Бугунги кунда жарқўрғонлик спортчиларимиз Халқаро ареналарда ҳам юртимиз байроғини юқори кўтариб, олтин медал ва камарлар соҳиби бўлиб, юртга танилмоқда. Ана шундай спортчиларимиздан бири бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон кубоги ғолиби, Ўзбекистон чемпионати ғолиби, Осиё чемпионати кумуш медал соҳиби, Жаҳон чемпионати иштирокчиси, профессионал бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг кумуш медали соҳиби, катталар ўртасида Халқаро турнир ғолиби, профессионал бокс бўйича МДҲ ва Славян камари соҳиби Расулов Музаффар Равшан ўғлидир.
Музаффар Расулов 1997 йилда Жарқўрғон туманида таваллуд топган. Унинг ёшликдан спортнинг ушбу турига бўлган қизиқиши сабаб, вилоятдаги илк бокс бўйича спорт устаси Абдиманнон Измамадовдир. Музаффар мураббий қўл остида шуғулланиш билан бир қаторда бокс сирларини мутассил ўрганиб борди.
Узоқ муддат қилинган меҳнат эса бугунги кунда ўз самарасини бермоқда. Музаффар мамлакат чемпионатлари кубок баҳсларида қатнашиб тобланиб борди ва бир қатор юқори натижаларни қўлга киритди. Яқинда профессинал бокс бўйича МДҲ ва Славян давлатлари мусобақасида муносиб иштирок этиб, финал баҳсида ҳам рақибини накоутга учратиб камар соҳибига айланди.
Бугун Жарқўрғон туман Темир йўл вокзалида ушбу спортчи туман ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт бўлими, Маданият бўлими ҳамда Болалар-ўсмирлар спорт мактаби вакиллари томонидан тантанали равишда кутиб олинди. Шундан сўнг, тумандаги спортчи таълим олган 2-сонли умумтаълим мактабида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024