Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
Жарқўрғон туман ҳокими Ўрақов Баходир Абдуқаюм ўғлининг 1 октябрь – “Устоз ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан байрам ТАБРИГИ
Тадбирлар / 2021-09-30

   Ассалому алайкум! Азиз устоз ва мураббийлар! Қадрли фахрийлар!

   Аввало, Сиз азизларни, таълим-тарбия соҳасининг барча жонкуяр ходимларини умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

   Ушбу қутлуғ айёмда сиз, заҳматкаш устозларга кўнглимизда, юрагимизда бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларни сўз билан тўлиқ ифода этиш қийин, албатта. Чунки сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир.

   Шу боис бугун сизларнинг шаънингизга билдираётган олижаноб истакларимиз, таъзим ва ташаккурларимизни бутун эл-юртимизнинг чексиз ҳурмат ва эҳтироми рамзи сифатида қабул этгайсиз.

   Азиз тумандошлар!

   Мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда.

   Биз бу жараёнда инсон капиталига эътиборни янада кучайтириш, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этиш борасида муҳим дастур ва лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз.

Масалан, беш йил олдин Жарқўрғон туманимизда мактабгача таълим соҳасида жами 35 та давлат мактабгача таьлим муассасалари  фаолият юритиб келган. Болалар қамрови эса 2618 нафар ёки (15.5%) ни ташкил этган. 2021 йилга келиб, туманда 168 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилган. Жумладан, 48 та Давлат мактабгача таълим ташкилотлари, 117 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари, 2 та Давлат хусусий шерикчилик асосида, 1 та хусусий мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. Ҳозирги кунда туманда 3-7 ёшли болалар сони 20510 нафарни ташкил этиб,  шундан 11 485 нафари (56.0%)ни ушбу мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.

    Мамлакатимизда янги турдаги ва янги сифат босқичидаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари тумандаги Халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларини оладиган бўлсак, охирги 5 йилда 17, 43-сонли умумтаълим мактабларида 2 та 240 ўринли, 65-сонли умумтаълим мактабида 216 ўринли, 59-сонли умумтаълим мактабида 100 ўринли ва 80 ўринга мўлжалланган 32-сонли умумтаълим мактаби филиали, 37-сонли умумтаълим мактаби реконструкция қилиниб, 300 ўринли ўқув бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бундан ташқари тумандаги 9-сонли умумтаълим мактабида 210 ўринли, 48-сонли умумтаълим мактабида 330 ўринли ўқув бинолари қурилиши давом этмоқда.

   Замон талаби ва халқимизнинг хоҳиш иродасидан келиб чиққан ҳолда, Муҳтарам Президентмизнинг ташаббуслари билан таълим тизимида ўлкан ислоҳотлар амалга оширилиб, умумий ўрта таълим соҳасида мажбурий 11 йиллик таълим тизими жорий этилди.

   Сизларнинг олийжаноб меҳнатларингиз эвазига бу йил ўқувчиларимиз томонидан 14 та олтин ва 5 та кумуш медаллар олинди. Олий таълимга ўқишга кириш кўрсатгичи 15 фоиздан 21 фоизга ошди.

   Яна бир муҳим масалага алоҳида эътибор беришларингизни сўрардим. Бугунги кунда устозларимизнинг меҳнатлари Муҳтарам Президентимиз томонидан муносиб тақдирланмоқда.

Жумладан, Муратова Алфия Назгатовна – Жарқўрғон туманидаги 1-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси «Дўстлик» ордени билан, Маматқулова Насиба Алибойевна II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан, Турсунова Манзура Болалар-ўсмирлар спорт мактабининг мураббийси “Шуҳрат” медали билан тақдирланишининг ўзи хам Давлатимиз томонидан устозларга кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

   Бугунги шиддатли замон олдимизга қандай мураккаб вазифаларни қўяётганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Уларни ҳал этиш ва эзгу мақсадларимизга етиш, дунё миқёсида рақобатбардош бўлиш учун халқимизни, авваламбор, ёшларимизни  илм-фан, маърифат ва маънавият, тараққиёт ютуқлари билан қуроллантиришимиз керак.

   Айни шу мақсадда таълим мазмунини тўлиқ янгилаш учун  мамлакатимиз олимлари, тажрибали педагоглар ва хорижий экспертларни кенг жалб қилган ҳолда, Миллий ўқув дастури яратилиб, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда.

   Замонавий дарсликларни яратиш бўйича дастлабки натижаларга эришилиб, жорий йилда бошланғич синф ўқувчиларимиз янги яратилган дарсликлар бўйича таълим олмоқда.

   Таълим соҳасининг яна бир муҳим вазифаси – фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, Ватан ва халқ манфаатларини қатъий ҳимоя қила оладиган, замонавий, кенг фикрлайдиган ёшлар авлодини шакллантиришдан иборат.  Шу сабабли “Узлуксиз таълим тизимида ижтимоий фанларни ўқитиш тартиби ва тамойиллари концепцияси”ни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш объектив заруратга айланмоқда, деб ўйлайман.

   Ҳурматли устоз ва мураббийлар!

   Жамиятимизда боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлиларни бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этмоқдамиз.  Шундан келиб чиқиб, уларнинг ҳурмат-эътиборини ошириш, хусусан, муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини тиклаш, машаққатли ва шарафли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича бошлаган ишларимизни албатта янги поғонага кўтарамиз.

   Сиз, азизларни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, эзгу фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

   Ҳамиша соғ-омон бўлинг, муҳтарам устозлар!

   Эътиборларингиз учун рахмат!

Рўйхатдан ўтиш
17 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?
Ҳа
3%
Унчалик эмас
1%
Йўқ
100%
Жами: 2214 овоз берилди.