Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Мустақиллик йилларида ижтимоий ва маданий ҳаёт
Тадбирлар / 2021-06-14

   Республикамизда янгиланаётган жамиятимизни ҳар томонлама етукликка олиб чиқувчи асосий омиллардан бири бу маънавиятдир. Маънавиятнинг бойлиги келажак пойдеворининг мустаҳкамлигидан далолат беради. Бугунги му­стақиллик йилларида эзгу қадриятлар ва анъаналаримиз асосида яратилаётган мустақиллик мафкураси ҳам бой маънавиятимизнинг давомидир. Мафкура ва маънавиятни бойитишда халқимизнинг асрлар оша асраб ва бойитиб келинган боқий анъаналари ва қадриятларининг ҳам ўзига хос муносиб ўрни бор.

   Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов бу масалада тўхталиб: "Халқимиз асрлар оша яшаб келган анъанала­ри, урф-одатлари, тили ва руҳи негизига қурилган миллий мустақиллик маф­кураси умуминсоний қадриятлар билан маҳкам уйғунлашган ҳолда келажакка ишонч туйғусини, одамлар қалби ва онгига етказиш, уларни Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳалолликни, мардликни ва сабр-бардошлиликни, адолат туйғусини, билим ва маърифатга интилишни тарбиялаш йўлида хизмат қилмоғи лозим", - деб таъкидлаган эди.

   Шунингдек, вилоят туманларида ҳам кўплаб драма ва қўғирчоқ халқ театрлари ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. 1968 йилда "Халқ театри унвони"ни олган Жарқўрғон тумани Маданият уйи қошидаги драма халқ театри шулар жумласидандир. Жарқўрғон тумани халқ театри 1999 йилнинг апрель ойида "Қайтар дунё" спектаклининг премьерасини ижро этиб, ҳаётий воқеалар орқали инсон қадр-қиммати, одоб-ахлоқ тушунчалари бериш орқали ёшларимиз тарбиясига муносиб ҳисса қўшди.

   1994 йил 28 июнда вилоят ҳокимининг Республика "Маънавият ва маърифат" жамоатчилик марказининг вилоят бўлимини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Марказнинг бўлимлари туманларда ҳам ташкил этилгач халқ орасида турли тадбирлар бошлаб юборилди. Ўтказилаётган бу маънавий ва маърифий тадбирлар ҳамда туман ижод аҳли билан учрашувлар, ўлка аҳолисини, юрт тарихини ўрганиш, миллий қадриятларни чуқурроқ англаш, кишиларни меҳр-оқибатли, инсоф-диёнатли қилиб тарбиялаш каби жараёнларга алоҳида ҳисса қўшди.

   Туман аҳлига маънавий-маърифий жиҳатдан хизмат кўрсатиш, уларнинг дам олиш вақтларини мароқли ва мазмунли ўтказишда туманда 1932 йилдан бери фаолият кўрсатаётган "Jarqo'rg'on" газетаси (муҳаррири Алишер Поёнов)нинг ўзига хос ўрни беқиёс даражада каттадир. Мустақиллик шароитида туман матбуоти ҳам улкан юксалиш ва тараққиёт палласига қадам қўйди. Нашр қилинаётган газетанинг бадиий савияси яхшиланди, нашр тиражи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Газетада оммабоп рукнлар кўплаб ташкил этила бошланди. 2001 йил 26 июндан бошлаб туманимиз газетаси «Жарқўрғон» деб қайта номланиб (илгари "Жарқўрғон ҳақиқати" эди) замонавий офсет усулида А-2 катта форматда, рангли тарзда Тошкент, Термиз ҳамда Денов шаҳарлари босмахоналарида чоп этила бош­ланди.

