Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Жарқўрғон тиббиёти тарихи ва унинг асосчилари (1920 - 1980 йиллар)
Тадбирлар / 2021-04-06

   Жарқўрғон тарихи унинг тиббиёти тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, тиббиёт тарихи шу элнинг тарихи, равнақини ифодалайди. Инсон бор экан, саломатлик учун кураш, интилиш ҳам мавжуд бўлади. Жарқўрғон замонавий тиббиётининг пайдо бўлиши XX асрнинг 1920 - 1930 йилларига тўғри келади. Унгача эса 1925 йилда эски масжид биносида (ҳозирги “Янгиқишлоқ” маҳалласи ҳудудида) ҳарбий лазарет жойлашган бўлиб, бу ерда маҳаллий аҳоли ҳам даволанган. Ҳозирда ушбу масжид деворининг айрим қисми ҳамда ёши юз йилдан кам бўлмаган уч туп тут дарахти сақланиб қолган.

   Жарқўрғонда қизил аскарлардан иборат катта қўшин жойлашган бўлиб, бунинг ўзига хос сабаблари бор эди. Термиз ихтиёридаги бу ерлар муҳим - стратегик аҳамиятга эга бўлган. 1924 йилнинг 25 январида Юқори Какайди қишлоғида Термизга ёриб кирмоқчи бўлган Иброҳимбек қўрбоши қўшини билан Дроздовский қўмондонлигидаги махсус бригада ўртасида қонли жанг бўлиб ўтади. Шунинг учун бу ерда қўшин туриши мақсадга мувофиқ бўлган. 1925 йилда қурилиши бошланиб, 1929 йилнинг 1 сентябрида узунлиги 248 км. бўлган Термиз- Душанбе темирйўлининг ишга тушиши Жарқўрғон тумани иқтисодий ва маънавий ҳаётида катта аҳамият касб этди. Жарқўрғон марказидан ўтувчи Термиз- Душанбе темир йўлининг Бухоро-Термиз йўлига уланиши Ўзбекистоннинг пойтахти ва катта шаҳарларига чиқиш, доимий алоқа ўрнатилиши ҳамда хўжалик юкларини ташиб келтириш имкониятини яратди.

   1930 йилда Ховдак ва Какайдида нефть конлари очилди. Кўплаб мутахассислар, қурувчилар ўз оилалари билан кўчиб кела бошлади. Россиянинг турли шаҳарларидан келаётган оилалар таркибида шифокорлар ҳам бор эди. Аҳоли сонининг ошиб бориши катта шифохона қурилишини тақозо этар эди. 1930 йил­да 50 ўринга мўлжалланган бир қаватли шифохона қурилиб ишга туширилди.

   Ўша йиллари Жарқўрғон тумани катта ҳудудга эга бўлиб, ҳозирги Ангор туманининг бир қисми ва Қумқўрғон туманлари ҳудудлари ҳам қараган. 15 дан зиёд колхоз, жумладан, Юқори Какайди, Жалойир, Қумқўрғон, Хўжамиён, Ангор, Занг, Тўпқора ва Оққўрғон қишлоқ кенгашлари мавжуд бўлган. Туман марказй шифохонасининг изчил ривожланиши, одамлар ишончини қозониш осон кечмаган. 1940 йилга келиб туманда соғлиқни сақлаш бўлими ташкил этилди. Бўлим бошқариш 1938 йилдан меҳнат қилаётган М. Кулаковага топширилди.

   Мутахассислиги педиатр бўлган бу аёл бир вақтнинг ўзида туман марказий шифохонаси бош врачи вазифасини ҳам олиб борди. Бу даврга келиб, Сурхон давлат хўжалиги шифохона, амбулатория, Ховдак, Лалмикор ва Какайди врачлик пунктлари мавжуд эди. Врачлардан Л. П. Клюевич “Ховдак”, Т. Е. Лифшиц “Лалмикор”, Ю. А. Гурьевич “Какайди“ врачлик пунктлари мудири бўлиб ишлашди. Бундан ташқари, тумандаги барча болалар боғчалари соғлиқни сақлаш тизими ихтиёрига қарар эди. 1940 йилнинг 2 июнида Қумқўрғон хўжалигида қишлоқт шифохонаси очилди. Шифохона мудирлигига Маслов тайинланди. Марказий шифохонадаги икки отнинг бири Қумқўрғон шифохонаси ихтиёрига берилди. Август ойида безгак касаллигига қарши курашувчи тропик станция ташкил этилди. Станцияни ташкил этган ва унинг биринчи раҳбари асли тошкентлик врач Иноят Расулович Қаюмовдир. У тропик станция лабораторияси жиҳозларини Тожикистондан олиб келди.

   Ўша йиллари меҳнат қилган М. Кулакова, Маҳмудов, И. Р. Қаюмов, Ш.Шораҳметов, С. А. Субботин, Д. Фиялкин, М. Отажонов, А. И. Гречкин ва К. К. Кондратьевлар сафига ТошМИни тугатган А. П. Геращенко, А. К. Кармакова сингари врачлар, Россиянинг Харьков вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг йўлланмаси билан опа-сингил ҳамширалар Зинаида ва Анна Карповна Чипговичлар келиб қўшилдилар.

   Алевтина Петровна Геращенко Қумқўрғон пахтачилик хўжалиги шифохонаси мудири, Александра Константиновна Кармакова эса Сурхон касалхонаси мудираси этиб тайинланди. 1940 йилнинг 23 октябрида туман соғлиқни сақлаш бўлими мудири М. Кулакова ўрнига А. И. Гречкин тайинланди. Врач Субботин эса тез ёрдам бўлими мудири вазифасида иш бошлади. М. Кулакова оналар ва болалар маслаҳатхонаси мудири этиб тайинланди.

(Давоми бор).

Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.

Рўйхатдан ўтиш
23 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?
Ҳа
3%
Унчалик эмас
1%
Йўқ
100%
Жами: 2214 овоз берилди.