Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
ДАВЛАТ ТИЛИНИНГ ХАЛҚИМИЗ ҲАЁТИДАГИ ЎРНИ
Тадбирлар / 2021-07-23

   Ўзбекистон Республикасида Давлат тилининг аҳамияти ва унинг халқимиз ҳаётидаги ўрни бениҳоя каттадир. 1989 йил 21 октябрда Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилиши - халқимизнинг миллий  мустақилликга эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Шунингдек, давлат тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилиши таьминлабгина қолмай, Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилувчи ва мамлакатимизга хориждан кириб келаётган барча миллат ва элатларнинг тилларини ҳурмат қилинишини таьминлади. Чегара божхона постлари орқали юртимизга кириб келаётган чет эл фуқаролари ўзбек тилида ёки бошқа жахон тилларида йўловчи божхона декларацияларини тўлдиришлари ва мулоқотда бўлишлари мумкин бўлди. Бугун чегара божхона постларида фуқароларга кўрсатмалар, маълумотлар, хабарлар ва йўловчи божхона декларациялари ўзбек, рус ва инглиз тилларида етказилиши йўлга қўйилган. Бу ҳам бошқа давлатлардан ташриф буюрувчиларга қулайлик ва уларнинг тилларига нисбатан ҳурматни билдиради.

   Маълумки, “Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили бу миллатнинг руҳидир”. Шундай экан, маънавиятнинг кўзгуси бўлган она тилига бўлган муносабат шахснинг маънавиятга бўлган муносабатини ҳам белгилайди, десак муболаға бўлмайди. Камол топаётган ёш авлодга она тилига эътибор ва эҳтиром, унга давлат тили сифатида қарашнинг маъсулияти каби туйғуларни сингдириш ва мустаҳкамлаб бориш долзарб муаммолардандир.

   Бу хусусда кўп ва хўб гапирилган бўлишига қарамай, муаммо ҳамон долзарблигича қолмоқда. Шу сабабдан талабаларда давлат тилига нисбатан онгли муносабатни шакллантириш мақсадида маърифий матнлар тавсия этилмоқда. Матн ва тавсиялардан ўқув дастуридаги “Ҳозирги ўзбек тили таьлими асослари”, “Дунё тиллари тизимида ўзбек тилининг тутган ўрни”, “Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ва бунинг оламшумул аҳамияти” ҳамда “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурида ҳозирга ўзбек адабий тили таълимининг ўрни” мавзуларини ўтишда фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

   Ўзбек тили Ўзбекистонда давлат тилидир. Бу тилда сўзлашувчиларнинг умумий сони 35 миллиондан ортиқ бўлиб, уларнинг асосий қисмини Ўзбекистонда ва унга чегарадош бўлган мустақил давлатларда истиқомат қилиб турган ўзбек тилида сўзлашувчи ва ўзини ўзбек деб билувчи аҳоли ташкил қилади. Ўзбек тили жаҳондаги энг бой ва ривожланган тиллардан бири. Бу тилнинг шаклланишида, айниқса, Алишер Навоийнинг хизмати катта. Буни унинг ушбу мисраларида ҳам билиш мумкин:

Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам.

   Ҳа, ўзбек тили ривожи йўлида бугунги кунда амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳам Ҳазрат Навоийнинг тил ривожидаги амалларининг мантиқий давомидир. Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Бирлашган миллатлар ташкилотининг 72-сессиясида ўзбек тилида маъруза қилгани ҳам бунинг яққол исботидир.

    Ўзбек тилининг такомиллашиш жараёни тўрт асосий манбанинг иштирокида амалга ошган. Ҳозирги фойдаланишдаги ўзбек тили эса уч кўринишга эга бўлиб, биринчидан - шевалардан, иккинчидан - умуммиллий адабий тилдан ва учинчидан - уларнинг қоришмаси бўлмиш кундалик жонли мулоқот тилидан ташкил топган. XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, XX асрнинг 30-йилларигача ўзбек тили янги замон ўзбек миллатининг тили сифатида шаклланди, ўз тараққиёт йўлларини аниқлаб, ривожлана бошлади.

    Жорий йил 1 августдан бошлаб барча иш юритиш ҳужжатлари, оммавий нашрларнинг лотин алифбосига асосланган  ёзувда амалга оширилиши зарурлиги Қонун билан мустаҳкамлангани эса, эндиликда барча ўзбек тилидаги иш ҳужжатлари, даврий нашрлар лотин ёзувида бўлиши учун имкон бермоқда. Шу боис, эндиликда барча ушбу лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини билиши, имло қоидалари билан яқиндан танишишлари зарур бўлади.    

Муҳриддин ҲАКИМОВ, Давлат тили бўйича

Жарқўрғон туман ҳокими маслаҳатчиси.

Муаллиф ҳақида: Ҳакимов Муҳриддин Тўрақул ўғли, 1996 йил Жарқўрғон туманида туғилган, Тошкент ирригатция ва қишлоқ хўжалигини меҳанизациялаш муҳандислари институти  тамомлаган, 2021 йил  май ойидан Жарқўрғон туман ҳокимининг Давлат тили  бўйича маслаҳатчи вазифасида фаолият бошлади.

Рўйхатдан ўтиш
25 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?
Ҳа
3%
Унчалик эмас
1%
Йўқ
100%
Жами: 2214 овоз берилди.