Халқимизда “Ҳунарли хор бўлмас” деган пурмаъно нақл бор. Зеро, инсон ҳунари уни юксакларга олиб чиқади. Жарқўрғонлик ҳунарманд Нуриддин Шукуров ҳам бугунги кунда ёшлигидан меҳр қўйган ҳунари турфа кўринишдаги мебеллар ясашни касб қилди. Узоқ йиллик изланишлар натижасида Нуриддин Шукуров бугун ўз ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этган ҳолда халқимизга мебел маҳсулотлари етказиб бермоқда.
“Ҳусниддинбек” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб бугунги кунда 4 нафар шахсни ишли қилган тумандошимиз яқин кунларда яна иккита иш ўрни ташкил этишни ният қилган. Узоқ йиллик меҳнати туфайли эса, туман марказида дўкон очиб, савдо қилишни ҳам йўлга қўйган. Шкаф, шифонер, сандиқ, тошойна каби бир қатор мебелларни буюртма асосида истаган кўринишингизда тайёрлаб беришади.
-Ҳар қандай вазиятда ҳам ёнимда қоғоз қалам бўлишига интиламан,- дейди биз билан суҳбатда Н.Шукуров.-Ғоя келган вақтда қоғозда акс эттириб қолишга ҳаракат қиламан. Чунки ҳозирги давр талаби янги нарсаларни халқимизга тақдим этсак, мижозимиз сафи янада кенгая боради.
Ҳа, ҳунаридан зар ундираётган инсонлар дея шундай инсонларга айтишса керак. Зеро, изланишу интилишдан тўхтамаган инсоннинг ҳамиша ошиғи олчи бўлмоғи тайин. (Суратларда Н.Шукуров ижодидан намуналар).
Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024