Жарқўрғон туманида мустақиллик йилларида кичик хусусий корхоналар ҳам ташкил этила бошланди. Дастлабки кичик корхоналардан бири Жарқўрғон шаҳрининг “ГПЭ” посёлкаси, “СПСПБ” корхонаси, яьни “Имкон” кичик корхонаси 1991 йили аҳолига ичимлик суви олиши учун артезиан қудуқлари қазиш муаммоларини ва транспорт хизматини йўлга қўйди. Жарқўрғон тумани кооператив тайёрлов савдоси ташаббуси билан консерва ишлаб чиқарадиган кичик корхона қуриб ишга туширилди. У ишга тушган 1992 йилданоқ бир млн. банка миқдорида олма, помидор, бодринг, ўрик ва бошқа турдаги консервалар ишлаб чиқарила бошланди.
“Сурхонирстрой” трестига қарашли “Бетон” кичик корхонаси 1992 йилнинг март ойидан эътиборан фаолият кўрсата бошлади. Корхонада 150 - 200 мм. маркали бетон тумбалар, пойдевор блоклари қуйиш йўлга қўйилди. Апрель ойи давомида 13 минг дона ана шундай тумбалар қуйилиб, тайёр маҳсулотлар трестнинг Жарқўрғон СМУ, ПМК ПГС, Қизириқ СМУ ташкилотларига етказиб берилди. 1999 йилнинг бошидан “Сурхон” ширкатлар уюшмаси марказида “Сурхон-Самонур” кичик корхонаси фаолият юрита бошлади. Бу кичик корхона макка донидан қимматли хомашё - крахмал ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди. Шунингдек, кичик корхона макка дони чиқиндисидан чорва ва паррандалар учун омухта ем тайёрлашни йўлга қўйди. Хориждан келтирилган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган корхона бир кеча-кундузда бир тонна крахмал ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, унда 25 нафар ишчи- хизматчи фаолият кўрсатди.
Ушбу кичик корхонанинг асосий таъсисчиларидан бири Жарқўрғон тумани меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўлими бўлиб, унинг ҳисобига жамғарма маблағининг 51 фоизи тўғри келди. “Сурхон” ширкатлар уюшмаси ҳамда пахта уруғчилиги корпорациясининг “Сурхончигит” вилоят уюшмаси ҳам таъсисчилар сифатида маблағ қўшишди. “Сурхон-Самонур” кичик корхонаси ишончли таъсисчилар кўмагида катта мақсадларни кўзлаб дастлабки одимларини бошлаб юборди.
Туманда бундай кичик корхоналар сони йилдан-йилга ортиб борди. Булар жумласига нон ишлаб чиқарувчи “Аслиддин Сурхон” кичик корхонасини ҳам киритиш мумкин. 2006 йилда туманда бундай кичик корхоналардан 344 таси фаолият кўрсатди. Туманда ташкил топаётган кичик корхоналар халқ хўжалиги ва аҳоли эҳтиёжлари талабидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот ишлаб чиқармоқда. 2008 йилнинг 1 июлидан ўз фаолиятини бошлаган “Бизнес сервис Жарқўрғон” хусусий корхонаси турли хил мебелларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Тадбиркор Рашид Мақсудов раҳбарлик қилган ушбу корхонада мактаб парталари, стол-стуллар, китоб жавони, ошхона гарнитури ва столлари, шифонер, диван, тумбочка, телевизор таглиги, трюмо, хонтахта, ётоқхона гарнитури ҳамда тиббий кушеткалар сингари ўнлаб турдаги мебел маҳсулотлари тайёрланди. Цеҳда Абдулла Дадахўжаев, Абдуқодир Худойқулов каби андижонлик моҳир усталар ишладилар. Улар буюртмага асосан бежирим мебеллар тайёрлаш билан бирга маҳаллий ёшларга ҳам ўз тажрибаларини қунт билан ўргатдилар. 2011 йилги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик” йилида тумандаги “Достон Акмал келажаги” корхонасида қиймати 145 млн. сўмлик янги лойиҳа амалга оширилди. Ўн нафар ходим бандлиги таъминланган корхонада хориж технологиялари ёрдамида 10 турдан зиёд сифатли гўшт маҳсулотлари тайёрланди.
Шу йили тумандаги “Бешдарак” (ҳозирги “Пахтазавод” маҳалласи ҳудудида), яъни сут қабул қилиш пункти ўрнида ташки этилган “Ҳумо” кичик корхонасига тадбиркор Г. Боймуродова раҳбарлигида сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг хилма-хиллигини таъминлаш учун Россияда ишлаб чиқарилган ва соатига уч тонна сутни қайта ишловчи дастгоҳлар келтирилиб ўрнатилди. Бунга туман Ипотека банкидан олинган 80 миллион сўмлик кредит анча қўл келди. Кичик корхонада 6 хилдаги сут маҳсулотлари, яъни қаймоқ, сариёғ, қатиқ, кефир каби истеъмол маҳсулотлари тайёрлаб бошланди. Бу маҳсулотлар илгари тумандаги болалар боғчаларига, мактаб ошхоналарига очиқ идишларда етказиб берилар эди. Энди “Ҳумо” кичик корхонаси ёрлиғи туширилган турли хилдаги махсус пластик идишларга қадоқлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати давлат стандартларига мос равишда, гигиена талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилмоқда. 2011 йил июлида “Н. Боймуродов” маҳалласи (ҳозирги “Нурли диёр” маҳалласи ҳудудида якка тадбиркор Алижон Рустамов томонидан “Халқ банки” Жарқўрғон туман филиалидан 61 млн. сўм кредит олиниб “Равнақ Камол Алижон” кичик корхонаси ташкил этилди. Соатига 400 дона яҳна ичимликлар ишлаб чиқарган ушбу корхона янги ускуналарни Тошкент вилоятидаги “Лайд минерал” корхонасидан олиб келиб ўрнатди. Ичимлик тайёрлашда ишлатиладиган концентратлар, идиш капсулалари ҳамда қопқоқлар олиб туриш учун Тошкент шаҳридаги корхоналар билан шартнома тузилди. Натижада кичик корхонада 10 нафар ёшлар иш билан таъминланди.
Туманда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнларини янада кенгайтириб бориш ишлари давом эттирилиб борилишига катта эътибор қаратиб келинмоқда. 2012 йилга қадар тумандаги “Жарқўрғоннон” масъулияти чекланган жамиятида фақат қолипли нон ишлаб чиқарилаётган эди. Жамоа банкнинг 38 минг АҚШ долларилик кредити эвазига ишлаб чиқариш жараёнини замон талаблари асосида модернизация қилди. Бу эса корхона қувватини қарийб ўн баробарга ошириш ва 12 хилдаги нон маҳсулотлари тайёрлаш имкониятини туғдирди. Муҳими, яратилган 10 та иш ўрнига касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар жалб этилди.
(Давоми бор).
Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024