Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллиги олдидан- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: МАКЕДОН ҚИШЛОҒИ АВВАЛ МАРГАНИЯ БЎЛГАНМИ?
Тадбирлар / 2021-08-17

   Юртимиз заминида қат-қат ётган неча минг йиллик тарих саҳифалари кейинги пайтларда тобора кўпроқ очилаётгани бор гап. Тилга кирган обидалар янги маълумот, ғоя, тасаввур ҳамда янгича талқинларни бизга тақдим этади. Бугунги суҳбатимиз  ана шулардан бири ҳақида.                       

   Милоддан аввалги 4-аср Ўрта Осиёсида аҳолининг жойлашиш жараёнлари қанчалик даражада кечганини англаб этиш қийин, аммо Искандар Зулқарнайн-Александр Македонский юришларини рақам этган муаррихлар аксарият йирик аҳоли манзилларини алоҳида ажратиб кўрсатганлар.   Маргания, Маргиния ёки Маргияна шундай шаҳарлардан бири. Бу ҳақда фақатгина Квинт Куртсий Руф маълумот берган.

   Квинт Куртсий Руф ёзади: «Кейин Ох ва Окс дарёларидан ўтиб, у (яъни Искандар Зулқарнайн) Маргияна шаҳрига келди. Шу атрофдан олтита жойни  – иккитаси жануб томонда, тўрттаси бу шаҳардан шарқда жойлашган – агар ёрдам зарур бўлиб қолса узоқ излаб юрмаслик мақсадида бир-бирига яқин бўлган масофаларда қалъа қуриш учун танлади. Уларнинг барчаси йирик тепаликлар устида, қачонлардир ўзлари устидан хўжайинлик қилган қавмларга энди қул бўлишга бўйсундирилган ва келиб чиқиши ҳамда авлод-аждодини унутиб қўйган қабилаларни жиловлаш учун жойлаштирилди».

   Муаллифнинг тарихда ҳозирча ягона бўлган мазкур маълумоти Маргияна шаҳрининг жойлашиш ўрни бўйича олимлар ўртасида турли хил фаразу тахминларни келтириб чиқарди. Биринчи навбатда бу милоддан илгариги 328-йилнинг баҳорида юнон қўшини Ох ва Окс дарёларидан қаерда кечиб ўтганлиги масаласи эди. Бинобарин, шунга боғлиқ равишда Чоржўйдан то Панж дарёсига қуйиладиган ирмоқ – Кўкчагача бўлган барча кечувлар тилга олинадики, бундан баҳсу мунозараларнинг боши берк кўчага киради ва Куртсий Руф берган маълумот шубҳа остида қолади.

   Муаллифлар гуруҳи 2000 йилда чиқарган «Александр Македонский Маргиянада» мақоласи ушбу масалага сўнгги нуқтани гўё қўйгандек бўлади. Мақолада ҳозирги Марв харобалари ўрнидаги Эркқалъа Маргияна деб, Ох дарёси сифатида эса Келиф Ўзбойининг ўрни кўрсатилади.                                   

   Орадан бир йил ўтар-ўтмас Искандар қурган Маргияна ва олтита қалъанинг ўрни бўйича мунозаралар яна қўзғалиб, у тобора авж олади. Мунозара иштирокчиларидан бирининг айтишича, истилочи қўшинлар аввало, Ох-Қундуз дарёси (кейин ўша жойда юнон Ойхоними пайдо бўлади), шундан сўнг Окс-Панждан ўтишган ва  бинобарин, Маргиянани Ойхоним билан Дарбанд яқинидаги «Темир дарвоза» ўрталаридан, шунингдек, эҳтимол Вахш ёки Ко-фарниҳон дарёлари водийсидан излаш лозим бўлади.

   Аммо, бу ўртада Грене ва Рапен деган олимлар иддао қилишдики, Искандар бир қисм қўшини билан келган Маргания Термиз ва унинг атрофларига тўғри келади, олтита қалъадан тўрттаси Фаёзтепа, Қоратепа, Чингизтепа ва Кичик Чингизтепада жойлашган. Искандар асос солган Окс бўйидаги Александрия ана шу Термиз эмиш!

