Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги
Тадбирлар / 2021-05-31

(Давоми).

   Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалигида мулкчиликнинг тамомила янги шакли - фермер хўжаликларининг ташкил топиши муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг 1-моддасига асосан фермер хўжалиги ўзига узоқ муддатли ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда товар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи фермер хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги фаолиятига асосланган юридик шахс ҳуқуқларига эга мустақил хўжалик юритувчи субъектдир.

   Туман қишлоқ хўжалигида фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликларининг сони йилдан-йилга ошиб борди, буни қуйидаги мисолдан ҳам билиб олса бўлади.  Агар 1996 йилда 109 та деҳқон фермер хўжаликлари бўлган бўлса, 1998 йилда 120 тага етди. Мулкчилик шаклларининг ўзгариши деҳқон ва чорвадорнинг меҳнатга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди. Мустақиллик йилларида вилоят қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида жуда катта тажриба қўлга киритилди. Республика ва вилоят ҳокимиятининг ёрдами ва туман деҳқонларининг тадбиркорлиги туфайли қишлоқ хўжалиги анча юксалди.

   Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистон Республикаси ҳукумати мамлакатнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида донли экинларга алоҳида эътибор бериб, ғалла мустақиллигини таъминлаш борасида муҳим чоралар кўрди. Ғалла экиш майдонларини кенгайтриш билан бирга, унинг ҳосилдорлигини ошириш борасида ҳам бир қатор муҳим ишлар қилинди. Мамлакатда 1992 йили 56, 20 минг гектар майдонга буғдой экилиб, ўртача 19, 6 центнердан ҳосил олиниб, давлатга сотилди. Жарқўрғон туманида 1991 йили 2051, 1992 йили 3164 тонна ғалла олиниб давлатга сотилди. Бу кўрсаткичлар пахта экин майдонларини камайтириш ҳамда янги ўзлаштирилган ерларнинг асосий қисмига донли экинларни экиш ҳисобига эришилди.

   Туманда сабзавот, полиз ва картошка маҳсулотлари етиштиришнинг кўпайиши қуйидаги мисолларда ўз аксини топган. 1991 йили 1698, 1992 йили 1315 тонна картошка давлатга сотилди. Туманда иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиши асосида халқ хўжалиги тармоқларида ижобий силжишлар ўз таъсирини кўрсатди. 1995 йилга келиб қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш анча сезиларли равишда ўсди. Пахта 33849 тонна, 14591 тонна дон, 6053 тонна сабзавот, 3947 тонна картошка, 1612 тонна полиз маҳсулотлари, узум эса 2430тоннани ташкил қилди.

   Туман “Таъминоттузатиш” корхонаси машина-трактор парки юқори иш yнуми ва бошқа қатор афзалликларга эга “Кейс” русумли 5 дона дон комбайни олди. Бу янги техникалар 4, 5 ва 6, 5 метр кенгликдаги жаткаларга эга бўлиб, бир сменада 30 гектар майдонни ўриш қудратига эгадир. 1996 йили дон комбайинларининг қиймати 15 фоизи, яъни ҳар бири 200 минг долларлик машина учун олдиндан 1 млн. 12 минг сўмдан пул ўтказилиб, қолган қисми 5 йил давомида тўланадиган бўлди. 1996 йилда туманда барча тракторларнинг сони 1197 тани ташкил қилди.

   Дастлабки йилларда чорвачилик соҳасидаги қийинчиликлар, эътиборсизлик, айниқса чорва молларини талон-торож қилиш, ем-хашак таъминотини издан чиқаришга доир одатларга чек қўйилиб, янги чорва фермер хўжаликлари, бўрдоқичилик фермаларининг ташкил топиши мавжуд муаммоларни бартараф этишга йўл очиб берди. Айниқса, бу борада қабул қилинган қонун ва қарорлар ўз самарасини берди. 1995 йили давлат ҳисобига 977 тонна гўшт, 3334 тонна сут топширилди.

   Туманда 1996 йили ҳиссадорлик жамиятлари шаклини олган 12 та қора молчилик, 2 та қўйчилик фермалари, 27 та хусусий фермалар фаолият кўрсатди. Улар ихтиёрида 1996 йили 1775 қорамол, жумладан, 924 бош она сигир мавжуд эди. Хусусийлашган 27 та ферма (“Н. Боймуродов” жамоа хўжалигида 11 та, “Т. Шобуров” жамоа хўжалигида 9 та, “А. Навоий” жамоа хўжалигида 1 та, “Оққўрғон” жамоа хўжалигида 1 та, “Шарқ Юлдузи” жамоа хўжалигида 2 та) да эса 2297 бош қорамол, жумладан, 1042 бош она сигирлар, 14 бош отлар боқилди.

