Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Мустақиллик йилларида тиббиёт
Тадбирлар / 2021-07-01

(Давоми).

   Туман соғлиқни сақлаш бўлимига Я. Ж. Қодиров раҳбарлик қилган даврда Республикада тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш бўйича давлат дастури қабул қилинган бўлиб, марказлашган бошқарувдан воз кечиш, тиббиётни қишлоқ аҳолисига яқинлаштириш, тиббиётда хусусий секторни кенгайтириш, хўжалик ҳисобидаги бўлимлар ташкил этиш, уларга юридик мақом бериш масалалари кун тартибидаги бош масала эди. Бу вазифани ҳаётга тадбиқ этишда шифохона маъмурияти томонидан бир қанча ишлар амалга оширилди.

   Хусусан, 1997 йилда уч қаватли тез ёрдам станцияси, "А. Навоий" маҳалласида "Муҳаммад" хусусий шифохонаси, "Ҳ. Олимжон", "Қирон", "Оқтепа", "Сурхон", "Какайди" ҳамда "Исмоилтепа" қишлоқ врачлик марказлари қурилиб, ишга туширилди. Туманда ШТТЁ (Шошилинч тез тиббий ёрдам) маркази, янги болалар поликлиникасининг ишга туширилиши, аҳолига катта қулайликлар туғдирди. 1977 йилда қурилган туман туғруқхонаси биноси туман ҳокими Н.Э.Шомуродов ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида 2001 йилда қайта таъмирланди. 2002 йил­да Я.Ж.Қодиров нафақага чиқиши муносабати билан бош врач вазифасига Ў.X.Бобомуродов, даволаш ишлари бўйича бош врач муовини вазифасига Ў.М.Мўминов, қишлоқ тиббиёти бўйича муовин X.Ш.Алламуродов, "Оналар ва бо­лалар соғлигини муҳофаза қилиш" бўйича муовин вазифасига А.Эшдавлатовлар тайинланди. 2003 йилда болалар поликлиникасига, "Сурхон" қишлоқ шифохонасига, "Исмоилтепа", "Какайди" ҚВПларига юридик мақом берилди.

   Жарқўрғон туман марказий шифохонаси раҳбарияти, унинг кўп сонли жамоаси, бошқа тиббиёт муассасалари шифокорлари ўз касбларига масъулият би­лан ёндошиш, аҳолининг тиббий эҳтиёжларини тўла қондириш, самарали шифо усулларини кенг қўллаган ҳолда уларнинг тезда соғайиб кетишларига, муолажаларнинг сифатли ва самарали бўлишига эришди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳар бир оилада тиббий маданиятни ошириш, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш каби вазифаларни адо этишда бир қанча ютуқларии қўлга киритдилар.

   Жумладан, мактабларда, маҳаллаларда, болалар боғчаларида, корхона ва ташкилотларда "Соғлом турмуш тарзи", "Жисмоний фаоллик - саломатлик гарови", "Оилада тиббий маданиятни ошириш" ҳамда баъзи касалликларнинг келиб чиқиши ва уларга қарши курашиш мавзуларида тарғибот ишлари олиб борилди, учрашувлар ўтказилди, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида, марказий шифохона Акушерлик комплексида Американинг ЮСАИД ташкилоти ҳомийлигида учта хона қайта таъмирланиб, "Ёш оналар мактаби" ташкил этилди.

   Аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича кўрик бригадалари ташкил этилиб, 59545 та болалар, 40158 нафар туғиш ёшидаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди. Йил давомида "Соғлом оила" дастури асосида машғулотлар мунтазам олиб борилиб, "Саломатлик-2" лойиҳаси бўйича 9 та ҚВП да сув заҳираси учун металл идишлар ўрнатилди. Тез тиббий ёрдам маркази учун 2200 минг сўмлик керакли жиҳозлар ва совутгич, ходимлар учун 288 минг сўмлик махсус кийимлар олинди. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни даволаш учун 8993,3 сўмлик бепул дори-дармон тарқатилди.

   Ногиронлар, нафақахўрлар ва уруш қатнашчиларининг соғлигини тиклаш мақсадида Семашко сиҳатгоҳига 64 та, Жайронхона сиҳатгоҳига 6 та йўлланма берилди. Атроф муҳит мухофазасига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида катта ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Шу мақсадда, 188 туп мевали ва 412 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.

   "Сиҳат-саломатлик йили" нинг мантиқий давоми бўлган "Ҳомийлар ва шифо­корлар йили"да халқимизнинг удуми ва маънавий қадриятлари ва анъаналарига хос бўлган саховатпешалик, меҳрибонлик, ногиронларга мурувват кўрсатишдек инсонпарварлик ишлари давом эттирилиб, "Ҳомийлар ва шифокорлар йили" муносабати билан қабул қилинган Давлат Дастурида тиббиёт ходимлари касбининг обрў-эътиборини кўтариш, моҳир шифокорлар, тажрибали ҳамширалар ва санитарларнинг меҳнатларини моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш, уларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш каби мақсадлар ҳам ўз аксини топганлиги Жарқўрғон тиббиёт ходимларини ғоятда руҳлантириб, ўз касбларига, фаолиятларига бўлган масъулият ва талабчанликларини янада оширишга ундади.