   Албатта, Эски Термизда қазув ишларини олиб борган ўзбек археологлари бу фикрларни ишончли эмас деб топишди. Шу билан бирга, юқоридаги олимларнинг мунозара учун ёпилган деб ҳисобланувчи масалага чуқур ва ёрқин таҳлиллар асосида яна қайтадан барчада қизиқиш туғдирганликлари, Марганиянинг ўрнини аниқлаш масаласи ечилишига ҳаммадан кўра яқинроқ келганлари ҳам бор гап. Уларнинг бу ердаги хизмати Ох ва Окс дарёлари номларининг келиб чиқишини батафсил таҳлилдан ўтказганликлари, натижада Окс Амударёнинг ўнг ирмоғи бўлган Вахшга, Ох эса чап ирмоғи бўлган Панж дарёсига тўғри келишини аниқлаганликларида кўринади. Панж қадимда Вах деб аталган ва бу ном ҳозиргача унинг чап ирмоғи бўлган Вахандарё номида сақланиб келади.

   Демак, ана шу таҳлилга кўра, юнон қўшинларининг Ох - Панждан кечиб ўтиши Шерхон порти атрофларида, Имомсоҳиб шаҳридан ғарброқда рўй беради, Окс–Вахш орқали эса Тахти Сангин яқинида ўтилган.

   Лекин барибир, Искандар асос солган олтита қаъладан бирортаси ҳам ўша пайтгача топилмади. Бу нарса тадқиқотчиларни Квинт Куртсий берган маълумотларда мавжуд бўлиши мумкин бўлган яширин маъноларни излашга ундади, яъни юнон саркардаси келгуси қурилишлар учун жой танлаганида истеҳкомлар барпо этишни мўлжаллаган, аммо кейинроқ бунга ҳожат қолмаган бўлиши ҳам мумкин эди.

   2001-йил. Бойсундан беш километрча жанубда жойлашган Поёнқўрғон Кушон қалъасининг бир чеккасидан милоддан олдинги 4-аср охирлари–3-аср бошларига оид қатлам аниқлангани ҳақида хабар тарқалди. Орадан икки йил ўтиб эса Поёнқўрғондан 7 километрлик масофада, Бандихонсойнинг  ўнг қирғоғида милоддан олдинги ўша пайтларга тўласича тўғри келадиган қалъа ўрни аниқланади.

   Бу Қўрғонзол эди. Унда топилган сопол буюмлар Искандар даврининг шу пайтгача ўрганилган бошқа ёдгорликларига жуда-жуда ўхшаб кетарди!

   Шундай қилиб, қадимшунослар кўз олдида Бақтриянинг ўша пайтдаги биринчи ва ҳозирча ягона ёдгорлиги намоён бўлдики, у қўшниси Поёнқўрғон каби кейинги қатламлар остида яшириниб қолиб кетмаганди. Яхшилаб текширилган Қўрғонзол сўнгги аҳамоний ва илк эллинистик анъаналарни ўзида мужассам этиши кашф этилади. Қўрғонзол ва Поёнқўрғоннинг қуйи қатлам материяллари, гарчи Шерободдан Дарбандга ўтган йўл ундан олдин ҳам фаолият юритиб тургани аниқ маълум бўлсада, ҳозирги кунда Бойсун ҳудудининг энг қадимий ашёлари ҳисобланади. Бу Мунчоқ қишлоғидаги Мунчоқтепа, Сайробнинг Қалъаи Ҳисор, Дарбанднинг Султонқултепа, Қапчиғайтепа, Темир дарвозага туташ Сувсизтоғнинг Узундара, Саримаснинг Мачайқўрғонида ҳам милоддан олдинги 6-4-асрларга оид қатламлар топилиши мумкинлигига ишора беради.

   Денов минтақасида 2000-2002-йилларда олиб борилган изланишлар Холчаён шаҳарчасининг қуйи қатламларида шу пайтгача маълум бўлган материялларга қўшимча яна 13 та қадимий ёдгорликни беради. Уларнинг милоддан олдинги  6-4-асрларга оидлиги маълум бўлади, яъни юқори Сурхон котловинаси бронза давридаёқ одамлар томонидан ўзлаштирила бошланган.

   Бойсун-Бандихон водийсининг ўзлаштирилиши (бунга, албатта, тош даври топилмалари кирмайди) эса фақат Бойсуннинг тоғолди ҳудудларига яқин жойларда, унинг жануби-шарқий чеккалари, ҳозирги Бандихон ҳудудлари доирасида юз беради. Масалан, маълум ва машҳур Бандихон 1 истиқоматгоҳининг қуйи қатламидан Сополли маданиятининг сўнгги даврига оид бўлган мажмуа лоп этиб чиқиб қолди. Уни юза қатламдан қалингина қум ажратиб турарди.

