Кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш, тадбиркорлик билан шуғулланишга рухсат берилиши натижасида ҳунарманд усталар учун кенг имкониятлар яратилди. Уларнинг самарали ишлашлари учун эса Ўзбекистонда моддий хомашёлар етарлича таъминлаб берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 1997 йил 31 мартдаги (1741 сонли) “Халқ бадиий ҳунармандчилигини ва амалий саньатини янада ривожлантиришни давлат йул и билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 1998 йил 9 апрелдаги “Хусусий тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлар ва Қарорлар Ўзбекистон Республикасида ҳунармандчиликнинг қайтадан ташкил топиши ва ривожланиши учун муҳим омил бўлди. 1997 йил мартда Термиз шаҳрида “Ташаббус-96” кўрик танлови ва вилоят товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Энг яхши ҳунарманд” танлови бўйича Жарқўрғон туманидаги болалар халқ ижодиёти хусусий мактаб раҳбари Галина Бўроновага биринчи ўрин берилиб, 6, 5 млн. сўмгача имтиёзли кредит ажратилди. 1998 йил январида Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси ташкил қилинди.
Сурхондарё вилоятида эса “Ҳунарманд” уюшмаси 1998 йилнинг январида ташкил топиб, уюшма йигирма турдан кўпроқ ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариб, вилоят ва республика саноатининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшди. Вилоят ҳунармандлари ҳунармандчиликнинг сифат даражасини юқори кўтариш мақсадида ҳунармандчилик буюмларини ишлаб чиқаришга киришди.
1998 йили ташкил этилган туман ҳунармандчилик уюшмаси ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 10 мартдаги қарори ҳамда махсус Низомга асосланиб ўз фаолиятини ташкил этди. Низомда жами 21 хил турдаги ҳунарлар қайд этилган бўлса, шулардан 15 хил турдаги ҳунарлар билан 45 нафар (2000 йили 51 нафар) туман ҳунармандлари шуғулланиши йўлга қўйилди. Темирчилик, ёғоч ўймакорлиги, пойабзал устачилиги, сандиқчилик, каштачилик, тикувчилик, ҳар хил гиламлар тўқиш, дўппидўзлик, ганчкорлик, керамикадан ясалган бадиий безак буюмлари, заргарлик, зардўзлик, миллий мусиқа асбоблари сингари ҳунарлар билан шуғулланувчи аъзолар уюшган ҳолда фаолият кўрсатишнинг афзаллигини ҳис этишмоқда.
Темирчи Зокир Мўминов, бешикчи Жума Жўраев, каштачи Қизларой Ҳайдарова, ганчкор Гулмурод Мардаев, пойабзал устаси Амир Бектемировлар шулар жумласидандир. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан туман ҳунармандлар уюшмаси 5 йилгача солиқлардан озод этилганлиги ҳам майда ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган енгилликлардан биридир. 2000 йилда “Ташаббус-2000” кўрик танлови вилоят босқичида Каромат Норматовнинг ўз қўли билан ясалган 20 хил миллий чолғу асбоблари ҳакамлар томонидан муносиб баҳоланди. Каромат Норматов 2000 йили ўзининг “Мўъжиза” кўп тармоқли хусусий фирмасини ташкил қилди.
2017 йилги “Ташаббус” кўрик танловида вилоят босқичида Жарқўрғонлик ҳунарманд Дмитрий Инюшин “Энг яхши ҳунарманд” йўналиши бўйича ғолиб деб топилди. Сурхондаги 13 та маҳалла фуқаролар йиғинида 2008 йили 55 киши касаначилик, 14 та оила темирчилик, 24 та оила дурадгорлик ва турли хил бошқа буюмлар ясаш билан шуғулландилар.
Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024