(Давоми).
Урушгача ва уруш йилларида, гарчи тиббиёт мутахассислари етишмаса-да, тиббиёт ходимлари меҳнат интизомига қатъий амал қилиб келдилар. Арзимас камчилик ёки ўз вазифасига лоқайдлик билан қараганлар муросасиз жазоланди. Буни қуйидаги мисоллардан ҳам кўришимиз мумкин: Жарқўрғон соғликни сақлаш бошқармасининг 1940 йил 2 июндаги 76-сонли буйруғи билан Сурхон қишлоқ кенгаши тиббиёт маркази фельдшери Ш. Маҳмудов, туман болалар боғчаси энагаси К. Ерощенко, Венпункт тиббиёт хизмати ходими Станковалар бир кун сабабсиз ишга чиқмаганликлари учун ишдан ҳайдалдилар.
Тиш техниги Забралов устидан жиноий иш қўзғатилди. 1941 йилнинг июль ойида санинструктор Циганкова бир кун сабабсиз ишга чиқмаганлиги учун ишдан ҳайдалди. Ишга икки соат кечиккан санинструктор П. Сариев, аёллар ва болалар маслаҳатхонаси тиббиёт хизмати ходими Габзаиловалар судга берилди. Шу сабабдан ҳам бош врачлар, бўлим мудирлари, ҳатто соғлиқни сақлаш бўлими бошлиқлари тез-тез алмаштириб турилишига тўғри келди. 1943 йил Жарқўрғон тумани соғлиқни сақлаш бўлими мудирлигига Мирза Отажонов, туман маркиий шифохонаси бош врачи вазифасига Т. И. Мерзлова, Сурхон шифохонаси мудирлигига К. С. Мироненко тайинланди. 1944 йилда ҳам бош врач ҳамда мудирлар сафида бир қанча ўзгаришлар рўй берди. Врач Н. М. Богачёва Сурхон шифохонаси бош врачи ва амбулатория мудири, Т. Д. Степанов Қумқўрғон шифохонаси бош врачи, амбулатория мудири, И. В. Берман Ангор врачлик пункти мудири, Т. Т. Капрёлова Какайди врачлик пункти мудири вазифаларига, П. Ф. Гоф эса туман санитария-эпидемиология станцияси бош врачи вазифасига тайинланди.
Иккинчи жаҳон урушининг машаққатли йилларида туман шифокорлари соғлиқни сақлаш бўлими раҳбарлари сабр-бардош ва фидойилик кўрсатиб меҳнат қилдилар. К. С. Кармаков, К. Е. Сидоров, А. А. Дорофеев, А. И. Гречкин, К. С. Вербицкая, Б. Т. Лепешков ва А. Гайдаров сингари ўнлаб шифокорлар фронтга кетдилар. 1943 - 1946 йилларда жарқўрғонлик шифокорлар сафи янги келган врачлар И. Д. Гернберг, Р. А. Осипова, Т. М. Жучкова, 3. М. Муродов ва Е. Л. Кучералар ҳисобига кўпайди. 1947 йилнинг июль ойида Тошкентда қишлоқ соғлиқни сақлаш ходимларининг 3-съезди бўлиб ўтди. Съездда Жарқўрғон туман шифохонаси мудири Т. И. Мерзлова, Қумқўрғон шифохонаси мудири 3. Н. Муродов, туман тропик станцияси мудири И. Р. Қаюмовлар делегат сифатида иштирок этдилар.
Кейинги йилларда С. Ф. Новицкая санитария-эпидемиология станцияси мудири, Бойматов Ангор врачлик пункти мудири, врач Т. Е. Лившиц Лалмикор даволаш нуқтаси мудири вазифасида, сил касалликлари кабинети врачи Г. И. Гармидер, туман амбулаториясида Починовская, туман шифохонаси ва поликлиникаси хирурги А. Ф. Давлетшиналар ҳам меҳнат қилишди. Н. Г. Вербицкая, Л. Г. Клюева ва Л. П. Устинова 1949 йилдан Жарқўрғон туман марказий шифохонасида иш бошлаган эдилар. 1950 йилда Жарқўрғон туман соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбар кадрлари таркибида жуда катта ўзгаришлар рўй берди, туман соғлиқни сақлаш бошқармаси мудири М. Отажонов ўрнига А. Шоймардонов, Марказий шифохона мудири Г. И. Мерзлова ўрнига А. Ф. Давлетшина, Сурхон шифохонаси бош врачи Е. М. Тартаковская, туман амбулатория қошида янги ташкил этилган тез ёрдам хизмати мудирлигига С. А. Кучер, туман санитария-эпидемиология станцияси мудири С. Ф. Новицкая ўрнига Н. Г. Вербицкая, Лалмикор даволаш пункти мудирлигига В. Д. Харитонова, марказий шифохона бош ҳисобчиси вазифасига И. И. Трегубовлар тайинланди.
