Аввал хабар қилганимиздек, Тожикистоннинг Хатлон вилояти делегациясининг воҳамиз бўлиб турибди. Бугун меҳмонларнинг дастлабки ташрифи Термиз туманидаги муборак қадамжолар жумладан, Султон Саодат ва Ҳаким Термизий мақбаралари зиёратидан бошланди.
Шундан сўнг, меҳмонлар Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Хатлон вилояти раиси Қурбон Ҳакимзода ҳамда Тожикистоннинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода Шеробод туманидаги Имом Термизий мажмуасига ташриф буюрдилар.
Шунингдек, Шеробод туманидаги "Abdulazizov Ziyodullo Baxriddinovich" анорчилик фермер хўжалиги, "Сардорбек Султонбек" масъулияти чекланган жамиятининг анорни қайта ишлаш корхонаси, Ангор туманидаги "Aнгор Сурхон ғурури" пахта-тўқимачилик кластери даласида бўлишиб, бу жойлардаги иш жараёнлари билан танишдилар.
Тушликдан сўнг, Сурхондарё ва Хатлон ҳудудлари ишбилармонларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Хатлон вилояти раиси Қурбон Ҳакимзода, Тожикистоннинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода, икки қўшни вилоятнинг шаҳар ва туманлари ҳокимлари, соҳа раҳбарлари, қатор ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан Сурхондарё ҳамда Хатлон вилоятлари раҳбарлари ўз нутқларида ҳудудлараро савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришнинг, шунингдек, икки вилоят ишлаб чиқарувчилари ресурслари ва технологик имкониятларини бирлаштиришнинг кенг истиқболлари ҳақида сўз юритишди.
Ҳудудлардаги тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаол ҳамкорлик қилиши ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириши муҳимлиги таъкидланди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлигида ташкил этилган Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ишбилармонларининг бизнес-форумида Ўзбекистон ҳамда Тожикистон Республикалари, жумладан, Сурхондарё ва Хатлон вилоятларининг инвестицион имкониятлари, экспорт салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Анвар Орипов ҳамда Хатлон вилояти ҳокимининг ўринбосари Заробиддин Қудрат Файзуллозода иштирокчиларга вилоятлар ҳудудларининг инвестиция, экспорт, туризм салоҳияти ва имкониятлари билан яқиндан таништирдилар.
Тадбир давомида Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари, шунингдек, икки вилоятнинг шаҳар ва туманлари ҳокимлари томонидан ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича меморандумлар имзоланди. Булардан ташқари, форум доирасида сурхондарёлик ва хатлонлик ҳамкорлар билан қатор экспорт ва инвестиция келишувларига ҳам эришилди.
Форум якунида томонлар эсдалик совғаларини алмашишди.
Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024