   Ўз навбатида туманда 1998 йилда қорамоллар сони 46469 бошга, қўй ва эчкилар сони 102456 бошга, паррандалар сони 64406 тага, отлар сони 595 тага, туялар сони 21 тага етказилди. Туманда бройлер паррандачилик фабрикаси, хўжаликлараро бўрдоқичилик ҳиссадорлик жамияти ишлаб турди. Давлат хусусий ва шахсий чорвачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор бериб, моддий-маънавий ёрдамни ҳамда ҳуқуқий ҳимояни кучайтирди.

   Туманда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш анча ўсиб ҳукуматимиз томонидан қайд этилган кўрсатмалар ўз амалий натижаларини берди. Бироқ ҳали ҳам мавжуд бўлган ишга эътиборсизлик қишлоқ хўжалигини ўз вақтида моддий-техник жиҳозлар билан таъминлашга жиддий қарамайдиган раҳбарларнинг мавжудлиги бу соҳанинг оқсаб қолишига олиб келмоқда. Деҳқон маҳсулотларни тобора кўпрок хоҳишича эркин (шартнома) нархлар бўйича сотиш мумкин бўлади. Туманда деҳқон-фермер хўжаликларининг ташкил топиши, хусусий фермер хўжаликларининг кенгайиб бориши бунга мисол бўла олади.

   Ўзбекистан Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 30 апрелда бўлиб ўтган XI сессиясида “Ер кодекси”, “Фермер хўжалиги”, “Қишлоқ хўжалик кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунларнинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳуқуқий пойдевори бўлди. Туманда 1998 йили олтита жамоа хўжалиги, учта фермерлар уюшмаси, учта қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи хўжаликлар ташкил этилди.

   “Сурхон” хўжалигида дастлаб битта-иккита фермерлик жамоалари тузилган бўлса, 1998 йилга келиб 4700 гектар экинзорларнинг ҳаммаси 117 та фермерлик жамоаларига тақсимлаб берилди. 1998 йили жами 22172 гектар суғориладиган ернинг 11215 гектарига пахта, 9632 гектарига ғалла ва бошқа экинлар экилди. 2163 гектар майдон боғ ва токзорларни ташкил этди. 1998 йил чигитнинг эрта пишар, тола чиқиши юори, касалликларга чидамли “Н-77”, “Т-31” ва “Оққўрғон-2” навларидан гектаридан ўртача 31 центнердан ҳосил олинди. Туманда чорва туёғи сонларини тиклаш ва кўпайтириш муҳим мacaлалардан бири бўлиб қолди. Айниқса, ниҳоятда нодир бўлган зотдор ва наслдор туёқ сонларини сақлаш, кўпайтириш масаласига жиддий эътибор берилди. Тумада 1997-1998 йиллари қорамоллар сони 46469 бошдан 47226 бошга етказилган бўлса, қўй ва эчкилар сони эса 1997 йилдаги 23634 бошдан 21285 бошга тушиб қолди.

   Жарқўрғон тумани Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалик ривожланган, юқори ҳосилдорликка эга бўлган, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг етштириш учун зарур имкониятларни ишга солган, таниқли пахтакорлар, қишлоқ хўжалик ходимлари, фидойи меҳнаткаш деҳқонлари билан танилган ўлка сифатида мамлакатимизда катта обрўга эга бўлди.

   Айниқса, жарқўрғонлик меҳнаткашлар йилдан-йилга пахта, ғалла етиштириш учун мамлакатимизда катта тажрибага эга бўлган инсонлар сифатида танилдилар. Жарқўрғон тумани 2002 йилда қишлоқ хўжалигида юксак натижаларни қўлга киритиб республика миқёсида илғор натижаларга эришиб, ибратли ишлар туфайли республикамиз ҳукумати белгилаб берган режа ва топширикларни аъло даражада бажардилар. Ушбу қишлоқ хўжалик соҳасида қўлга киритилган ютуқларни амалга оширишда, давлат режаларини бажаришда, фермер хўжаликлари ҳамда деҳқон уюшмаларининг ҳамжиҳат бўлиб ишлашда, юқори ҳосилдорликка эришишда катта имкониятларни ишга солган ташкилотчи раҳбар, ташаббускор инсон, меҳнатни тўғри ташкил қиладиган, энг муҳими халқнинг ҳурматини эъзозлаган, 2000 - 2008 йилларда Жарқўрғон тумани ҳокими бўлиб ишлаган Норбой Шомуродовнинг хизмати алоҳида эътиборга моликдир.

