Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Жарқўрғонда маориф ва маданият (1946 -1980 йиллар)
Тадбирлар / 2021-03-31

(Давоми).

   Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда туман маданий ҳаётида ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Хўжаликни тиклаш даврининг қатор қийинчиликларига қарамасдан туманда маданий равнақи йулида анчагина ишлар амага оширилди. Жарқўрғон тумани маданиятининг ривожланишида аҳолига хизмат кўрсатаётган кутубхоналар ҳамда халқ дасталарининг ўрни ҳам беқиёс даражада улуғ бўлди.

   Аҳолига маданий хизмат кўрсатаётган бундай муассалар сони йилдан-йилга ортиб борди. Агар 1924 йилда Сурхон воҳасида атиги биттагина кутубхона бўлган бўлса, кейинги йиллар давомида уларнинг сони 436 тага етди. 1960 йилларда “Коммунизм” (кейинчалик  “А. Навоий”) жамоа хўжалигида 400 ўринли клуб, ҳаммом, ёзги кинотеатр, стадион, болалар боғчаси, дала шийпони ва кўплаб тураржой бинолари қад ростлади. Хонадонлар тўлиқ электрлаштирилди ва радиолар ўрнатилди, кўчалар асфальт қилинди. 300 нафар жамоа аъзолари ўз жамғармалари ҳисобидан янги уйжойлар қуриб олишди. 1972 йилга келиб туманда 45 та кутубхона фаолият кўрсатди.

   Умуман, ана шу йиллар оралиғида туман аҳолисига кўрсатилаётган маданий хизмат даражаси ҳар томонлама кенгайиб борди. 1970 йиллар бошларига келиб, туманнинг “Ҳ. Олимжон” давлат хўжалигида X беш йиллик (1976 - 1980 йиллар) даврида 1151 минг сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. 25 километрдан ортиқ ички ва ташқи йўллар асфальтланди ва шағал тошлар тўкилди.

   Қишлоқ аҳолисининг фаровонлиги ва маданий-маиший турмуш даражаси ошганлигининг муҳим кўринишларидан бири “Ҳ. Олимжон” номли давлат хўжалигининг аъзоларининг замонавий уйларда яшаётганлиги, яхши жиҳозлар билан таъминланганлигида бўлди. “Яхши дам меҳнатга ҳамдам” дейди доно халқимиз. Хўжалик раҳбарлари ва касаба уюшмаси дала шийпонларини чинакам дам олиш хонаси (унда газета ва журналлар, фотоальбомлар ва турли кўргазмалар)га айлантирди.

   Бу дала шийпонлари она ва болалар, санитария хонаси, телевизор, радиоприёмник, музлатгич ва тикиш машиналари билан тўла таъминланди. 1981 йилга келиб давлат хўжалигида иккита доимий, йигирма учта мавсумий болалар боғчалари ишлаб турди. Қишлоқ маданиятини кўтариш, ободончилик, маданий қурилиш ва кўкаламзорлаштириш ишларини яхшилаш борасида анчагина ишлар амалга оширилди. Эски пахса деворли кўримсиз уйлар ўрнига режали равишда замонавий уйлар қурилиб, улар барча қулайликлар билан таъминланди. Барча уйларга ичимлик сувлари ўтказилди. Хўжаликдаги қинғир-қийшиқ кўчалар ўрнига кенг кўчалар ўтказилиб, асфальтлаштирилди, йўлаклар барпо этилди.

   Кўчапарнинг икки томонида мевали ва мевасиз дарахт кўчатлари ўтказилди. Улар эса қишлоқларнинг ҳуснига ҳусн қўшди. “Ҳ. Олимжон” давлат хўжалигида 1981 йилда учта тиббий пункт, алоқа бўлими, маиший хизмат кўрсатиш комбинати, битта ҳаммом, битта ёзги клуб, тўртта кутубхона ва савдо нуқталари аҳолига хизмат қилди. 1981 йилда хўжаликда телевизори ва радиоси бўлмаган биронта хонадон қолмади. 1976 - 1980 йилларда “Ҳ. Олимжон” хўжалиги аъзоларининг ҳаётида радиоузелнинг роли тобора ортиб борди. Хўжаликдаги, тумандаги ва республикамизда рўй бераётган ўзгаришлар, хўжаликдаги камчиликлар рўй-рост айтиб борилди. Тўйлар, эълонлар ва қишлоқ ҳаётига доир янгиликлар радиоузел орқали хўжалик аъзоларига мунтазам равишда етказиб турилди. Хўжаликда ёш талантларнинг маҳоратини ўстиришга эътибор кучайтирилди.

Аксарият хўжалик аъзоларининг ўғил-қизлари ҳаваскорлик тўгаракларида иштирок этдилар. Ансамблга Ҳамро Тожиев (марҳум) раҳбарлик қилди. Ансамбль қатнашчилари дала шийпонларда, болалар боғчаларида ва фермаларда тез-тез бўлишиб концертлар қўйиб бердилар. Бу жамоа туман, вилоят бадиий ҳаваскорлик кўрикларида қатнашиб иккинчи даражали диплом билан тақдирландилар. Бундай маданий тадбирлар туманнинг барча хўжаликларида яхши йўлга қўйилиб борди. Туман маданий ҳаётида бу йилларда улкан ўзгаришлар қилинди. Аҳолига қилинаётган маданий хизмат даражаси яхшиланди, маданият муассасаларининг моддий-техник таъминоти яхшиланиб борди. Аммо маънавий ва маданий соҳаларни баҳолашда синфийлик ва партиявийлик нуқтаи назаридан ёндошиш, мафкуранинг адабий муҳит устидан ҳукмронлигига интилиш тамойиллари маданият ва санъат равнақига жиддий зиён етказди. Маънавий соҳада бир томондан сезиларли ўзгаришлар юз берган бўлса, иккинчи томондан, маънавий жиҳатдан қашшоқлашиш ҳолатлари устуворлашиб борди.

Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.

Рўйхатдан ўтиш
20 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?
Ҳа
3%
Унчалик эмас
1%
Йўқ
100%
Жами: 2214 овоз берилди.