Маълумки, БМТнинг 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан, БМТга аъзо давлатлар ҳар ўн йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Айни пайтда, МДҲ давлатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган. 2019 йилнинг октябрь ойида Озарбайжон ва Беларусь давлатларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказлди. Жорий йилда Арманистон, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларида мазкур тадбирни ўтказиш режалаштирилган.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ҳали бирор марта аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Ушбу тадбир сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда юртимиз аҳолиси 19,7 миллион кишини ташкил этган.
Амалдаги жорий ҳисобга кўра, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра республикамиз доимий аҳолиси сони 33 905,8 минг кишини ташкил этиб, шундан шаҳар аҳолиси сони 17 118,4 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 50,5 %), қишлоқ аҳолиси сони 16 787,4 минг кишини (49,5 %) ташкил этади. Жами аҳолимизнинг 50,2 % ни эркаклар (17036,1 минг киши), 49,8 % ни аёллар (16869,7 минг киши) ташкил этади.
2019 йил давомида республика бўйича туғилган болалар сони 815,9 минг нафарни, вафот этганлар 155,0 минг кишини ташкил этган.
Республика ҳудудлари кесимида, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида 3 878,0 минг кишини (республика жами аҳолиси сонидаги улуши 11,4 %), Фарғона вилоятида 3 752,0 минг кишини (11,1 %) ва Қашқадарё вилоятида 3 280,1 минг кишини (9,7 %)ташкил этди.
Жарқўрғон туман Статистика бўлими.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024