Ўзбекистон Республикаси Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Жарқўрғон ўқув спорт техника клуби жамоаси хайрли ишга қўл урдилар. Қандай дейсизми, жорий йилнинг 20-сентябр куни клубда тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбир туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамда Жарқўрғон ўқув спорт техника клуби ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, бундан 4 ой олдин ўқишни бошлаган «Темир дафтар»га кирган оила фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлардан 50 нафарига ҳайдовчилик гувоҳномалари топширилди. Гап шундаки, мазкур ҳайдовчилик курсини тамомлаган ёшларнинг ҳайдовчиликни ўрганиш харажатлари туман ҳокимлиги томонидан тўлаб берилди.
Бугунги кунда ҳатто бир нафар ёшни иш билан таъминлаш ёки битта янги иш ўрни яратишга жуда муҳим вазифа сифатида қаралмоқда. Шундай экан, 50 нафар ёшларга ҳайдовчилик гувоҳномалари топширилиши, шунча ёшларни иш билан таъминлаш демакдир. Зеро, халқимизда шундай ҳикмат бор: «Ҳунарли хор бўлмас».
Шунингдек, тадбир ниҳоясида дарсларда фаоллик билан иштирок этган 6 нафар ёшларга Жарқўрғон ўқув спорт техника клуби раҳбари ўринбосари А.Мамадалиев томонидан «Ташаккурнома»лар топширилди.
Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024