Президент Шавкат Мирзиёев Токиода ўтган XVI Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашув ўтказди.
Маросимда парламент аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар, устоз ва мураббийлар қатнашдилар.
Давлатимиз раҳбари мусобақа иштирокчилари, уларнинг тимсолида бутун халқимизни Ўзбекистон терма жамоасининг Паралимпия ўйинларида қўлга киритган улкан ғалабаси билан муборакбод этди.
– Сизларга олган орден-медалларингиз, кўрсатган жасорат ва матонатларингиз учун катта раҳмат айтаман. Ҳаммамиз олис Токио шаҳрида бўлиб ўтган XVI Паралимпия ўйинларини катта ҳаяжон ва чексиз фахр билан кузатиб бордик. Барчангизга маълум, бу гал терма жамоамиз 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритди. Ана шу қимматли 19 та медалнинг 11 таси, шижоатли спортчи қизларимиз томонидан қўлга киритилгани тарихимизда мисли кўрилмаган воқеадир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз терма жамоаси 160 дан зиёд давлат ўртасида – ўн олтинчи, Осиё қитъаси ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида – тўртинчи, Марказий Осиёда эса – биринчи ўринни эгаллади.
Япон заминида ғолиб спортчиларимиз шарафига ҳар гал мадҳиямиз янграб, Ватанимиз байроғи баланд кўтарилгани қалбларимизни чексиз ифтихорга тўлдирди.
- Мен ушбу тақдирлаш маросимига устозларингиз билан бирга ота-онангизни ҳам чақирдим. Биласизми, ота-она учун энг катта бахт – боласининг камолини кўриш. Ўзингиз ҳам ота-она бўлганингизда яхшироқ тушунасиз. Мен сиздек фарзандларни тарбиялаганлари учун уларга таъзимдаман ва миннатдорман, - деди президент.
Эътиборли томони, Япониядаги қаттиқ карантин қоидалари сабабли нақ 25 нафар паралимпиячимиз мусобақаларда қатнашолмади. Агар улар қатнашганда, медалларимиз янада кўпроқ бўлиши аниқ эди.
— Ўз йўналишларида ғолибликка асосий даъвогар ҳисобланган Лобар Хуррамова, Севинч Салаева, Васила Алибоева сингари дзюдочи қизларимиз шундай сабаблар туфайли баҳсларда иштирок эта олмадилар. Умид қиламизки, улар кейинги сафар ўзларининг нималарга қодир эканлигини албатта исботлашади,- деди президент.
Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024