Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин Жарқўрғон тумани меҳнаткашлари ҳаётида ҳам шеърият мавзуси ва жанрларининг бойлиги ва хилма-хиллиги билан таърифланади. Ўзбек тупроғида юзага келган шеъриятнинг қудратли кучи, чинакам новаторлиги, жанрлари ва услублари жиҳатидан бойлигидан далолат берувчи ажойиб поэтик асарлар, ҳикоялар, қиссалар пайдо бўлди.
Ўзбек адабиётида ўз овози ва ўз сози билан ажралиб турувчи қирраларга эга бўлган шоиралардан бири Раъно Узоқовадир. Раъно Узоқова бадиий ижоднинг турли шаклларида қалам тебратди. Бу борада ўзининг истеъдодини намоён эта олди. Унинг шеърларида замин ва замон туйғулари, инсон ва иймон талқинлари, одам ва олам муаммолари етакчи бўлганидек, айни шу ҳодисалар адиба ҳикояларига ҳам хосдир. Раъно Узоқованинг шеърлари ва ҳикояларидаги теран мушоҳада, чуқур мулоҳазалар, аввало, унинг зукко кузатувчанлиги фазилатидандир. Ёш қизалоқ Раъно уч ёшида ота-онадан етим қолади ва меҳрибон опа Марям Бадриддинова исмли аёл қўлида вояга етди. Раъно ўрта мактабни тамомлагач, 1927 - 1931 йилларда Термиз таълим-тарбия билим юртида таҳсил олди. Шундан кейин ўқитувчилик қилди. У 1938 йили Бухорога келди ва “Бухоро ҳақиқати” газетасида ишлади. 1940 - 1942 йилларда Самарқанд вилояти газетасида, айни пайтда радиоэшиттириш қўмитасида фаолият кўрсатди. У 1944 йили “СССР ёзувчилар уюшмаси”га аъзо бўлди, бу қувончли ҳодиса унинг илҳомига илҳом қўшди.
Раъно Узоқова 1936 йилнинг августидан бошлаб Қизилтепа туман театрида артистлик қилди. Агар Раъно Узоқова машҳур шоира бўлмаганида таниқли актёр бўлиши мумкин эди. Раъно саҳнада узоқ вақт ишлагани учун бир талай саҳна асарлари яратди. Шулардан бири “Учрашув” номли драмасидир. Шунингдек, адибанинг “Қувонч”, “Табассум”, “Қиймат”, “Иссиқ совуқ”, “Ўғирланган бахт”, “Рашк”, “Зафарнинг ҳукми” номли қатор ҳикоялари мавжуд. Шоира ранг-баранг мавзуларда ёзилган “Малоҳат”, “Fалаба”, “Сарвқад”, “Гуландом”, “Макр ва муҳаббат” каби бешта достонларнинг муаллифи ҳамдир. “Макр ва муҳаббат” кавказ халқлари афсонаси асосида (1940 йил, Кисловодск) ёзилган ва у ғоявий мазмуни жиҳатидан китобхонни беҳос ларзага солади.
Оддий чўпон йигит ва маккора хон қизи можаровий севгиси вокеалари достоннинг мазмуний хилқасини қамраб олади. Маккора хон қизи ва оддий чўпон севгиси сирлари ошкор бўлгач, қиз чўпон йигит ҳузурига ошиқади, иккиси севги йўлида тоғдан ташлаб ўлишга аҳд қилишади: Соддадил чўпон йигит ўзини нобуд қилади, аммо хон қизи журъатсизлиги туфайли бунга жазм қила олмайди. Шу тариқа тилларда достон бўлган, дилларга ғулғула солган машъум севги фожеасига хотима битилади. Шоира ўзини мумтоз адабиётнинг ғазал жанрида ҳам синаб кўрди ва бу борада маълум ютуқларга ҳам эришди. Шоиранинг дилрабо ғазалларидаги жозиба, беқиёс сеҳр, чексиз сир-асрор кишини уммон қадар хаёллар оғушига етаклайди.
Раъно Узоқова ижоди айни гуллаган пайти 1947 йили Самарқандда 31 ёшида юрак хасталигидан вафот этди. Шоира тириклигида унинг “Мардона юринг” (1942) номли шеърлар тўплами чоп этилган бўлса, кейинчалик “Шеърлар” (1948), “Субҳидамда учган қалдирғоч” (1969), “Сайланма” (1993) номли китоблари олам юзини кўрди. Шоира ижодини элга етказишда самарқандлик Мардонқул Муҳаммадқулов ва деновлик филолог олим Тоштемир Турдиевларнинг хизмати катта бўлди. Шунингдек, Шароф Рашидов, Насрулло Охундий, Душан Файзий, Нормурод Нарзуллаев ва Абдуғофур Расуловларнинг шоира ижодига бағишлаб ёзган мақолалари эътиборга лойиқдир. 1970 йилларда Жарқўрғонда Шодмон қори бахши Холлиев умри давомида хат-саводи бўлмаган бўлса-да, ўзининг тиришқоқлиги, хотирасининг яхшилиги туфайли 40 дан ортиқ достонларни ёд олиб, халқ орасида куйлаб юрган, ўзи ҳам ижод қилиб бахши-шоир даражасига эришган инсон эди. Шодмон бахши “Гулиқаҳқаҳ пари” (Журналист Абдулла Холмирзаев томонидан ушбу достоннинг қисқача мазмуни ёзиб олинган), ’’Алимбек” (Қаранг: бу достой 1960 йилнинг ноябрь ойида қизириқлик шоир Карим Маллаев томонидан ёзиб олинган ва 2016 йил октябрь ойида “Маънавият гулшани” газетасида эълон қилинган) достонларини бутун умри давомида куйлаб юрган бахши-шоир эди.