   Бизни қизиқтирадиган даврга, яъни милоддан олдинги 7-5-асрларга 13 гектар майдонга эга бўлган Бандихон 11 манзили, шу жумладан Киндиктепа қалъаси, 10 гектарлик Ғозимуллатепа (Бандихон 111) ёдгорлиги ҳам кирмоқда. Бу мажмуа ҳали етарли даврийлаштирилмагани, шунингдек, унда қазув ўтказган айрим олимларнинг айрича фикр билдиришларига ҳам қарамасдан Бандихон истиқоматгоҳи милоддан олдинги 6-4-асрларда Денов минтақасидаги Қизилтепа ёдгорлигидан кейин Сурхондарёда иккинчи йирик ҳудуд бўлганлиги тан олинади ва у, шубҳасиз, юнон тарихчиси тилга олган Марганиянинг ўзи бўлиб чиқишга тўла ҳақ-лидир, дейилмоқда. (Юнонлар майдони 50 гектар атрофида бўлган йирик аҳоли манзилига дуч келган эдилар ва уни Искандар Маргания деб номлаган кўринади. Бирдан айтиб ўтамиз-орадан минг йилдан кўпроқ вақт ўтгач эса, бу ерда биз бошқа бир номланишга дуч келамиз-ўрта асрларда тўқимачилик маркази ҳисобланган Дарзанги шаҳрининг аҳолиси кўп, бозори ва масжиди бўлган. Асосий ҳаёт қайнаган даври 9-12-асрларга тўғри келади. 13-асргача одам яшаган. Харобаларини Жарқўрғон туманининг Македон қишлоғи яқинида, Бандихонсой Сурхонга қўшиладиган жой атрофида учратиш мумкин).

   Хуллас, бу ҳолат милоддан олдинги 328-йили Искандар қўшинининг йўналиши шундай бўлганини кўрсатади: Ох(Панж) ва Окс(Вахш) дарёларидан кечиб ўтилган; Кофарниҳон дарёсининг қуйи оқимидаги Қалъаи Мир, Мунчоқтепа ва Хирмонтепа каби ёдгорликларга чиқилган; Сурхон дарёсидан Хожа қишлоғи ёнида кечиб ўтилган; бу ерда, Бандихонсойнинг ўнг қирғоғида,  сўнгги ўрта асрларда қурилган Македон кўпригидан 1,5 км. пастроқда, милоддан олдинги 6-4-асрларга оид юқорида келтирганимиз йирик аҳоли манзилига келинган -ана шу манзилни ҳар томонлама таҳлиллар асосида иш юритган таниқли археолог Леонид Михайлович Сверчков юнон тарихчиси Квинт Куртсий Руф тилга олган Маргания шаҳри бўлиши керак, деган ғояни олға сурди.

   Демак, бундан буёғига эса Искандар бошчилигидаги юнонлар Бандихонсой бўйлаб, унча баланд бўлмаган тоғ тизмалари орасида Қизириқдарадан ўтиб, Бойсун товоқсойининг баланд-паст тепаликлари, Қўрғонзол қалъаси ва Поёнқўрғон қуйи қатламидаги шунга ўхшаш бино тарафларга чиқишади. Жануби-шарқдаги Шерхон портидан шимоли-ғарбдаги Темир дарвозагача қайта тикланган мазкур йўлнинг йўналиши мутлақо тўғри чизиқни ташкил этади. Термиз ва Марв ҳамда бошқа бирор жойда истилочилар учун бундай қулай ва ўнғай ҳолат кузатилмайди. Қалъалар Бандихондан Дарбандгача бўлган йўлнинг муҳофазаси учун қурилган кўринади.

   Зеро, юнонларга ўнгдан, шимоли-шарқдан хавотир солиб турувчи кучли Паретака мамлакатидан кутиладиган доимий хуружлар буни асосий зарурат қилиб қўйган эди.

   Шундай қилиб, Сурхондарё ўнг қирғоғида ўзича айри яшаётган ва ярим мустақил мулклардан иборат бўлган ўша «Гордиев тугун» буюк фотиҳ Искандар Зулқарнайн томонидан Темир дарвозага, Сўғдиёнага йўналтирилган ўзига хос мантиқли аниқ зарба кучи билан ечиб ташланади.

Абдулла ХОЛМИРЗАЕВ, Матбуот фахрийси.

Жарқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Рўйхатдан ўтиш
9 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?