Жарқўрғон туманининг салоҳияти юқори бўлишида саноат корхоналрининг ўрни беқиёс. Айниқса, бу ерда ташкил этилган хорижий ва қўшма корхонлар томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш кўрсаткичлари йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса туман иқтисодиётининг юксалишига замин яратмоқда.
Туманда фаолият юритаётган “NORTEX STAYL” хорижий корхонаси томонидан ҳам кўплаб ишлар амалга ошириб келинмоқда. Дастлабки йилларда 4,5-5 минг тонна толани қайта ишлашдан фаолиятини бошлаган корхона, жорий йил якунигача бу кўрсаткични 10 минг тоннага етказишни режалаштирган бўлиб, бу борадаги ишлар ҳозирги кунда жадал олиб борилмоқда.
Бугунги кунда 240 нафар ишчи фаолият юритаётган корхона кунига 15 тонна ип-калава ишлаб чиқармоқда. Бу эса ойига 500 мингдан 700 минг долларгача бўлган миқдорда экспортбоп маҳсулот сотилишига замин яратмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эса Россия, Хитой ҳамда Болтиқбўйи давлатларига экспорт қилиняпти.
-Корхонамизда Швейцария, Испания ҳамда Хитой давлатларидан келтирилган замонавий дастгоҳлар ўрнатилган бўлиб, уларда туманимизнинг турли манзилларидан келган ходимларимиз ишламоқдалар. –дейди биз билан суҳбатда корхона директори ўринбосари Б.Норматов.-Бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда ходимларни ишга олишда асосан ёшларга эътиборни қаратмоқдамиз. Ходимларимиз иш ҳақлари эса ўртача 1200-1500 минг сўмни ташкил этмоқда. Бундан ташқари, 3-сменада фаолият юритаётган ходимларни корхонамизнинг автобусларида ташилмоқда.
Хорижий корхонанинг йиллик даромади 20-25 млрд. сўм атрофида бўлиб, йилига 6-6,5 млрд. сўм солиқ тўлайди. Бундан ташқари ҳомийлик ёрдамлари берилишида ҳам фаол. Жумладан, жорий йилда туман Ижтимоий таъминот бўлимига 10 та ногиронлар араваси совға қилинди, бундан ташқари Термиз шаҳридаги 1-сон болалар уйи тарбияланувчилари учун байрам ташкил этиб берилди.
Корхона томонидан ходимлар учун ҳам бир қатор имкониятлар яратилган бўлиб, уларнинг 20 нафарининг фарзандлари оромгоҳларда дам олиши учун йўлланма, 20 нафар ходимнинг соғлигини тиклаши учун санаторийларга йўлланмалар тақдим этилди. Шунингдек, 25 нафар эҳтиёжмандларнинг ер ва мол-мулк солиқлари корхона ҳисобидан тўлаб берилган. Ходимларнинг дам олишларини таъминлаш мақсадида турли маданий-кўнгилочар ҳамда спорт тадбирлари мунтазам ўтказиб борилмоқда.
Жорий йил якунига қадар корхона маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 10 минг тоннага етказиш учун қўшимча дастгоҳлар олиб келиб ўрнатиши натижасида яна қўшимча иш ўринлари пайдо бўлишига ҳам эришади. Бу эса туман аҳолисининг иш билан таъминланиши учун яратилаётган имкониятлардан бири саналади.
Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024