(Давоми).
Президентимизнинг “Ноанъанавий қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятимиздаги саноати ривожланган туманлардан бири Жарқўрғон туманида 2012 йил бошида “Янгиобод” маҳалласи ҳудудидаги “Жарқўрғон Баракали ёғ” МЧЖ томонидан янги замон талабларига жавоб берадиган кунгабоқар, ерёнғоқ ва бошқа ноанъанавий экинлардан истеъмол ёғини ишлаб чиқариш, уларни махсус идишларда қадоқлаш йўлга қўйилди. Корхонага раҳбарлик қилаётган тадбиркор Хайрулла Сафаров иш кўламини кенгайтириш, ишчи ва хизматчиларни рағбатлантириш ва даромадни кўпайтириш мақсадида корхона қошида 2013 йили нотўқима маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхонасини, яъни бир жойда икки корхонани ташкил қилди.
“Қишлоққурилишбанк” туман филиалидан олинган 274 млн. кредит маблағлари эвазига Хитой Халқ Республикасидан замонавий ускуналар келтирилиб ўрнатилди. Бу ускуналар пахта чикқиндиси (линт)ни майдалаш, тараб-тозалаш, тахлаш, пресслаш ва тўқиш анжомлари бўлиб бир-бирига боғлиқликда кетма-кет ишлатилади. Бир кеча-кундузда 3 тонна линтни қайта ишлаб, нотўқима бўз тайёрлаш имконияти мавжуд. Корхонада шу йили 30 нафар киши, жумладан, саноат касб-ҳунар коллежини битирган 18 нафар ёш мутахассис иш билан таъминланди.
Тумандаги собиқ “Амузангирқурилиш” МЧЖнинг маъмурий биноси, пайвандлаш цехи ва ёғочни қайта ишлаш цехи 2014 йили вилоят ҳудудий комиссияси томонидан “нол” харид қийматида “Жарқўрғон Баракали ёғ” МЧЖга хусусийлаштириб берилди. Ушбу объектнинг танлов шартида икки йил муддатда 800 млн. сўм маблағ киритиб, 20 та иш ўрни яратиш талаби қўйилган эди. Ғолиб харидор “Жарқўрғон Баракали ёғ” МЧЖ икки йилда объектга 900 млн. сўм инвестиция киритиб, 30 кишининг бандлигини таъминлашни ўз зиммасига олди.
Туманда тадбиркорлик фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани боис янги-янги кичик бизнес субъектлари ишга туширила бошлади. Шундай корхоналардан бири 2013 йилнинг декабрь ойида туман марказида очилди. Тадбиркор қиз Дилафрўз Каримова “Гулбаҳор-нурли келажак” тикувчилик хусусий корхонасини ишга туширди. “Микрокредитбанк” Жарқўрғон туман филиалидан олинган 15 млн. сўмлик имтиёзли кредит эвазига, корхона Хитойдан келтирилган 16 дона “Жуита” русумли тикув машиналари билан жиҳозланиб, 15 та янги иш ўринлари яратилди. 2016 йили Ховдак массивидаги Бентонит гил конида ушбу норуда фойдали қазилмасини қайта ишловчи янги завод ишга туширилди. Бу хайрли иш тумандаги “МС Маржон” ишлаб чиқариш савдо корхонаси (бошлиғи Сафар Мамаюсупов) томонидан амалга оширилди. Ховдак бентонита калий, углерод ва фосфор каби минералларга бой. Ундан ўғит сифатида фойдаланилганда ҳосилдорлик ошиб, ер майдонлари унумдор қатламлари бойийди. Арзон ва қулай қишлоқ хўжалиги ўғити тайёрлайдиган ушбу заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 65 минг 751 тонна ёки 30, 3 минг куб метрни ташкил этади. Ҳозирда заводда ўғит 50 кг. лик халталарга қадоқланиб, мижозларга етказиб берилмоқда. Ушбу корхона ишга туширилиши туфайли 8 нафар киши иш билан таъминланди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “Ҳозирги қишлоқ хўжалигида банд бўлган ортиқча меҳнат қилувчиларни саноатга, хизмат кўрсатиш соҳасига жалб қилиш аграр сиёсатимизнинг ғоят муҳим йўналишидир. Қишлоқ жойларига, лўнда қилиб айтганда саноатни олиб кириш зарур, замонавий технологияга эга бўлган кичик корхоналарни очиш ҳисобига янги иш жойларини яратиш устувор вазифадир”. Бу устувор вазифа вилоятнинг бошқа туманларига нисбатан Жарқўрғон туманида кенг амалга оширила бошланди.
