Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Занг каналининг тарихига оид лавҳалар
Тадбирлар / 2021-02-22

   Сурхон-Шеробод воҳасининг энг йирик ирригация қурилишларидан бири Занг канали "Жанубий Сурхон сув омбори"дан 28 километр пастда, Жарқўрғон туманининг Арпапоя қишлоғидан бошланади. Занг канали қурилиши тизими икки қисмдан, яъни: юқори ва пастки қисмдан иборатдир. Пастки қисмининг ўзи ҳам иккига бўлинади: Таллимарон каналининг узунлиги 25 километр ва пастки Занг каналининг узунлиги 12 километрни ташкил этади.

   Занг каналининг юқори қисми узунлиги 29 километр бўлиб, Сурхон воҳасидан ўтади ва Таллимарон, пастки Занг каналларининг юқори қисмидаги ерларнинг учдан икки қисмини сув билан таъминлайди, шунингдек, Шеробод воҳа­сининг жанубий чегараларида жойлашган дашт ерларни суғориш имкониятини ҳам беради. Занг каналининг қайта таъмирланиши натижасида, унинг умумий узунлиги 50 километрга етказилди. Занг каналини таъмирлаш, ростлаш ва ҳимоя ишларига кетадиган йиллик харажатлар 500 - 850 минг сўмни ташкил қилиб, 1955 йилда 29 минг киши Занг каналини тозалаш ишларига жалб этилди. 1954 йилда "Средазгипроводхлопок" институти томонидан Занг каналини қайта қу­риш бўйича қидирув, текшириш ишлари амалга оширилди. Шу муносабат билан бош муҳандис Э. М. Бенъяминович раҳбарлигидаги ирригаторлар Занг каналини қайта таъмирлаш ва узайтириш лойиҳасини ишлаб чиқдилар.

   Лойиҳа бўйича "Жанубий Сурхон сув омбори" тўғонидан 28 километр узунликда ва мавжуд Занг каналининг бош иншоотидан 5 километр пастда Сурхондарё ўзанидан сув тақсимлаш тугуни гидроузели қурилди. Канал Сурхондарёнинг ўнг қирғоғи бўйлаб, дастлаб Ховдаг тепалигининг шарқий томонидан айланиб ўтиб Жарқўрғондан 15 километр узунликда, жанубий томондан эса 24, 8 километрга чўзилиб пастки Занг ва Таллимарон бўйлаб оқиб ўтади.

Занг каналининг 25,7 километрида Таллимарон шохи дюкер сув ости кўприги орқали Қорасув дарёсидан ўтиб, Бешқўтон массиви орқали Музработ сойигача узайтирилган ва у 67- километрга етгач сув айирғич билан тугайди. 1955 йилда қабул қилинган янги лойиҳа бўйича Занг каналида 50 та иншоот, Таллимарон шохида 20 та иншоот қурилиши белгиланган эди. Занг магистрал каналини тубдан қайта таъмирлаш ишлари 1962 йилда "Жанубий Сурхон сув омбори"нинг биринчи навбати қурилиши тугаши билан бошланиб, 1962 йилда "Средазгипроводхлопок" интитути Сув хўжалиги министрлиги топшириғи билан 1955 йилги лойиҳа асосида қайта тузатилиб, қўшимча режа асосида тасдиқланди.

Бу лойиҳани амалга ошириш мақсадида 1961 йилда Сурхондарё вилоят ижроия қўмитаси Занг каналини қуриш ва янги ерларни ўзлаштириш учун 800 кишини (шулардан Бойсун туманидан 250 киши, Шеробод туманидан 250, бошқа туманлардан 300 киши) юборди. Қурилиш ишларини режа буйича амалга ошириш ва ташкиллаштириш учун 1960 йилда "Зангстрой" махсус қурилиш монтаж бошқармаси (СМУ - ҚМБ) ташкил этилди. Занг каналини қайта таъмирлаш ишларида Рустам Очилдиев, Рустам Маликов ва Рашид Xўжааҳмедовлар каби қурувчилар жонбозлик билан меҳнат қилдилар. 1963 йилнинг февралида канал қурилишига Шеробод туманининг 4 минг қурувчиси ва 180 автомашинаси келтирилди. 100 нафар колхозчи, 20 дона автомашина “Ленин номли колхоз”дан, 550 нафар колхозчи ва 27 дона автомашина эса “XXII Партия съезди” номли колхоздан, 450 ишчи ва 25 дона автомашина Янгиобод колхозидан сафарбар этилди. Занг каналини қайта қуришга 1963 йилда "Сурханводстрой" С MУдан 2 дона эксковатор, 5 дона бульдозер, 3 та скрепер, "Южсурханводстрой" СМУдан 2 дона эксковатор, 3 дона бульдозер, 1 та скрепер, Термиз туманидан 19 дона бульдозер, Шўрчи туманидан 14 дона бульдозер, 2 та скрепер, 2 та автогрейдер ваэксковаторлар келиб ишлади.

   (Давоми бор).

Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.

Рўйхатдан ўтиш
25 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?
Ҳа
3%
Унчалик эмас
1%
Йўқ
100%
Жами: 2214 овоз берилди.