   "Jarqo'rg'on" газетасида мустақиллик йилларида Ҳ. Олимжон фермерлар уюшмасидан Жумагул Суюнованинг маиший-ахлоқий мавзудаги мақолалари, "Оққўрғон" сувдан фойдаланувчилар уюшмасидан Нуруллоҳ ҳожи Тўхтаевнинг маърифий битиклари, Қувондиқ Бегалиевнинг (собиқ туман маҳалла қўмита раиси) маҳаллалар ҳаётидан олинган чиқишлари газетхонларга яхши таниш бўлиб қолди. Улардан ташқари Оқтепалик Болта Тангиров, Боботоғ маҳалласидан Боймирза Рўзиқулов, Сурхондан Жаҳонгир Хўжанов, "Тўхта Шобуров"дан Жаҳонгир Жонназаров, “Пахтазавод” маҳалласидан Санам Усмонқулова, 43-ўрта мактабдан Орзигул Мамаюсупова, 31-ўрта мактабдан Насиба Норқувватова, 17-ўрта мактабдан Муборак Ҳайитова, "Ҳ.Олимжон" маҳалласидан Майинхон Саломова, 22-сонли коллеждан Тўра Самадов, “Янги усул” маҳалласидан Жума Усмонов, "Жарқўрғон" сувдан фойдаланувчилар уюшмаси, “Ёшлик” маҳалласидан Матлуба Ниёзова сингари ижодкор тумандошлар ўз мақолалари, хатлари, шеърлари ва ўзлари яшаётган жойлари ҳақидаги янгиликлар билан туман газетасида фаол қатнашиб келишяпти.

   Сирасини айтганда матбуотда қатнашиб туриш ҳар бир кишининг фаол фуқаролик белгисини билдиради. Атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабати, янгиликларга хайриҳоҳлиги, камчилик ва нуқсонларни танқид қилиш ана шу фаоллигида кўринади. Ўткир фикр, ўткир сўз билан жойларда муаммоларнинг ўнгланишига ҳисса қўшишнинг савоби катта бўлади.

   Туман газетасининг ранг-баранг чиқишида ўзларининг ўткир мақолалари би­лан ижод қилган ва қилиб келаётган журналистлар ҳам талайгина. Булар Ш. Муҳаммадиев, X. Худойқулов, М. Маматқулов, А. Холмирзаев ва А. Поёновлардир. "Жарқўрғон" газетаси таҳририяти жамоаси ва мухбирлари ҳамда газетани чоп этаётган матбаачилар туманимиз, воҳамиз ва республикамизнинг ижтимоий-тарихий тараққиётининг ҳамма босқичларида Ватанимиз равнақи ҳамда меҳнаткаш, бағри кенг халқимизнинг фаровонлиги йўлида камарбасталик қилиб келмоқдалар.

   Туманимизнинг ягона нашри бўлмиш газета таҳририяти жамоасининг ижтимоий-маданий ҳаётимизни юксалтириш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш, илғор тажриба ва иш усуллари, илмий-техника тараққиётини тарғиб қилиш, кишиларимиз онгида замонавий дунёқарашни шакллантиришдаги фидойилиги таҳсинга лойиқдир. Бунда устоз қаламкашлар, етук ижодкорларнинг ватанпарварлиги, жасорати ва юксак маҳорати муҳим аҳамият касб этади. Мустақиллигимиз йилларида ўтган бир неча ўн йиллик тарихий тараққиётимизда газетанинг мавзу доираси янада кенгайди. Унинг таъсирчанлиги, ўқимишлилиги ва кўп нусхада чоп этилиши натижасида сифати яхшиланиб бормоқда.

   Туманда адабиётга меҳр қўйиб, баҳоли қудрат ижод қилиб келаётган ижодкорлар талайгина. Улардан - Жумагул Суюнова, Боймирза Рўзиқулов, Рашид Самадов, Қизларой Тиловбердиева, Жума Усмонов, Орзигул Мамаюсупова, Севара Норбоева, Матлуба Нормаматова, Насиба Норқувватова, Мукаррам Хафизова, Жаҳонгир Хўжанов, Жаҳонгир Жонназаров, Насиба Райимқулова, Назира Темирова, Меҳринисо Баримова, Санам Усмонқулова, Ҳаким Қобилов, Матлуба Ниёзова.

   Кейинги йилларда Б. Рўзиқулов, Ирода Хидирова, Севара Норбоева, Отабек Бердиқулов, Райҳона Мамаюсупова, Шаҳноза Қувондиқова, Холмуҳаммад Тоғаймуродов каби ҳаваскор ижодкорларнинг китоблари турли нашриётларда чоп этилди. Устоз ижодкорлардан Болта Тангиров (нафақадаги зироатшунос), Нурилла Тўхтаев, Эргаш Ҳайдаров (шифокор), Жўра Лолаев (меҳнат фахрийси), Файзулла Шерназаров (ўқитувчи), Содиқ Маматмуродов (ўқитувчи), Васила Эрматова (ўқитувчи) синга­ри ижодкорлар ҳам маҳаллий нашрларда мунтазам равишда қатнашиб туришмоқда.

(Давоми бор).

Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Рўйхатдан ўтиш
13 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?