Жарқўрғоннинг бир қисмини чўл зонаси ташкил этади. Бундай жойда ҳосил олишнинг ҳам имкони паст. Бироқ , ана шу чўлларнинг ҳам ўзига яраша табиати бўлади. Унда ўсадиган дарахту буталари мавжуд. Улар бўлмаса саҳро қумлари Сурхондарёда машҳур “Афғон шамоли”да ҳар тарафга учиб, ҳосилдор ерларни ҳам ишдан чиқариши мумкин.
Буни чин кўнгилдан ҳис этган фидоий инсонларимиз борки, улар ана шу саҳролар ўрнида ўсиб ривожланадиган бўталарни экиб, ўзига яраша саҳронинг яшил майдонга айланишида жонбозлик қилишмоқда. Ана шундай инсонлардан бири “Қораянтоқ” маҳалласида яшовчи Номоз ака Жумаевдир. У киши саҳрода бундай ўрмон яратиш фикри қандай пайдо бўлгани ҳақида сўраганимизда эса:
-Бир куни Бухородан одамлар келишди ва бизни мактабда тўплашди. Бизга кассета қўйиб, қумга қарши қандай курашиш мумкинлигини айтиб беришди. Маҳаллада мендан бошқа ҳеч ким қизиқмади ҳам, саксовул экишга тушмади ҳам», — дея гап бошлади Номоз ака. - Бу одамлар ичида ўрмоншунос Абдусалом Норматов ва Глобал экологик жамғарма Кичик грантлар дастурининг (ГЭЖ КГД) миллий мувофиқлаштирувчиси Алексей Волков бор эди.
Абдусалом бизнинг шароитимизда яшаб кўргани учун ҳам ушбу лойиҳанинг илҳомлантирувчиси эди. Унинг чўл босиб келаётгани ва нимадир қилиш кераклигини уқтириб, одамлар дарахт эколмайди, балки томирларни ҳам ўтин учун қазиб олишади. Табиатдан олишади, лекин ҳеч нарса беришмайди, деган фикрлари ёқиб тушди ва бунга менда қизиқиш уйғонди.
Шу ерлик оқсоқолларнинг айтишича, аввал бу ерларда қалин саксовул ўрмонлари бўлиб, кириш хатарли бўлган экан. У ерда йўлбарс ва илвирс каби йиртқичлар ҳам яшаган. Номоз акада ана шундай ўрмонни қайта тиклаш ғояси шундай шаклланди. Маҳаллий тадбиркор ўзининг ерини унга фойдаланишга берди. ГЭЖ КГД кўчатларга пул ажратди. Ва… ҳеч нарса бўлмади. Биринчи йили саксовул кўчатлари кўкармади.
«Мен эккан кўчатлар қуриб кетди. Аввалига тўғри экишни билмаган эканман. Илдизларига озроқ лой қўшиш керак экан. Буни билганимдан кейин яна экишни бошладим», — дейди Номоз ака.
Омадсизлик «қум ишғолчиси"ни тўхтатолмади. 2010 йилда у саксовул ва бошқа чўл ўсимликларини яна эка бошлади. Уч йил ичида 15 мингтача саксовул кўчатларини қўл билан экди.
«Менга фақатгина оилам ёрдам берарди. Ҳамма — ўғилларим, келинларим, невараларим ҳам ишлади. Жуда оғир бўлди», — дея эслайди Номоз ака.
Ҳозирда 50 гектардан ортиқ ҳайбатли ҳудудда ўрмон вужудга келган. Бу ерда саксовуллар жуда баланд — одам бўйидан ошади. Улар атрофида буталар барқ урган, ўсимликлар шамолда тебранади, кемирувчи ва судралувчилар инлари галасига дуч келасиз. Ҳақиқий ўрмон!
Яқинда туманимизга ташриф буюрган хорижлик кузатувчилар ҳам Номоз ака яратган саҳродаги ўрмонни ўз кўзлари билан томоша қилиш, тасвирга олиш учун у кишининг хонадонида меҳмон бўлишиб, чўлдаги яшнаб турган саксовулзорни томоша қилишга ошиқдилар.
Намоз ака Жумаевнинг қилган бу хизматлари ҳукуматимиз ҳамда Халқаро ташкилотлар томонидан рағбатлантирилган. 2018 йилда “Дўстлик” ордени соҳиби бўлди. У киши ҳақида мактабларда дарслик сифатида ўтилаётган 5-синф ўқувчилари учун мўлжалланган “Тарбия” китобида ҳам мақола берилган. Ҳамон саҳродаги ўрмоннинг янада кўркам манзара касб этишида ҳормай-толмай меҳнат қилаётган бу инсоннинг бундан кейинги фаолиятида ҳам ривожлар тилаб қоламиз.
Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024