Жарқўрғон тумани ҳудудида ўтган йилда содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиши сабаблари таҳлил қилинганида, 26,4 фоизини ёшлар, 5,9 фоизини муқаддам судланганлар, 1,3 фоизини маст ҳолатдаги шахслар амалга оширгани, айниқса, аёллар томонидан ҳам содир этилган жиноятлар мавжудлиги маълум бўлди. Ишсиз шахслар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари туман миқёсида ўсиб бораётганлигини инобатга олган ҳолда (2021 йил давомидаги умумий жиноятларнинг 24,6 фоизи ишсизлар томонидан содир этилган) туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари ташаббуси билан туман ИИБ биносида муқаддам судланган, спиртли ичимликка рўжу қўйган шахслар, ишсиз аёллар ва ёшларни жалб қилган ҳолда бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди.
Ушбу ярмаркада 480 та бўш иш ўринлари учун 98 нафар муқаддам судланганлар, 78 нафар спиртли ичимликка рўжу қўйганлар, 43 нафар пробация ҳисобида турганлар, 61 нафар ишсиз аёллар ва 142 нафар ишсиз ёшлар, жами 422 нафар ишсиз бўлган шахслар қатнашди.
Ўтказилган меҳнат ярмаркасида 15 нафар фуқаро “Сурхонтекс” ва “Нортекс” маъсулияти чекланган жамиятлари томонидан, 1 нафар фуқаро туман Маданият ишлари бўлимига, 12 нафар фуқаро туман Тиббиёт бирлашмасига, 2 нафари туман Ободонлаштириш бошқармасига, 71 нафар фуқаро туман Халқ таълими бўлимига қарашли мактабларга ва 17 нафар фуқаро туман Мактабгача таълим бўлимига қарашли Мактабгача таълим ташкилотларига доимий иш ўринларига жойлаштирилди.
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.
© Жарқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024