25 май барчамизнинг қалбимиз торларини чертиб юборувчи “Сўнгги қўнғироқ” тадбири билан эътиборлидир. Бу тадбир қанчалик эсда қоларли бўлиши эса уни муносиб нишонлашга боғлиқ. Ана шундай тадбирлар Жарқўрғон тумани ёшларини бирлаштирди десак муболаға бўлмайди. Марказий Истироҳат боғида форум шаклида ташкил этилган тантаналарда Республика ва вилоят марказидан келган санъаткору ижодкорларнинг ажойиб чиқишлари билан эсда қоларли бўлди.
Жарқўрғон туман ҳокимининг ўринбосари А.Раджабовнинг кириш сўзи билан бошланган тадбир Термиз мусиқали драма театридан хонандалар Ўзбекистон Давлат филармонияси хонандаси Майсара Раҳимова, Дилмурод Зоиров, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилоят раҳбари Менгнор Олламурод, Ўзбекистон Давлат драма театри актрисаси Изроҳат Муродова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилафрўз Хаитмедовалар томонидан бадиий чиқишлар, куй-қўшиқлар ижроси билан давом этди.
Жорий йил туманда навқирон авлод вакилларидан жами 3358 нафари 11-синфларни тамомлаб катта ҳаётга қадам қўйган бўлсалар, 2935 нафари ўқувчилар 9-синфни тамомладилар. 11-синф битирувчилари орасида 14 нафар олтин ҳамда 5 нафар кумуш медал соҳиблари бор. Қувонарлиси эса 8 нафар олтин медал соҳиблари тумандаги 12-аниқ фанлар чуқурлаштириб ўтиладиган ихтисослаштирилган мактаб интернати битирувчиларидир. 9-синф ўқувчиларидан эса 71 нафарига аъло даражадаги шаҳодатнома топширилиши кўзда тутилган. Яна бир муҳим маълумот эса янги 2021-2022 ўқув йилида 4697 нафар 1-синф ўқувчилари мактаб остонасига қадам қўядилар.
Сўнгги қўнғироқ садолари жаранг сочаётган лаҳзаларда эса тилагимиз шундай бўлди: Оқ йўл сизга битирувчилар, йўлингиз орзуларингиз каби ойдин бўлсин!
Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024