Аҳоли мурожаатларининг ўз вақтида ечим топиши уларнинг бугунги кундан, давлатимиздан рози бўлиб яшаши учун замин яратади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси президентининг Жарқўрғон тумани Халқ қабулхонаси томонидан ҳам ҳар бир мурожаатни ўз вақтида ечимини қилиб бериш чоралари кўриб келинмоқда. Бу эса халқимизнинг муаммолари ўз вақтида ва осон ечим топишига замин яратмоқда.
Жумладан, қабулхонага Жарқўрғон тумандаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган "Қўштепа" маҳалласи Бунёдкор, Фаровон кўчалари аҳолиси томонидан трансформатор бўйича доимий муаммо борлиги бўйича мурожаат келиб тушганди. Ушбу мурожаат ҳам қисқа фурсатларда ўрганилиб, маҳалладаги 127 та хонадондаги 871 нафар аҳолиси учун янги трансформатор ўрнатиб бериш ишлари бошлаб юборилди.
Бундан ташқари, тумандаги “Бешбулоқ” маҳалласида яшовчи тадбиркор А.Тоғаев томонидан фаолиятини кенгайтириш мақсадида “Микрокредитбанк”нинг туман филиалидан 2020 йил ноябрь ойидан буён 250 000 000(икки юз миллион) сўм кредит маблағи олиш учун гаров ва барча ҳужжатларни тақдим этиб, кредитни ололмаётганлиги бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинган эди. Ушбу мурожаат ҳам бевосита Халқ қабулхонаси мудири ҳамда банк раҳбари ҳамкорлигида ўрганиб чиқилди ва вилоят Микрокредит банк билан келишилган ҳолда тадбиркорга 225 000 000 (икки юз йигирма беш миллион) сўм кредит маблағи олиб берилишига эришилди.
Жарқўрғон туманидаги “Узумзор” маҳалласида яшовчи фуқаро Шоймуротов Фарҳод томонидан маҳаллада 18-30 ёшгача бўлган ёшларга ажратиб берилиши керак бўлган ер майдони ажратилиб берилмаётгани масаласида қилган мурожаати эса Халқ қабулхонаси мудири ҳамда 4-сектор ходимлари билан биргаликда жойига чиққан ҳолда атрофлича ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида маҳаллада истиқомат қилиб келаётган 18-30 ёшгача бўлган ишсиз ёшларга деҳқончилик билан банд бўлиши ҳамда ушбу ажратилган ер майдонидан унумли фойдаланиб, даромад олиш ва оилавий аҳволини яхшилаб олиш учун маҳалла фаоллари ва 4-сектор ходимлари билан биргаликда ишсиз деб эътироф этилган 17 нафар ишсиз ёшларга шу куннинг ўзида Жарқўрғон тумани “Узумзор” маҳалла ҳудудида жойлашган "Бодомзор Саховати", "Обод барака сиймо", "Файзи обод тепа", "Элбеги Диёри" номли фермер хўжаликларидан ер ажратиб берилиши таъминланди.
Хуллас, Ўзбекистон Республикаси Халқ қабулхонаси туман бўлими томонидан аҳолининг умумжамоавий мурожатлари ўз вақтида ечимини топиб, халқнинг розилиги олинган ҳолда иш олиб борилмоқда.
Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024