Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
“ВИЛОЯТ ПРОКУРОРИ КУБОГИ” БАҲСЛАРИ
Тадбирлар / 2022-02-14

   Вилоят ҳокими Т.Боболов ташаббуси билан вилоятимизда сектор раҳбарлари томонидан маҳаллалардаги ёшлар ўртасида турли спорт тадбирлари ўтказилиши белгиланган эди. Шу муносабат билан туманларда сектор раҳбарлари томонидан турли тадбирлар ўтказилмоқда.

   Бугун Жарқўрғон туманидаги Болалар-ўсмирлар спорт мактабида туманимиз маҳаллаларидаги ёшлар ўртасида “Вилоят прокурори кубоги” учун спорт ҳамда маънавий-маданий тадбирлар ташкил этилди.

   Тадбирларни туман ҳокими Б.Ўрақов ҳамда туман прокурори Б.Ҳайдаровлар очиб беришиб, жамоаларнинг барча тадбирларда юқори натижаларни қўлга киритишларида омадлар тилашди. Шундан кейин мусобақаларга старт берилди. Унда минифутбол баҳсларида 8 та жамоа саралаш баҳсларида иштирок этишиб, ғолиблик учун баҳс олиб бордилар. Маҳаллалар қизлари ўртасида ҳам шунча жамоа волейбол спорт тури бўйича беллашишиб, ўз маҳоратларини намойиш этишга киришдилар.

   Маданият соҳасидаги баҳслар махсус ажратилган саҳнада ташкил этилиб, санъатга ошуфта ёшлар ўртасида соҳадаги иқтидорлар ижодлари синовдан ўтказилган бўлса, бир томонда “Ёш китобхон” танлови, яна бошқа томонда “Заковат” баҳслари ташкил этилди. Расм чизиш устаси бўлган санъат шайдолари эса ўз ижод намуналарини намойиш этдилар. “Бир нуроний – ўн нафар ёшга мураббий” тадбирида нуронийларнинг ёшлар билан учрашувлари бўлиб ўтди.

    Шунингдек, арқон тортиш, тош кўтариш, куч синашиш каби бир қатор миллий спорт баҳслари ташкил этилгани эса, ёшларнинг бўш вақтлари сермазмун ўтишига хизмат қилди.

    Тадбирлар бирин-кетин якунланаркан, йўналишлар бўйича ғолиблар ҳам аниқ бўлиб бошлади. “Ёш китобхон” танловида 3-ўрин С.Назарбоевага, 2-ўрин Ш.Абдиғаппорова ҳамда М.Тўраевага, 1-ўрин эса А.Қобиловга насиб этди. “Заковат” интелектуал баҳсларида “Порлоқ юлдузи” жамоаси 3-ўринни, “Истиқлол” жамоаси 2-ўринни, “Марказий сурхон” жамоаси эса 1-ўринни эгалладилар. Маданият бўйича баҳслари рақс, фольклор ва миллий созлар йўналишларида ташкил этилиб, ғолиблар аниқланди. Бунда “Марказий сурхон” маҳалласининг фольклор жамоаси 3-ўринни, “Улуғбек” маҳалласининг “Миллий созлар” жамоаси 2-ўринни, “Сурхон ғунчалари” рақс дастаси эса 1-ўринни эгаллашди.

   Қизлар ўртасида ташкил этилган волейбол мусобақасида 3-ўрин “Кунчиқиш”, 2-ўрин “Марказий сурхон”, 1-ўрин “Қорақурсоқ” жамоаларига насиб этган бўлса, арқон тортиш баҳсларида 3-ўрин “Истиқлол”, 2-ўрин “Сурхон соҳили”, 1-ўрин “Порлоқ юлдузи” жамоаларига насиб этди. Минифутбол мусобақасида 3-ўрин “Сурхон соҳили”, 2-ўрин “Кунчиқиш”, 1-ўрин “Қорақурсоқ” жамоаларига насиб этди ҳамда 1-ўрин эгалари “Вилоят прокурори кубоги” соҳибига айланишди.

   Тадбирлар тадбирларга уланиб кечга қадар кечган баҳслар якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, вилоят прокурори С.Турдиев томонидан диплом, медаль, қимматбаҳо совғалар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар.     

   Тақдирлаш маросими давомида туманимиздаги маҳаллаларда фаолият юрита бошлаган ёшлар агентлиги вакилларига хизматда фойдаланишлари учун “планшет”лар ҳам тақдим этилиб, уларнинг ўз маҳаллаларида ёшлар билан янада фаол ишлашлари учун омадлар тиланди.

Жарқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Рўйхатдан ўтиш
13 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?