Шифохонада рентген аппарати йўқлиги сабабли касалларга тўғри ташхис қўйишда жиддий қийинчиликлар туғилаётган эди. Ўша йилларда аҳоли ўртасида трахома, жинсий замбуруғли касалликлар кўплаб қайд этилди. 1949 - 1951 йилларда бруселёз касаллиги кўпайди. 1951 йил туман марказий шифохонасига туман бирлашган шифохонаси мақоми берилди. В. Е. Пенкова терапевт вазифасига ишга қабул қилинди. Врач М. Г. Лутфирахмонова эса туман бирлашган шифохонаси терапияси бўлими мудиралигига тайинланди. У бу вазифада ўн саккиз йил ҳалол ва виждонан хизмат қилди.
Туманда “Жалойир” ва “Сурхон” давлат хўжалигининг бешта бўлимида, “Исмоилтепа,”, «Қизилқаҳрамон», “Юқори Какайди”, “Социализм”, “В. И. Ленин” ва “Москва” колхозлари ҳудудларида фельдшерлик-доялик пунктлари ишлаб турди. 1951 йилда Ангор фельдшер-акушерлик пункти ёнида Ангор шифохонаси қурилиши бошланиб, 1951 йилнинг 16 сентябрида ишга туширилди. Шифохонага А. И. Колесников ва К. Иванков сингари фельдшерлар ишлаш учун юборилди. Туман бирлашган шифохонасида беморларни касалликларига қараб махсус палаталарда даволаш каби тадбирлар ишлаб чиқила бошланда. Ўзбекистан соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1952 йил 14 апрелдаги 41-сонли буйруғига асосан шифохонадаги 50 ўриндан 10 таси жарроҳлик касалликлари учун, шундан икки ўрин шикастбандлик учун ажратилди. Аммо бу ишларни амалга ошириш учун муаммолар ҳам етарли эди. Энг катта муаммо тиббиётдаги барча соҳа мутахассисларининг етишмаслиги эди. Бош мутахассисларнинг аксарияти Россия, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан келган шифокорлардан иборат бўлиб, оилавий шароит ва бошқа сабабларга кўра врачлар қўнимсизлиги жуда юқори эди. Бунинг энг асосий сабабларидан бири туб аҳолидан бир икки шифокорни айтмаса, деярли олий маълумотли шифокорлар деярли йўқ эди.
Гарчи 1952 йилнинг ўзида педиатр А. А. Ряпсела, фтизиатр Г. М. Рубенко сингари ёш врачлар ишга келишган бўлишса-да, ўз навбатида бир неча шифокорлар ўз юртларига жўнаб кетишди. Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг 1952 йилдаги 445-сонли “Жарқўрғон тумани шифохонасини маҳаллий кадрлар билан таъминлаш тўғрисида”ги хатида юқоридаги муаммога эътиборни қаратди. Хатда Жарқўрғон туманида маҳаллий аҳолидан шифокор кадрлар тайёрлаш бўйича шошилинч амалий чоралар кўришлиги масаласи таъкидланди.
Ушбу хат асосида 7 июлда Жарқўрғон туман соғлиқни сақлаш бошқармасининг буйруғи чиқди. Буйруқда тиббиёт техникумлари ва институтларида ўқиш учун камида беш-ўн нафар йигит ва қизларни танлаш, мактабларда мунтазам тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш ҳамда бу ишларга кенг жамоатчиликни жалб қилишдек долзарб вазифалар белгиланди. 1953 йилнинг 1 июлидан эътиборан физкультура ва спорт бўлими соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфига ўтказилди. А. Абдусатторов физкультура ва спорт бўлими раиси вазифасига тайинланди. Билимли, иқтидорли ва ташаббускор врачларнинг кўпчилиги раҳбарлик лавозимларини бошқаришди. Врачлардан М. В. Васиев туман соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Н. X. Юсупов, 3. А. Егорова ва С. Ж. Тожимуродовлар марказий шифохона бош врачи вазифаларида фаолият юритдилар. 1960 йилларга келиб туман тиббиёт тизими анча кенгайди. Унинг моддий-техника базаси яхшиланиб, қишлоқ тиббиёт нуқталари сони ошди. Қишлоқ аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматлар тури ва сифат даражаси юксалди. Агар 1955 йилда туман марказий шифохонаси тез ёрдам бўлимига от-аравалардан ташқари атиги иккита ИМ-12 ва учта Газ-51 автомашиналари мавжуд бўлган бўлса, 1960 йилда санитар ва юк машиналари сони олтитага етди.
(Давоми бор).
Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024