   Туманда “Сурхон” сувдан фойдаланувчи фермерлар уюшмаси аъзолари 2003 йилда пахтачилик, ғаллачилик, умуман барча тармоқлардан 2 млрд, сўмдан кўпроқ даромад кўришди. “Сурхон” сувдан фойдаланувчилар уюшмаси давлат тасарруфида бўлган кезларда 8 минг тоннадан кўпроқ пахта етиштирган бўлса, фермерлик жамоаларига ўтилганидан сўнг ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кўпайса кўпайдики, камайгани йўқ. 2003 йил 2284 гектар майдонда ғўза ўстирган 117 та фермерлик жамоаларининг баракали меҳнати туфайли далалардан режалаштирилган 7750 ўрнига 9850 тонна сифатли хомашё йиғиштириб олинди. Бу муваффақиятда ҳар гектар майдондан 50 - 55 центнердан ошириб пахта етиштирган ва иш юритишнинг янгича усули афзаллигини амалда исботлаган Муродулла Аллаёров бошлиқ “Бекзод”, Хайрулла Шаропов раҳбарлигидаги “Ғайбулла Ал-камол”, Сафар Чоршанбиев етакчилигидаги “Умидли келажак”, Раҳматулла Валиев бошлиқ “Эски қўрғон” фермерлик хўжаликларининг ҳиссаси катта бўлди.

   Мустақиллик йилларида “Сурхон” сувдан фойдаланувчи фермерлар уюшмаси меҳнаткашлари ғаллачиликда ҳам сезиларли ютуқларни қўлга киритмоқдалар. Бу соҳада 2003 йилда 5900 тонна дон ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа ортиғи билан уддаланди. Доннинг бир қисми уни яратган деҳқонларга бўнак сифатида, бир қисми эса иш ҳақки сифатида тарқатилди. Фақат ғаллачиликнинг ўзидан 347 млн. сўмдан кўпроқ даромад кўрилди. “Сурхон” сувдан фойдаланувчи фермерлар уюшмаси 2003 йил ҳосилидан кейин қисқа фурсатда 170 километр узунликдаги ички ариқ-зовурларни 2004 йил ҳосили учун тайёрлаб қўйишди. 2006 йил тумандаги тўртта ширкат хўжаликлари (“А. Навоий”, “Н. Боймуродов”, “Т. Шобуров” ва “Ҳ. Олимжон” номли) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 8 ноябрдаги 215-сонли, вилоят ҳокимининг 2005 йил 11 ноябрдаги 197-сонли, Жарқўрғон тумани ҳокимининг 2005 йил 14 ноябрдаги 525-сонли қарорига асосан тугатилиб, улар ўрнида янги фермер хўжаликлари ташкил этиш бўйича тендер танловлари эълон қилинди. Танлов 2006 йил 3-6 январь кунлари ар тўрттала хўжаликда ҳам ўтказилди. Танловга жами 15125 гектар ер қўйилди. Шундан 3738 гектари суғориладиган ерлар, 456 гектари боғ ва токзорлар, 281 гектари тутзор, 7755 гектари яйловлар ҳамда 3,5 минг гектарга яқин бошқа ерлар қўйилди. Шу майдонларда 240 та фермер хўжаликлари фаолият кўрсатадиган бўлди. Жумладан, пахта ва ғаллачиликда 61 та, боғдорчиликда 147 та, сабзавотчиликда 4 та, чорвачиликда 20 та ва бошқа йўналишларда 8 та. Буар тугатилган хўжаликлар бўйича қуйидагича тақсимланди. “А. Навоийда” 41 та, “Т.Шобуров”да 36 та, “Н.Боймуродов”да 79 та ва “Ҳ.Олимжон”да 84 та янги фермер хўжаликлари фаолият кўрсатди.

(Давоми бор).

Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.

Рўйхатдан ўтиш
10 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?
Ҳа
3%
Унчалик эмас
1%
Йўқ
100%
Жами: 2214 овоз берилди.