   Дастурда белгилаб қўйилган "Тиббий хизмат сифатини оширишда аҳолининг барча табақалари қамраб олиниши ва эркин фойдаланишини таъминлайдиган соғлиқни сақлаш тизимининг замонавий моддий-техника базасини, жумла­дан, хайрия ташкилотлари ва ҳомийларнинг маблағларини жалб этиш ҳисобига янада мустаҳкамлаш ва ундан самарали фойдаланиш" тғрисидаги вазифалар ту­ман тиббиёти раҳбарлари, барча шифокорлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилди.

   Жарқўрғон туманида аҳолига тиббиёт хизмати кўрсатиш соҳасида катта тажрибалар умумлаштирилиб, аҳолининг согғлигини сақлаш масаласида туман ҳо­кимлиги раҳбарлигида ижобий ишлар бажарилди. Туманда 2008 йилда аҳолига хизмат кўрсатиш масаласига жиддий эътибор берилиши натижасида замонавий тиббиёт технологияси, малакали хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланди.

   Тумандаги учта шифохонадаги ўринлар сони 300 та бўлиб, учта поликлиника, 13 та қишлоқ врачлик маркази, иккита аптека бюджет ҳисобида, 2 та қишлоқ амбулаторияси, 30 та фельдшер-акушерлик маркази аҳолига малакали хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Шунингдек туманда соғлиқни сақлаш соҳасида малакали 193 нафар врач, 1400 нафар ўрта тиббиёт ходимлари хизмат қилиб, туман тиббиётининг ривожига ўзларининг билимлари, замонавий тиббиёт хизмати ҳамда инсонпарварлиги, ватанпарварлиги билан муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

   Туман тиббиёт бирлашмасида аҳолига хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида 30478263, 4 млн. сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускуналарни 2005 - 2008 йилларда олиб келиб ўрнатилиб, аҳолига замонавий тиббиёт хизматини юксак даражада ривожлантирди. Жумладан, 2005 - 2008 йилларда ультратовушли текшириш аппарати (УЗИ), Фотоэлектро колораметр, Дистелятор-Т-98-1, Микроском бинокулябрний каби тиббий асбоб-ускуналар шулар жумласига киради.

   Туман ҳокимлиги аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган тиббиёт ходимларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, уларнинг ишлаш, яшаш шароитини яхшилаш мақсадида ибратли ишларни амалга ошириб, мунтазам тарзда тиббиёт ходимларидан муносиб хизмат қилаётган инсонларни давлатимиз мукофотига тақдим этмоқда. Туман тиббиёт соҳасида хизмат қилган Тўхтамишева Розия 2004 йилда II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан мукофотланиб, туман аҳолисига кўрсатган хизматлари ҳамда реанимация хизматларини янада юксалтирганлиги туфайли ушбу мукофотга сазовор бўлди.

   Жарқўрғгон туманидан етишиб чиққан таниқли тиббиёт ходимлари ўзлари­нинг муносиб меҳнатлари, тиббиёт ва табобат илмини мукаммал ўрганиш билан алоҳида ажралиб туради. Тиббиёт мутахассисларининг олиб борган тадқиқотлари табобат илмини ҳар томонлама ўрганиш, инсон саломатлиги учун зарур бўлган дори-дармонларни тайёрлаш, табиатда ўсадиган гиёҳлардан инсонлар саломатлиги учун шифо сифатида фойдаланиш соҳасида ибратли ишлар олиб борилди.

   Ана шундай табобат илмининг етук вакилларидан бири Мирвалиев Собир "Шарқ" табобати марказининг шаклланишига алоҳида ҳисса қўшган табобат марказининг атоқли намоёндаси ва раҳбари, академик табиб Муҳитдин Умаровнинг илмий амалий ва шифокорлик ижоди, қобилияти, даволашдаги самараси, саргузашт ва мўъжизаси-ю, ҳайратлари ҳақида "Танишинг, шояд сиз ҳам шифо топсангиз" номли эссе-ҳикоя асари билан табобат илмига оид илмий фикрларни мужассам этди.

   Муҳитдин Умаров Жарқўрғон туманидаги "Меҳнат-роҳат" жамоа хўжалигида 1949 йил 4 февралда туғилди. Андижон давлат пахтачилик институтини тугатди. Таниқли олим табиатдаги мавжуд гиёҳларни чуқур ўрганиб, унинг шифобахш хусусиятларини илмий жиҳатдан таҳлил қилиб, инсон соғлиги учун фойдали бўлган дори-дармонларни аниқлашда катта ҳисса қўшди. Мустақиллик йилларида туманда тиббиёт соҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлган амалий ишлар бажарилиб, тиббиёт масканлари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, янги даволаш усуллари ташкил этилиб, аҳолига хизмат қилувчи шифохоналар қайта таъмирланиб, янги қишлоқ врачлик марказлари ишга туширилди.

Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Рўйхатдан ўтиш
5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?