Умуман олганда, шу йилларда тумандаги саноат корхоналарида техника янгиликларини жорий этиш кенг кўламда олиб борилди. Деярли барча корхоналарда эски жиҳозлар ўрнига янги техника ва технологиялар олиб келиб ўрнатилди. 1991 -2016 йилларда бу ишларнинг ҳаммаси туман аҳолисининг саноат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, маҳсулотлар сифатини яхшилашга эришиш, оғир қўл меҳнати шароитида ишлаётган цех ва устахоналарни янги замонавий техникалар билан жиҳозлаш мақсадида амалга оширилди.
Аҳолининг кундалик эҳтиёж молларига бўлган талабини қондириш ва уларни иш билан таъминлаш мақсадида хусусий корхоналар фаолиятига ҳам кенг ўрин берилди. Ўзбекистан Республикасида хусусий тадбиркорлик алоҳида бир киши ёки кишилар гуруҳи томонидан шахсий даромад олиш учун ўз мулкий жавобгарлиги асосида, амалдаги қонунлар доирасида, ёлланма меҳнатни жалб килган ҳолда амалга оширилувчи ташаббускор хўжалик фаолиятини англатади.
Шундай хусусий корхоналар туманда ҳам ташкил этила бошланди. Булар жумласига маҳсулотларни қадоқловчи “Маматқулова Анорхон” хусусий корхонаси ва “Минор” саёҳат-туризм фирмаси, “Мўъжиза” кўп тармоқли хусусий фирмаларни мисол келтириш мумкин. Вилоят иқтисодиётида, хусусан, саноат соҳасида янги тармоқлар, яъни қўшма корхоналар ҳам ташкил этила бошланди.
Республикамизнинг бошқа жойларига нисбатан Сурхон воҳасининг табиий имкониятлари жуда каттадир. Чунки, бу ўлкада ишбилармонлик билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркорлар учун Сурхон воҳаси катта бизнес ўчоғи ҳисобланади. Тупроғи олтинга тенг, ери ҳосилдор бўлса-да, унда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари шу пайтгача қайта ишланмаган.
Ҳозиргача воҳадаги табиий қазилма бойликларни фақат ташиб кетганлар ёки замонавий технология йўқлигидан эътиборсиз ҳолда қолган, ёки бу сифатли пахта, пилла, жун ва тери каби маҳсулотлар сув текинга сотилган. Мустақиллик туфайли вилоят ресурсларидан оқилона фойдаланиш имкониятлари яратилди. Бутун ресиубликада бўлгани сингари воҳада ҳам қўшма корхоналар вужудга кела бошлади. Жарқўрғон туманида ҳам мустақиллик йилларида барпо этилаётган қўшма корхоналарда бир эмас, бир нечта жараёнлар амалга оширилди.
Туманда “Алпомиш” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси 2000 йил 1 сентябрда қуриб фойдаланишга топширилди. Корхона қурилишига туркиялик сармоядорлар томонидан 2 млн. 423, 8 минг АҚШ доллари (ёки 367 млн. 351 минг ўзбек сўми) миқдорида, Ўзбекистон томонидан эса 288 млн. 546, 1 минг сўм маблағ сарфланди. Корхона цехларида ўрнатилган барча жиҳозлар ва асбоб- ускуналар Туркия томонидан келтирилган бўлиб, у бир кеча кундузда 150 тонна ғаллани қайта ишлаш қувватига эга бўлди. Қўшма корхонада фақат биринчи нав ун ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Янги корхонадаги ун маҳсулотлари вилоятнинг Жарқўрғон, Термиз, Ангор, Шеробод ва Қизириқ туманларининг савдо ташкилотларига етказиб берила бошлади. Ундан чиққан кепак омухта ем тайёрлаш мақсадида Шерободдаги ун комбинатига юборила бошланди. “Алпомиш” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасида 2001 йилда юз нафарга яқин ишчи-хизматчи ва муҳандис техник ходимлар ишлаганди. Уларнинг ойлик маошлари 14, 5-15 минг сўмни ташкил қилган бўлса, 2006 йилда қирқ нафардан ошиқ ишчи-хизматчилар меҳнат қилишди. Қўшма корхона “Алпомиш” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасига айлантирилгач, корхона ўрнига нафақат вилоят ички бозорида, балки Тожикистон Республикаси ва Афғонистон Республикасида ҳам талаб анча кучайди. Қўшма корхона 2005 йили 7,3 минг тонна ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқарди. Тайёр маҳсулотнинг бир қисми экспорт қилинди. Шу боис қўшма корхонанинг умумий даромади бир млрд. 80 млн. сўмни ташкил қилди. Корхона цехларида ҳар куни 150-160 тонна атрофида буғдой қайта ишлана бошлади.
(Давоми бор).
Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024