Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
ҚОНУНЛАР – ХАЛҚҚА ХИЗМАТ ҚИЛМОҒИ ЛОЗИМ

   Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисида қабул қилинган қонунлар аҳолининг яшаш тарзини яхшилаш, қулайликлар яратишга қаратилмоқда. Шу боис уларни кенг оммага тарғиб этилиши маҳаллий Кенгаш депутатлар томонидан маҳаллаларга борган ҳолда, бир сўз билан айтганда “Маҳаллабай” тарзда амалга оширилмоқда.

   Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга қилган мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қонун ва қарорлар бевосита аҳолимизнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган бўлиб, жойларда уларнинг мазмун моҳияти кенг миқёсда тарғиб этилгандан сўнг, Мурожаатдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида қабул қилинган қонунлар моҳиятини тушунтириб бериш юзасидан ҳам маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишлар олиб борилмоқда.

    Жорий йил 5 февраль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида Сенат аъзолари томонидан 20 та масала, шу жумладан, 6 та қонун муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисида қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини халққа етказиб берилишида туман депутатлари белгиланган график асосида маҳаллаларимизда доимий тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борилди. Бу эса аҳолининг сиёсий билимининг юксалишига, улар томонидан билдирилган таклифлар асосида эса қилиниши лозим ишлар белгиланиб, қонунларни мукаммал бўлиши учун муносабатлар тингланди. Шу асосда фикрлар жамланиб, таклифлар сенаторларга етказилди.

    Йиғилишда кўриб чиқилган асосий масалалардан бири Марказий сайлов комиссияси раиси ва комиссия таркибига ўзгартиришлар киритиш бўлган бўлса,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) сайлаш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раисини сайлаш тўғрисидаги бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Шундан сўнг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинди.

   Шунингдек, Сенаторлар томонидан жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига сўров юборилиб, уларнинг муаммоларни ўз вақтида бартараф этилишига эътиборни кучайтириш масалалари ҳам қизғин муҳокама қилинди.

    Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига кўмаклашиш, халқаро ва парламентлараро ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш, халқ билан мулоқот, хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ОАВ, жумладан, ижтимоий тармоқларда кўтарилган муаммоларга муносабат билдириш, зарур ҳолларда муаммо ечимига бевосита масъул бўлган мутасадди вазирлик ва идора раҳбарларининг ахборотини Сенат ёки қўмита мажлисларида эшитишга доир таклиф ва ташаббусларни илгари суриш лозимлиги Сенат йиғилишида алоҳида таъкидланди. Бу эса барча қонунчиликдаги ўзгаришлар очиқ-ошкара халққа етиб бориши учун асосий тамойил бўлиб хизмат қилиши тайин.

Н.ШОМУРОДОВ, туман Кенгаши депутати, меҳнат фахрийси.

Рўйхатдан ўтиш
1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?