Мазкур жараён уч босқични қамраб олади. Биринчиси – тайёргарлик босқичи. Бу уч йилга яқин вақт давом этади.
Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала, аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этиши бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.
Иккинчиси – асосий босқич. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади. Мазкур жараён тахминан икки ой давом этади.
Мамлакатимизда 2023 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй юрган ҳолда, юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.
Қарийб уч йил чўзиладиган сўнгги босқичда эса олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил этилиб, натижалар расман эълон қилинади. Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади.
Рўйхатга олувчиларни танлаш масаласи ҳам ниҳоятда долзарб. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига улар бевосита масъул. Бу жараёнга жалб этиладиган ходимлар турли ёшда ва ҳар хил касб эгалари бўлиши мумкин. Шунга қарамай, тадбирга, биринчи навбатда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари, статистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, магистрлар, шунингдек, таянч докторантлар жалб этилиши мақсадга мувофиқ.
Аҳолини рўйхатга олувчилар учун услубий қўлланмалар ва видео дарсликлар ишлаб чиқилади ҳамда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади. Зарур ҳолларда, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади.
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга ҳамда маълумотларни қайта ишлашга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади. Жараённи давлат бюджети маблағлари ва қонун билан таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.
Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотлар уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) эълон қилиниши белгиланган.
Чора-тадбирлар дастурига асосан 2025 йил 1 декабрига қадар аҳолини рўйхатга олиш натижалари расман чоп этилади ва эълон қилинади ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.
Жарқўрғон тумани Статистика бўлими.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024