(Давоми).
1963 йилда Занг каналининг бетонланиши ва кенгайтирилиши натижасида унинг узунлиги 70 километрга чўзилиб, «Комсомолобод» қўриқ савхозигача етди. Унинг сув билан таъминланиши 65 м3сек. бўлиб. 37 минг гектар ерни суғориш имкониятига эга бўлди. 1965 йили минглаб кишилар вилоятнинг муҳим сув артериясини таъмирлаш ва қайта таъмирлаш ишларида иштирок этишдилар. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1963 йил 26 май куни қабул қилган карорида "Жанубий Сурхон сув омбори" орқали қўриқ ерларни суғоришва ўзлаштириш, Занг каналини қайта таъмирлаш ва қўриқ совхозларда ер тайёрлашни тезлаштириш масаласи қайд этилди. Бунда ҳар йили янги совхоз қурилишига давлат 14 млн. дан 16 млн. сўмгача пул ажратди.
Занг канали тизимини яхшилаш ва сувнинг исроф бўлиши олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1964 йил 10 августда махсус қарори қабул қилинди. Кун тартибида Занг каналини бетон қоплама билан қоплаш, сувни исроф қилиш миқдорини кескин камайтириш чора-тадбирларини кўриш масаласи қайд этилди. Ушбу қарор натижасида каналнинг бетон қопламаси туфайли сувни тежаш билан биргаликда ерларнинг мелиоратив ҳолатини ҳам яхшилаш кўзда тутилди. Шунинг учун 1965 йилда "Средазгипроводхлопок” институти Занг канали қурилишини давом эттириш ва қўшимча қайта таъмирлаш лойиҳасини қайта ишлаб чиқди. Қайта таъмирлаш лойиҳасида канал узунлигини 90, 5 километр, ўтказиш хусусиятини эса 85 м3сек .га етказиш белгиланди.
Натижада суғориладиган экин майдонлари 65 минг гектарга етди. Занг каналини қайта таъмирлаш бўйича катта ишлар амалга оширилиб, каналнинг сув ўтказувчанлик имконияти 56 м3сек. дан 73 м3секундга ошди.
Занг каналини бетонлаш ҳар йили 40 млн. м3 сувни тежаш имкониятини берди. Бу эса Учқизил сув омбори фойдалилик ҳажмининг деярли ярмига тенг деганидир. Занг каналини қайта таъмирлашда Шўрчи, Жарқўрғон, Термиз, Денов, Сариосиё ва Бойсун туманларининг минглаб қишлоқ меҳнаткашлари, "Сурхансовхозводстрой" трестининг сув қурувчилари, Сурхон-Шеробод воҳасининг ҳамма автохўжаликлар ҳайдовчилари қатнашдилар. Ишлар мураккаб гидрогеологик шароитларда олиб борилди. Канал ер ости сувлари билан тўлиб, умумий хажми 60 минг м3, сув қалинлиги 0, 5 дан 1 метргача бўлган майдонни ташкил қилди. 1967 йили Сурхон-Шеробод воҳаси бўйича бетон ва темир-бетон билан қопланган каналларнинг умумий узунлиги 700 км. га етди. Бу 1963 йилга нисбатан 11 баробар кўп деганидир. 1967 йил 25 мартда "Жанубий Сурхон сув омбори" Занг магистрал каналининг кенгайган ва бетонланган ўзани бўйлаб сув берди. 1967 йилнинг баҳорида каналнинг 6 километр квадратли жойи бетон билан қопланди.
Йил давомида Занг каналига 21 километр узунликда бетон ёткизилди. Занг каналини узайтириш ва қайта таъмирлаш 1964 йилнинг мартида тугатилди. Бу ишлар "Зангстрой" трести ва "Сурхансовхозводстрой" томонидан амалга оширилди. Бундан ташқари "Спецмонтажстрой", ПМК-2 трести, Занг канали учун алоқа линиялари ва металлоконструкцияларни тайёрлаш ишларини бажарди.
Қайта таъмирлаш ишлари натижасида, Занг каналининг узунлиги 90, 5 километрга, сув ўтказиш қуввати эса 86 м3сек.га етди. Натижада қўшимча минглаб гектар ерлар суғориладиган бўлди. Агар 1958 йилда Занг тизими 27, 1 минг га. ерни суғорган бўлса, 1968 йилда бу кўрсаткич 60 минг гектарга етди. Занг каналининг таъмирланиши ва узайтирилиши натижасида пахта майдони 1958 йилда 20630 гектар бўлиб, 50000 тонна пахта ҳосили олинган бўлса, 1968 йилда пахтанинг Термиз, Ангор ва Жарқўрғон туманларидаги майдонлар 49580 гектарга етказилиб, пахта ҳажми тонна ҳисобида 2, 5 баробарга ошди.
Янги ўзлаштирилган ерларда йирик пахтачилик совхозлари "Янгиобод", "Комсомолобод", "Советобод" ва "А. Набиев" каби совхозлар пайдо бўлди. Янги қўриқ совхозлар 1961 - 1962 йилларда давлатга 230 минг тонна пахта топширдилар. "Зангстрой" қурилиш-монтаж бошқармаси томонидан 1968 йили Занг каналида 1, 8 млн. сўмлик ишлар амалга оширилиб, Занг ва Таллимарон каналларида 731 минг м3 дан кўпроқ тупроқ ишлари бажарилди. Ушбу каналлар учун 70 минг м3 дан кўпроқ ёки 6400 вагон майдаланган тош ва 21 минг тонна цемент сарфланди. 1968 йили Шеробод чўлининг 7-совхозида 2567 гектар янги ерлар ўзлаштирилди. Таллимарон совхозида 700 гектар ва собиқ «Ленин йўли» совхозида 50 гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Занг каналининг қўшимча 5 километри бетонланди. 1962 йилдан 1968 йилларгача Шеробод даштида 30841 гектар қўриқ ерлар ўзлаштирилди. Шундан 1969 йилнинг 1 январгача 15450 гектар майдонга пахта экилди. Ушбу ўзлаштирилган ерларга Занг магистрал каналидан сув чиқарилди. 1975 йилда умумий майдони 35 минг гектар бўлган Музработ ва Болдир массивлари тўлиқ ўзлаштирилиб, Занг канали тармоқлари орқали 80 минг гектар ерни суғориш имконияти яратилди.
Сурхон воҳасининг иқтисодий ривожланиши ва қишлоқ хўжалигининг янада юксалишида Занг каналининг аҳамияти ниҳоят даражада катта бўлди. Занг каналининг қурилишига асос солган ва маҳаллий ирригатор сифатида танилган Шоназар ўғли Исмоил Мирохўрнинг номини абадийлаштириш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг 1994 йил 7 июн 212-сонли қарорига асосан, Занг каналига Шоназар ўғли Исмоил Мирохўр номи берилди,
Шундай қилиб, "Жанубий Сурхон сув омбори"нинг қурилиши ва қадимий Занг магистрал каналининг қайта таъмирланиши, янги Шеробод машина магистрал каналининг қурилишига имконият яратиб берди. Натижада Шеробод даштининг шимолий қисмидаги минглаб гектар қўриқ ерларнинг ўзлаштирилишига шароит яратилди.
Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024