Унинг ўз асрида ўзининг ихлосмандлари талабига ва дидига мос термаларни шу ернинг ўзида маҳоратли тўқиши, дўмбирани сеҳрли оҳангларда сайратиб бағоят ширали овозда куйлаши, ҳозиржавоблиги, бадиҳагўйлиги ҳамда сюжет тузишга усталигини ҳисобга олиб, халқ уни фақат бахши деб эмас, балки шоир ҳам дея таърифу тавсиф этган эди. Бахшининг 1972 йили апрель-май ойларида Сурхон воҳасида 9 май арафасида қуриб битказилган каналнинг қурилишига бағишланган “Fалаба” деб ном олган термаси ҳам сақланиб қолган.
1972 йили июнь ойида Эргаш Жуманбулбул ўғлининг юз йиллигига бағишлаб Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқ бахшиларининг биринчи зонал кўригида қатнашиш учун 1972 йилнинг баҳор ойида Денов шаҳрида ўтказилган бахшилар кўрик танловида Шодмон қори Холлиев ғолиб чиқиб, вилоятда биринчи ўринни эгаллаб, 1972 йилнинг июнь ойида ўтказилган Республика халқ бахшиларининг биринчи республика зонал кўригида ҳам фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Шодмон бахши Тошкентда бир неча бор ўтказилган санъаткорлар кўрик танловининг совриндори ҳам ҳисобланади.
Туман ижодкорлари орасида ўз услубига эга қалам соҳибаси сифатида Жамила Эргашева (1956 йил туғилган) нинг хизматлари катта. У 1974 - 1979 йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиди. “Сурхон тонги” вилоят газетасида ишлади. Вилоят хотин-қизлар нашри “Аёл ва замон” газетасининг бош муҳаррири бўлди. Унинг кўплаб ҳикоялари республика матбуотида эълон қилинган.
Адибанинг “Изҳор” (1992), “Интиқом” (1997), “Таназзул” (1998) номли ҳикоялар тўплами мавжуд. Ж. Эргашева мустақилликни моҳиятан чуқур англаган адиба, чуқур мулоҳаза фикрга эга, Ватан ва унинг қадриятларини теран сезадиган, ижодида халқ орзу умидларини, келажагини ижодий таҳлил қила оладиган шоирадир. Унинг ғоясида “Одамнинг дардини одам олади”, “Уйингда, ҳеч бўлмаса талашиб-тортишувчи бир одаминг бўлсин”, ’’Ёлғизлик жуда ёмон” каби ғоялар ижодининг инсон тақдири билан боғлиқлиги, инсон дардини инсон олиши, ижоднинг ҳам кучи одамларнинг ўзаро ҳамкорлиги билан боғлиқ эканлиги қайд этилади.
Жамила Эргашева қаламга олган мавзуларнинг аксарияти воҳа кишиларининг ҳаёт ташвишлари, меҳнат юмушлари, урф-одатлари, оддий турмуш тарзи воқеаларига бағишланган. Унинг ҳикояларида воҳа аёлларининг ҳаёти, андиша ва ўйлари акс эттирилади. Аёл қалби, аёлларнинг нозик ҳиссиёти, гоҳо уларнинг синиқ кўнгли, гоҳо эркак қалби сиғдира олмаган дарду аламларга аёл бардоши сингарилар сирли сатрларда ифодаланиши адиба ҳикояларининг етакчи хусусиятларидан ҳисобланади.
Жарқўрғон туманидан Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг аъзолари Тожимурод Турдиев, Холмўмин Худойқулов, Мамаражаб Маматқулов, журналистлардан Шароф Муҳаммадиев, Алишер Поёнов ва бошқалар воҳа адабий ҳаракатчилигида, туманнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётига оид ўзларининг кўплаб мақолалари билан ижод қилиб, баракали хизмат қилиб келдилар. Туман адабий ҳаётига оид бу мавзу ҳали яна кўплаб янги номлар билан бойитилиши ва ушбу соҳадаги изланишлар ҳали тинмай давом эттирилиши лозим.
Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024