигида беш йиллик давомида 4188 квдрат метр уй-жой, тўққизта дала шийпонлари қуриб ишга туширилди. 350 ўринли болалар боғчаси очилди. Замонавий типда қурилган болалар боғчаларида 616 нафардан ошиқ кичкинтойлар тарбияланди ва бепул овқатлантириладиган бўлди.

   Давлат хўжалиги (илгари жамоа хўжалиги эди) меҳнаткашлари 1979 йили мактабгача болалар муассасалари ишларини янада яхшилаш борасида бир қанча ишларни амалга оширишди. 1979 йили Халқаро болалар йили муносабати билан давлат хўжалиги идораси болалар боғчасига айлантирилди. Битта янги болалар боғчаси ташкил қилинди. Хўжалик меҳнаткашларининг мактабгача тарбия ёшидаги 946 нафар ўғил-қизидан 400 нафари боғча ва яслиларга жойлаштирилди. Боғча ва яслилар иши яна ҳам яхшиланди.

   Мактабгача тарбиянинг иш сифати яхшиланди. Малакали тарбиячилар сони 35 нафарга етди. Уларнинг 18 нафари олий ва ўрта маълумотли мутахассислар эди. 15 нафар тарбиячи қайта тайёрлов ёки малака ошириш курсларида ўқитилди. Болаларнинг соғлиги ва саломатлигига жиддий эътибор берилди. Тиббий хизмат кучайтирилди. Болаларга бериладиган овқатларнинг турлари кўпайтирилди.

   Сутли овқатлар билан таъминлаш анча яхшиланди. Боғчалар керакли ускуналар билан таъминланди. Ўйинчоқлар сони ва уларнинг турларининг кўпайтирилишига алоҳида эътибор берилди. “Ҳ. Олимжон” давлат хўжалиги жамоаси 1980 йили мактабгача болалар муассасаларини янада яхшилаш юзасидан қилинадиган ишларни яхшилаш ва уни амалга ошириш кераклигига эътиборни қаратди.

   Давлат хўжалиги ишчи ва ходимларининг мактабгача тарбия ёшидаги болаларининг олтмиш фоизи боғча ва яслиларга жалб этилди. Боғчалар қошида қўшимча равишда 150 ўринли хоналар қурилди. Мавсумий боғча ва яслиларда 230 нафар болалар тарбияланди. “Юлдузча” номли боғча қошида янги ошхона, ёрдамчи бино - зал қурилди. “Пахтаобод” маҳалласида эса унинг филиали очилди. Болалар эртак шаҳарчасини қуриш учун 60 минг сўм маблағ ажратилди. Боғчалар янги жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Тарбиячи кадрларнинг иш сифатлари яхшиланди.

   Уларнинг олтмиш фоизи қайта тайёрлов курсларидан ўгказилди. Илғор тарбиячиларнинг иш методлари оммалаштирилди. Шу асосда болаларга бериладиган ўқув-тарбия ишларининг сифати ҳам оширилди. Айниқса, болаларни мусиқани ўрганишга, рус тилини эгаллашларига алоҳида эътибор берилди. Болажонларнинг соғлиги доимий назорат остига олинди ва вақти-вақти билан текширувдан ўтказилиб турилди. Болалар учун махсус ҳаммом қурилиб ишга туширилди. Боғчалар ва яслилар қаттиқ ҳамда юмшоқ буюмлар, ўйинчоқлар, кўргазмали ўқув қуроллари, болаларга аталган бадиий ва методик адабиётлар билан тўла таъминланди.

   Бу соҳага эътибор анча кучайтирилди. Боғча ва яслиларда озиқ-овқатларнинг сифати, тўйимли бўлишига эришилди. Тўртта ошпаз қайта тайёрлов ва малака ошириш курсларидан ўтказилди. Боғчалар ва яслилар мунтазам равишда ҳар йили жорий таъмир қилиб борилди. Бундай ижобий ўзгаришларни туманнинг бошқа жамоа хўжаликлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

    Жарқўрғондаги “Партия XXII сьезди” (кейинчалик “Оққўрғон”) жамоа хўжалигида ҳам эндигина ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш ишига муҳим ҳаётий масала деб қаралди. Жамоа идораси болалар учун 1979 йили ажратиб берилди. Натижада жамоада мавжуд мактабгача ёшдаги 1152 боладан 644 таси боғча ва яслиларга қатнай бошлади ёки мактабгача ёшдаги кичкинтойларнинг олтмиш фоиздан кўпроғи боғча ва яслиларга тортилди. Шу жамоада 1983 йили яна битта 180 ўринли болалар боғчаси қуриб фойдаланишга топширилди.

   Жарқўғон тумани халқ маорифи тарихида 1970 - 1980 йиллар янада ривожланиш палласи бўлиб тарихга кирди. Шу йиллар мобайнида мактабларда ишлаётган ўқитувчилар сони ҳам йил сайин кўпайиб борди. Туман маориф тизимини юксалтиришда мактабларда фаолият юритган халқ таълими жонкуярларининг хизматлари катта бўлди. Айнан ана шу даврда туманнинг илғор ўқитувчиларидан И. Йўлдошев, Э. Мустафоқулов, Ш. Ўроқов ва бошқа мураббийлар туман ёшларига илм-фандан сабоқ беришда жонбозлик кўрсатиб фаолият юритдилар. Бу йилларда туман халқ таълими тизимининг моддий-техник таъминоти даражаси ҳам йилдан-йилга мустаҳкамланиб борди. Бироқ маъмурий-буйруқбозлик тизимида тўпланиб борган жуда қўпол хато ва камчиликлар халқ таълими тизимида ҳам яққол сезилди. Бу нуқсонлар аввало мустабид тузум шароитида ўқитишда бир хилликка интилиш, режа ва дастурларни ишлаб чиқишда маҳаллий шароит талабларини инобатга олмасликда кўзга ташланди. Бу даврда иқтисодиётдаги турғунлик ҳолатлари таълим муассасалари равнақига таъсир ўтказди. Жумладан, шу даврда кўпгина мактаблар намунавий лойиҳаларсиз қурилди. Қишлоқ мактабларининг 80 - 90 фоизи сувқувур, канализация ва марказлашган мосламаларга эга эмас эди.

   Шунингдек, замонавий ўқув дастурлари, турли хил ўқув қуролларининг етишмаслиги ҳам таълим сифатини оширишга тўсқинлик қилар эди. 1984 йилда собиқ совет ҳукумати раҳбари К. Черненконинг бошлаган мактаб ислоҳотини ўтказиш­га бўлган уринишлари етарли натижа бермади. Шунга қарамасдан, фидойи ўқитувчиларнинг ўз касбига бўлган муҳаббати ва тинимсиз меҳнати туфайли туман халқ таълими тизими маълум ютуқларни қўлга киритди.

Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.

 

Рўйхатдан ўтиш
20 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?
Ҳа
3%
Унчалик эмас
1%
Йўқ
100%
Жами: 2214 овоз берилди.